Дисней мультфильмлари болалик хотираларимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ҳар бир малика, ёвуз қаҳрамон ёки жасур йигит каби қаҳрамонларнинг аксарияти фақат аниматорларнинг тасаввуридан эмас, балки реал ҳаётдаги машҳур шахслар тимсолида яратилган. Уларнинг ташқи кўриниши, ҳаракатлари, ҳаттоки характери ҳам аниқ прототипларга асосланган. Қуйида севимли қаҳрамонларимиз аслида кимдан илҳомланиб чизилганини билиб оламиз.
Оловуддин — Майкл Ж. Фокс ва Том Круз

Дисней аниматорлари дастлаб Оловуддин қаҳрамонини “Келажакка қайтиб” фильмидаги Майкл Ж. Фокс образидан илҳомланиб яратган. У 13 ёшли, қувноқ кўча ўғриси сифатида тасвирланган. Аммо у малика Жасминни севиб қолиши бу ёшдаги бола учун ёт бўлган, шу сабабли бу образни қайта кўриб чиқишга тўғри келган.
Оловуддинга бир неча йил қўшиш ва янада келишган йигитга “айлантириш” учун киночилар Том Крузнинг ташқи кўриниши андоза олган.
Жасмин — Женнифер Коннелли

Султон Аграба қизининг прототипи актриса Женнифер Коннелли бўлган, ўша пайтда у “Лабиринт” фильми орқали машҳур эди.
Жин — Робин Уильямс

Робин Уильямс “Оловуддин” мультфильмидаги жин қаҳрамонига овоз бериб қолмай, балки образни ўзининг кулгили ҳазил-мутойибалари ва мимикалари билан ҳам бойитган.
Ариэл — Алисса Milano

1989 йилда чиққан “Сув париси” мультфильмида ёш малика Ариэл образини яратишда “Сеҳрланганлар” сериали юлдузи Алисса Milanoнинг суратларидан фойдаланилган. Ўшанда актриса атиги 16 ёш бўлган.
Урсула — Дивайн

Ҳайбатли денгиз жодугари — Урсула образи дарҳол пайдо бўлмаган. Дастлаб уни тиканли ёки қанотли қаҳрамон қилиб чизмоқчи бўлишган. Сўнг Дивайн (асл исми Ҳаррис Гленн Милстед) ташқи кўринишидан илҳомланишган.
Оппоғой — Марж Чемпион

1937 йилда чиқарилган биринчи тўлиқ метражли “Оппоғой ва етти гном” мультфильми даврида ҳали кино саноати ва технологиялар яхши ривожланмаган эди. Шунинг учун Уолт Дисней раққоса ва актриса Марж Чемпионни жонли модел сифатида таклиф қилган. Уни 200 нафар аёл-қизлар орасидан танлаб олишган. Марж нафис кўйлакларда саҳналаштирилган рақс эпизодларини ижро этган, сўнг кадрлар анимацияга айлантирилган.
Покаҳонтас — Ирен Бедард

1995 йилда намойиш этилган “Покахонтас” мультфильмида бош қаҳрамонни фақат овоз эмас, балки мимика ва ҳаракатларда ҳам америкалик актриса, эскимос ждодлари бўлган Ирен Бедард ижро этган.
Золушка ва Аврора — Ҳелен Стенли

Раққоса ва актриса Ҳелен Стенли иккита машҳур мулт қаҳрамонларнинг жонли модели бўлган: билар “Уйқудаги гўзал” — Аврора ва “Золушка”даги бош қаҳрамон.
Малефисента — Элинор Одли

Бугунги кунда кўпчилик Малефисента образини фақат Анжелина Жоли билан боғласа-да, дастлаб образ яратилишига илҳом берган актриса Элинор Одли бўлган. Унинг мағрур ва совуққон қиёфаси 1959 йилги мультфильмга асос бўлган. У Малефисента образига овоз ҳам берган.
Питер Пен — Бобби Дрисколл

Ўша даврда “Дисней боласи” деб аталган, “Жануб қўшиғи”, “Хазиналар ороли” каби фильмларда рол ўйнаган Бобби Дрисколл ҳеч қачон улғайишни истамаган Питер Пен образига прототип бўлган. Бу мультфильм унинг охирги йирик лойиҳаси бўлган. Афсуски, актёр гиёҳвандликка берилиб, 31 ёшида ҳаётдан кўз юмган.
Капитан Крюк — Ганс Конрид

Америкалик актёр Ганс Конрид дастлаб фақат овоз актёри сифатида таклиф этилган бўлса-да, сўнг у Питер Пеннинг душмани образига ҳам асос қилиб олинган. Айниқса, унинг кўзлари ва қошларининг ифодаси аниматорларда кучли таассурот қолдирган.
Круэлла де Вил — Таллула Бенкҳед

“101 та далматин” мультфильмидаги Круэлла образи нафақат Дисней аниматорлари, балки актриса Таллула Банкҳед ижодининг маҳсули. Унинг бўғиқ овози, истеҳзо билан сўзлашиши ва сигаретани бепарво тарзда ушлаши анимация Дисней тарихида қолган.
Изоҳ (0)