Актриса Муқаддас Холиқовага фидокор ва сабрли аёл деган таъриф жуда мос келади. Сабаби узоқ йиллик ижоди ва ҳаётидаги қийинчиликлар уни синдирмади, балки янада кучли бўлишга ундади. Кичик ёшида етим қолган, уч бора юрак хуружини бошидан ўтказган, турмуш ўртоғининг хасталиги билан синалган, шунга қарамай ижоддан тўхтамаган Муқаддас Холиқовани кучли ўзбек аёли тимсоли, дейиш мумкин. Актриса 14 апрель санасида 65 ёшни қаршилади.
Болаликдаги юрак хасталиги санъат оламига етаклаган
У соғломлаштириш марказидаги беморларга кичик концертлар қўяр эди.
Муқаддас Холиқова 1960 йил 14 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Оилада кенжа фарзанд бўлиб, бир акаси бўлган. У 9 ёшида отасидан айрилган, шундан сўнг ҳаёт қийинчиликлари билан рўпара келган. Ёшлик йилларида юрак хасталиги сабаб Наманганда даволанган ва ўша ерда беморлар учун ташкиллаштирилган тадбирларда қатнашган. У Наманганда даволаниб қайтгач, актриса бўлиш орзусида театр тўгарагига аъзо бўлган. Мактабни тамомлагач эса 1977–1981 йилларда Тошкент санъат институтининг театр ва кино актёрлиги факультетида таҳсил олган.
Актрисанинг театр саҳнасидаги баракали ижоди
Муқаддас Холиқова олийгоҳни тамомлагач, 1981 йили Ўзбек давлат академик драма театрига йўлланма олди ва шу театрда ўз меҳнат фаолиятини бошлади.
У илк йилларданоқ театрнинг етакчи ёш актёрига айланиб, театр саҳнасида 80 дан зиёд образлар яратди. У театрда саҳналаштирилган “Ўткан кунлар”да Тўйбека, “Отелло”да Эмиля, “Чимилдиқ”да она, “Андишали келинчак”да аёл, “Келинлар қўзғолони”да Сотти, “Кўнгил”да Зуҳра каби ролларни ижро этди. Кинода ҳам муваффақият қозонган Муқаддас Холиқова “Севгинатор–2”, “Бойвачча”, “Амакиваччалар”, “Тақдир чархпалаги”, “Улфатлар”, “Улфатлар-2”, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” каби фильм ва сериаллардаги ролини маромига етказган.
“Оиланинг ёзилмаган қонунларига амал қилинсагина турмуш гўзал кечади”
Актриса Муқаддас Холиқова 1990 йилда Адҳамжон исмли инсонга турмушга чиққан. Уларнинг турмушидан учта қизи бор.

— Биринчи ўринда эркак ва аёл муроса қилишни ўрганиши шарт. Оила ришталари билан бир-бирига боғланган. Инсон буюм эмаски, уларни алмаштириб, бошқасини сотиб олса. Буни англаб етиш учун, албатта, вақт ва мулоҳаза керак. Инсонни яхши ва ёмон одатлари билан қабул қилишни ўрганиш лозим. Мисол учун, турмуш ўртоғим ҳар гал туғилган кунимда нима совға қилишни ўзимдан сўрайди. Унга қизларимнинг аччиғи келиб “Дада, бундай сўрасангиз, сюрприз бўлмайдик-у” дейишади. У киши эса менга кутилмаган совға қиламан, деб бор нарсани харид қилиб қўйишдан чўчийдилар. Болалар ёш, бу ҳолатни қаердан ҳам тушунишсин. Мен эса у инсонни ҳозирги ҳолатда қабул қилиб бўлганман. Романтика-ю, “сюрприз”ларнинг ҳожати йўқ. Агар ҳар бир оилада ана шу ёзилмаган қоидаларга амал қилинса, яшаш ва муаммоларнинг ечими осонлашади, деганди у турмуш ўртоғи ҳаётлик чоғида.
“Турмуш ўртоғимнинг кўзлари тўсатдан кўрмай қолганди”
Актриса турмуш ўртоғининг кўзи кўрмай қолгани, шундай бўлса-да, у ўта зеҳнли, идрокли инсон бўлгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

— 2010 йилда акам ва онамни йўқотганимда инфаркт бўлдим. Кейин тўсатдан турмуш ўртоғимнинг кўзлари кўрмай қолди. Ўшанда ҳам сиқилиб инфарктни бошимдан ўтказдим.
Бир куни қизларимиз, невараларимиз — ҳаммамиз дастурхон устида ўтирибмиз. Шу пайт дадаси бир чўчигандек бўлиб, “Чироқ ўчдими?”, дедилар. “Йўқ, дадаси”, десам, “Кўз кетибди”, дедилар. Шундан сўнг ҳеч нарсани кўрмай қолдилар. Қизларим ўтирган жойида йиғлаб, жойидан туриб кетди. Лекин шу одам бизга оғирлигини туширмасликка ҳаракат қиларди. Залдан ошхонага, ҳожатхонагача неча қадам эканлигини санаб чиқардилар. Биз ишга кетганимизда овқатларини ўзлари еб, ошхонага олиб бориб, идишларини ювиб қўярдилар. Гоҳида бундай ишларни соғ одам қилмайди. Ейди, қўяди, кетади.
Улар жуда ҳам озода инсон эдилар. Қайнонам раҳматли “Адҳам билан роса қийналасиз, роса озода бу”, дердилар. Кўзлари ожиз, 1-гуруҳ ногирони, лекин менга “Мана бу ишни қилмабсан, чангни артмабсан”, дердилар. Бир куни “Дадаси, сизнинг устингиздан ёзиб бераман”, дедим. “Нимага?”, дедилар. “Биринчи гуруҳ ногирониман деб пенсия оласиз, лекин мана шу чангни кўряпсиз”, дедим. Иккаламиз ҳам кулиб юбордик. Биз шундай яшардик. 34 йил яшаган бўлсак, бирон марта қаттиқ уришмаганмиз. Чунки шунақа вазиятлардан ҳазил-ҳузул билан чиқиб кетардик, дейди актриса.
“Ўлим билан юзма-юз келиб, марҳум онам билан суҳбатлашдим”
Муқаддас Холиқова ва Адҳам Холиқов салкам 34 йилга яқин ҳаёт кечирди. Актрисанинг турмуш ўртоғи 2023 йилнинг 23 майида оламдан ўтди. Актриса касалхонада ётган пайтида марҳум онаси билан суҳбатлашгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

— Учинчи хуружни дадаси ўтганларида бошдан кечирдим. Мен бунақа нарсаларга кўникувчан, сабрли одамман. Ҳаётга нолимасдан қарайман. Ўзимча ўйлайман, сабрим ҳаётимдаги катта ютуғимдир.
Ўлим роса осон, зўр кетиш. Касал бўлиб ётганимда буни яққол ҳис қилганман. Қайтгим келмаган. Кўзимни юмганман, кетганман. Тушимми, ё хаёлимми тушунмай қолганман. Ётсам келинойимнинг раҳматли онаси келиб, “Шунча иши бор-у, буни ётишини қара”, деган. Раҳматли онам ҳам “Тур, ўрнингдан”, деганлар бошимга келиб. “Опа, чарчадим, бирпас дам олай”, деганман. Шунинг орасида келинойимнинг онаси келиб “Тавба, чўзилиб ётишини” деганида улардан уялиб кўзимни очганман. Анча пайтгача бу тушмиди ё ўнгиммиди тушуна олмаганман. Ўшанда нимагадир кетгим келган. Лекин мен айтаманки, “ўлим роса осон экан, фақат Аллоҳим ётқиздирмасин, термилтирмасин, елдай келиб, селдай олиб кетсин”. Ётиб қоладиган бўлсангиз, болаларингиз қарайди. Лекин “Эй, қачон кетаркан” дегилик қилмасин. Шу нарса юрагидан ўтмасин, деб ният қиламан. Ўлим ҳақ. Ҳеч ким ўлгиси келмайди, яшагиси келади. Хаёлида ўйлайди: “Мендан кейин одамлар қолиб кетадими, қийналадими?”. Йўқ, сендан кейин ҳаёт давом этади, одамлар яшайверади. Шунга одам кўникиши керак. Шундагина чиройли кетасиз, дейди актриса.
“Қизим, мен онаси эканлигимни яшириб, санъат институтига кирган”
Муқаддас Холиқова кенжа қизи Зебинисони 2021 йилнинг 21 февраль куни турмушга берди. Зебинисо Холиқова ҳам онаси билан биргаликда Ўзбек миллий академик драма театрида актриса сифатида фаолият юритади.

— Бу қизимдан актриса бўламан, деган гапни эшитганимда жуда ҳайрон бўлганман. Чунки опа ва синглисига нисбатан бу оғир-босиқ эди. Жуда беғам ва бир оз бепарво, десам ҳам бўлади. “Шу ердан жилмасдан ўтир” десам, чақирмаганимча жойидан қўзғалмасди ҳатто. Зебинисони ҳеч тасаввур қилмагандик. Дадаси эса унинг мақсадини қўллаб-қувватлади. Менга “Сен санъаткор бўлиб ёмонлик кўрмадинг, нега унга қаршилик қиляпсан” деган гаплари ҳозиргача эсимда. Менга айтмасдан институтга бориб, ҳужжатларини топширган, имтиҳонларга ҳам кириб чиққан. Ўшанда, имтиҳон олувчи устозлари “Муқаддас Холиқова сизга ким бўлади?” дейишганда, “Қўшнимиз бўлади” деб жавоб қайтарган экан (кулади). Йиллар ўтгандан кейин, “Сизлар рухсат бермагансизлар” деган армонлари бўлмасин, деб мен ҳам рози бўлдим. Ўзидаги хоҳиш ва интилишнинг кучи бугун мени бир оз хотиржам қиляпти. Ўзи эса ижодини бошлашдан аввал “Ҳали сизга яхши санъаткор бўлишимни исботлайман” деган, дейди актриса.
“Набирамнинг ҳам актёрлик маҳорати жуда кучли”
Муқаддас Холиқова набиралари билан вақт о`тказса, ўзи ҳам болага айланади.
— Бу мавзуда гапириш қайси бувига ёқмайди. Бола каби ёқимли ва ширин неъмат бўлмаса керак дунёда. Улар билан вақт қандай ўтганини билмай қоламан. Ҳар бири алоҳида бир дунё. Тўнғич набирам Камронбек жуда ақлли, зеҳни ўткир. Катталар гапига қулоқ илиб, танбеҳ эшитишни ёмон кўради. Шунинг учун ҳам шўхлиги камроқ. Укаси эса унинг акси. Театримизда “Мирзо Улуғбек” спектаклининг репетициясига олиб келган эдим. Ролимнинг гапини ёдлаб олибди. Уйга борсак, бошига рўмол ўраб, ролга киришиб кетди. Актёрлик маҳорати жуда кучли. Кенжа қизимнинг қизи эса умуман бошқа дунё. Бир ойда бир келса ҳам меҳр кўрсатиши жуда бошқача.
“Актёр сафимиз камайиб бормоқда”
Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Муқаддас Холиқова 2020 йилда коронавирусга чалинган эди. У Тошкент вилояти Зангиота туманидаги шифохонада даволанган.
— Касалликка чалинган пайтимда сиқилмасин деб актёр Абдураим Абдуваҳобовнинг вафот этганини мендан яширишган экан. Кейин эшитдим. Сафимиз камайиб бормоқда. Жуда яхши актёр, меҳрибон ҳамкасб, қадрдон укам эди, дейди актриса.
Муқаддас Холиқова ҳанузга қадар ижодни тўхтатгани йўқ. У афсонавий “Сетора” гуруҳининг декабрь ойида ўтказилган концертида қатнашди. У ҳамкасби Теша Мўминов билан “Бибихоним” қўшиғи садоси остида тарихий саҳна кўринишида рол ижро этди.

Нафақат спектакл ва фильмлардаги, балки миллий урф-одатлардан бири келинсалом айтиши билан ҳам мухлислар меҳрини қозонган Муқаддас Холиқованинг келинсалом ўтказиб бериш нархи 300 доллар қилиб белгиланган.

Изоҳ (0)