Англиянинг жануби-шарқидаги Эссекс графлиги полицияси катта офицери Том Саймонс лавозимини суиистеъмол қилиб, икки аёл билан жинсий алоқа қилишга урингани учун ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Полициячиларнинг хулқ-атворини назорат қилиш бўйича мустақил идора (IOPS) хабар қилди.
Касбий чегараларни сақлаш муҳимлиги ҳақида эслатилганига қарамай, офицер аёллар билан мулоқот чоғида шилқимликни давом эттирган, дейилади идора хабарида.
Эссекс полицияси бир нечта айбловлардан сўнг биринчи марта ишни 2022 йил март ойида IOPS’га юборган эди.

Шундан сўнг IOPS мустақил тергов бошлаган. Саймонснинг ўзи билан суҳбатлашилди, унинг уйида тинтув ўтказилди ва тергов доирасида унинг мобил телефони ва бошқа қурилмалари текширилди.
2024 йил январь ойида кузатув ташкилоти ишни кўриб чиқиш учун прокуратура хизматига топширди, аммо июнь ойида прокуратура полиция офицерига айблов қўймасликка қарор қилинганини маълум этди.
Аммо Бедфордшире полицияси бошлиғи ёрдамчиси Жон Мерфи раислигидаги ҳайъат Том Саймонс қўпол қоидабузарлик содир этган ва полициянинг профессионал хатти-ҳаракатлар стандартларини бузган деб топди.
Саймонс барча айбловларни рад этганига қарамай, у огоҳлантирилмасдан ишдан бўшатилди ва полицияда ишлаш тақиқланганлар рўйхатига киритилди.
IOPS директори Эмили Барри мазкур ҳодисага қуйидагича муносабат билдирди:
“Мен нопок полиция ходимининг хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар бериш учун келган аёлларнинг жасоратини эътироф этмоқчиман.
Улар офицернинг босимига дуч келишди, аммо бизнинг терговимиз ҳуқуқбузарликлар бўйича суд мажлисида тақдим этилган кучли далилларни тўплашга муваффақ бўлди, натижада Саймонс ишдан бўшатилди.
У ҳақли равишда ишини йўқотди. Бу каби хатти-ҳаракатлар жамоатчиликнинг полиция ходимларига бўлган ишончига путур етказади”.
Эссекс полицияси бошлиғи Бен-Жулиан Харрингтон эса жинсий зўравонлик содир этиб, жавобгарликдан қутулиш мумкин, деб нотўғри ўйлайдиган ходимлар учун полицияда ўрин йўқлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)