Татаристонда оғир касалликка чалинган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда қилмоқда “Дунё” АА хабар берди.

1968 йилда туғилган Х.И. вақтинча ишлаш учун Татаристонга келган. Иш жараёнида соғлиғида кузатилган жиддий муаммолар туфайли шифохонага ётқизилган. Бемор Ўзбекистонга қайтаришларини сўраб, мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилган.
Бош консулхона ходимлари ватандошимизни Ўзбекистонга қайтаришга қаратилган тиббий тайёрлов жараёнларни шифокорлар билан ҳамкорликда мувофиқлаштириб, зарур консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдамни қисқа вақт ичида якунлади.
Ўзбекистон Бош консулхонаси, Uzbekistan Airways авиакомпанияси ваколатхонаси ва Миграция агентлиги вакили билан биргаликда Х.И.нинг Қозон–Тошкент авиайўналиши бўйича оиласи бағрига соғ-саломат етиб олиши таъминланди.
Ўзбекистонга қайтарилаётган фуқаролар
2025 йилнинг бошларида Россиянинг Тива Республикаси Оқ Довурак шаҳрида вақтинча ишлаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Фуқароларнинг яшаш жойида содир бўлган кучли ёнғин натижасида уларнинг ҳужжатлари, шу жумладан, паспортлари йўқолган.
27 февраль куни Маккада оғир касалликка чалинган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Февраль ойи охирида Россияда икки боласи билан қийин вазиятда қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди.
2025 йил 5 март куни Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Март ойининг ўрталарида Новосибирскдаги Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Саха республикаси Нерюнгри шаҳрида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган она ва унинг тўрт нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. 17 март куни ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар вояга етмаган бола Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 30 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Изоҳ (0)