Андижон вилояти Ўзбекистоннинг аҳолиси энг зич ҳудуд ҳисобланади. Юртимиз аҳолисининг 10 фоизи ана шу вилоятда яшайди, бироқ унинг ҳудуди мамлакатнинг 1 фоизини ташкил қилади.
Бу шароитда одамларни уйли қилиш, уларнинг таълими, соғлиги ва бошқа ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш ўта муҳим.
Шу сабабли, Президент ташаббуси билан Андижон туманидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 4 минг гектар майдонда замонавий мегаполис қурилмоқда. 2021 йилда бошланган ушбу улкан лойиҳа саккиз босқичда амалга оширилиши режалаштирилган, муносиб ҳаёт шароитини яратишга қаратилган улкан дастурдир.
Бугунга келиб 63 та кўп қаватли уй қурилиб, 1 770 та хонадон фойдаланишга топширилди. Янги шаҳарда барпо этилган 1 680 ўринли мактаб ва 420 ўринли боғча эса болаларга замонавий таълим ва тарбия олиш имконини яратмоқда. Замонавий поликлиника аҳолига сифатли, тезкор ва қулай тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Лойиҳа шу билан чекланиб қолмайди: яна 2 мингта кўп қаватли тураржой қурилади. Барча қурилиш ишлари якунлангач, шаҳарчада 410 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиши мумкин бўлади.
Бу шаҳар ўзига хос улкан марказга айланиши кутиляпти.
Изоҳ (0)