Фарғона шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганига ҳам бир ойдан ошди. Ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзидаёқ жиноят иши очилгани, беш киши қамоққа олингани ҳақида хабар берилган бўлса-да, ҳозирга қадар тергов тафсилотларига доир бир бир сатр ҳам янгилик эълон қилингани йўқ. Қолаверса, очиқ қолаётган қатор саволлар борки, жамоатчилик уларнинг жавобини билишга ҳақли.
Фожиа хронологияси
2024 йилнинг 17 декабрь куни соат 13:43. Расмий хабарларга кўра, Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган Петролиум автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчаси худди шу вақтда портлаган.
Соат 14:00 дан кейин Telegram каналларида Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган Петролиум автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчаси портлагани акс этган видеолар тарқала бошлади.
Тармоқларда тарқалган тасвирларда “заправка”дан газ сизиб чиқаётгани, кўп ўтмай пайдо бўлган олов бир неча сонияда бутун чорраҳани қоплаб олгани, сўнгра кучли портлаш рўй бергани, натижада бир неча автомобилга зарар етгани, уларнинг ичида бўлган одамлар ҳам ёниб кетгани акс этган.
Соат 14:14 Фарғона вилояти ФВБ расмий Telegram каналида ёнғин қуршаб олиниб ўчирилаётгани, вазият назорат остида эканини маълум қилинди.
Соат 15:26 да ФВБ содир бўлган ёнғин ўчирилгани эълон қилинди. Ҳодиса сабаби, жабрланганлар ҳақида маълумот берилмади.
Соат 16:42да фожиага ёнилғи шохобчасида суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнларни бузилиши ҳамда техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлгани ошкор қилинди. Кейинчалик маълум бўлишича, 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиққани, оқибатда газ ташқарига сизиб чиққани ортидан портлаш рўй берган.
Шунингдек, қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида илк маълумот берилди. Қайд этилишича, ёнғин натижасида 1 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 4 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 8 нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида қолаётгани айтилди.
18 декабрь, соат 10:43 да шифохонага ётқизилган жабрланувчилардан уч нафари кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан жон бергани ошкор қилинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани, шу вақтга қадар 5 нафар шахс просессуал тартибда қамоққа олингани, 2 нафар шахсларни ушлаш чоралари кўрилаётгани очиқланди.
20 декабрь куни вилоят ҳокимининг фармойишига мувофиқ Фарғонадаги барча заправкалар ўрганиб чиқилиши белгиланди.
Заправкалар аҳоли уйларидан қанча масофада қурилиши керак?
Фарғонадаги фожиа автомобилларга бензин ёки газ қуйиш шохобчалари неча метр узоқликда қурилишига доир саволларни ўртага чиқарди. Портлаш рўй берган “заправка” шаҳар марказида, аҳоли зич ҳудудда жойлашгани, энг даҳшатлиси, унинг ёнгинасида болалар боғчаси ва кўп қаватли уйлар жойлашгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.
2008 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари — Автомобильларга ёнилғи қуйиш станцияларига доир меъёрларида ёнилғи қуйиш шохобчаларининг бошқа объектлардан қанча масофада қурилиши бўйича шартлар берилган.
Хусусан, газ қуйиш шохобчалари, ер остига ўрнатилган суюлтирган газ омборига эга бўлса турар жойлар ва жамоатчилик иншоотларидан 100 метрлик масофада, ва ерусти омборига эга бўлса, у жойлардан 300 метрлик масофада қурилиши белгиланган.
Афтидан Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган Петролиум автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчасининг қурилишига рухсат олишда амалдаги қонунчилик талабларига амал қилинмаган.
Портлаш рўй берган куни эълон қилинган “Кун.уз” суриштирувида фарғоналиклардан бири мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишига одамлар қарши бўлишгани, бироқ масъуллар бу норозиликка эътибор қаратмагани ҳақида айтган.
“Одамлар бу ерда заправка қурилмасин деб айтган. Шаҳарнинг ичида-ку бу. Умуман, бу каби заправкалар 2-3 км ташқарида, четроқда бўлиши керак. Бензин бор эди, пропан очилганига уч ой бўлди, дейишяпти. Одамлар “мумкин эмас” дейишганига ҳеч ким қулоқ солмаган. Мана, одам ўлди, бошқаларга жароҳат етган”, дея таъкидлаган исми келтирилмаган шахс.
Бироқ портлаш содир бўлган кундан то ҳозиргача ҳеч бир расмий идора бу борада ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Қолаверса, жиноят ишининг тергови доирасида газ қуйиш объектининг қачон ва қандай рухсат асосида барпо этилгани, унинг қурилиши учун қандай рухсат олингани масаласига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши ёки берилмаслиги ҳам очиқ қолмоқда.
“Заправка қонунчилик талабларига номувофиқ қурилгани бу факт экани ҳолда унинг қурилишига масъуллар ва бунга ўз ваколатидан фойдаланиб рухсат бериб юборган мансабдорларнинг ҳаракатларига жиноий-ҳуқуқий баҳо бериладими? Шунингдек, шунчаки, ўзларини “туя кўрмаган”га солиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари масъулларининг-чи? Уларнинг ҳаракатсизликларига-чи?
Масаланинг бу томонлари ҳақидаги маълумотлар ҳам жамоатчиликка тўлақонли очиқланиши керак”, деб ёзади адвокат Абдумалик Абдуллаев.
Портлаш воқеаси ортидан сизиб чиққан қонунсизлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳам жунбушга келтирган. Мавзуга муносабат билдирган ўзбекистонликлар ўзлари яшайдиган ҳудудларда ҳам аҳоли пунктлари орасида ана шундай “заправка”лар қурилганини билдиришган.
“Пул бўлса бўлди, хоҳлаган жойга “заправка” қуради. Бизнинг туманда ҳамма заправкалар аҳоли яшайдиган жойда. Пули кўпга қонун йўқ. Инсон ҳаёти учун хавфлими-хафвсизми, фарқи йўқ. Муҳими, пулинг бўлса бўлди. Шунча зарарни ким қоплаб беради. Инсон ҳаётини-чи?”, дея ёзғиради Муқаддас Йўлдошева.
“Нега “заправка” биноларга яқин жойга қурилган? Ҳоким, ер-лойиҳа, ким рухсат берган қуришга. “Заправка” яшаш жойидан камида 20 метр узоқда бўлмасмиди? Нечта инсон зарар кўрди, пул деб одамлар ҳаётини хавф остига қўйиш керакмиди?”, деб ёзган Улуғбек Хўжаев.
“Бизнинг “дом”имиз ёнига ҳам яқинда бензин “заправка” қуришди. Қаршилик қилишса ҳам барибир қурилди. Рухсатини олишган, қўлимиздан нима ҳам келарди?!”, дея арзи ҳол қилган Улфатой Каримова.
“Аҳолига яқин жойларга “газ-заправка”лари кўп қурилган. Унинг оқибати ҳеч кимга қизиқ эмас. Давлатимизда ҳамма иш пул билан битадиган бўлиб кетган. Инсон қадри пулнинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди”, деб ёзади Барнохон Усманова.
Қурбонлар ва жабрланувчиларнинг сони ҳақиқийми?
Ҳозирга қадар эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони тўрт нафарни ташкил этмоқда. Бироқ Telegram каналларда тарқалган видеолар таҳлили “заправка”даги фавқулодда ҳодисалар сони расмий хабарлардаги айтилаётганидан анча кўпроқ бўлганини кўрсатмоқда.
Тасвирларда катта эҳтимол билан болаларини боғчадан олиб қайтаётган аёл (видео олинаётган вақтда у тирик бўлгани, аммо қарийб 100 фоиз куйиб кетгани кўринади)нинг икки нафар фарзанди, яна бир аёл ва унинг бир нафар фарзанди ўлиб ётгани акс этган.
Бошқа бир видеода қарийб буткул ёниб кетган одам жон беришга қийналиб ерда қимирлаб ётгани, юз-кўзи ва кийимларининг катта қисми ёниб кетган яна бир одамни 3-4 киши тутиб тургани кўринади.
Бундан ташқари, ёнилғи қуйиш шохобчасига туташ кўп қаватли уйдан олинган видеода портлаш вақтида шу ердан ўтиб кетаётган бир киши дарахтлар тагида ҳаракатсиз ётганини, яна икки кишининг уст-боши деярли тўлиқ ёниб кетганини кўриш мумкин.
Портлаш рўй берган вақтда “заправка”да бир нечта машина бўлган. Фавқулодда ҳодисадан кейин олинган видеоларда заправка ҳудудида қолиб кетган бир нечта автомашина олов ичида қолгани, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга уринаётгани акс этган. Уларнинг ичидаги одамларга, шунингдек, ҳодиса рўй берган вақтда автомобильларга хизмат кўрсатаётган “заправка” ишчиларига нима бўлгани ҳақида шу пайтга қадар ҳеч қандай ахборот берилгани йўқ.
Фарғоналикларнинг ёзишича, машиналардан бирида аёл икки ўғли ва бир нафар жияни билан тириклайин ёниб кетган. Худди шундай маълумотни Instagram фойдаланувчилари ҳам ёзиб қолдирган. Улар 36 ёшдаги аёлнинг визажист бўлгани, машинасига ёнилғи қуйиш учун “заправка”га кирганда портлаш рўй бергани, ҳодиса оқибатида унинг ўзи, икки нафар мурғак боласи ва 18 ёшдаги жияни (қиз бола) ҳалок бўлганини билдирган.
Қолаверса, фарғоналиклар ижтимоий тармоқларда портлашдан кейин бир уйдан икки, уч, ҳатто тўрттагача тобут чиққани ҳақида ёзган. Хусусан, Талъат Ҳасанов тармоқда тарқалган видеоларни секинлатиб кўриб, камида 20 нафаргача киши қурбон бўлганини санагани ҳақида ёзган бўлса, унинг изоҳига жавоб ёзган Илҳомбек Бобожонов: “Менга “Анора” салонида ишлайдиган аёл иккита фарзанди ва қиз жияни билан жойида ўлган деб ёзишди”, дея қайд этган. Шерзод Тилововга кўра, ҳодиса оқибатида 20 тадан ортиқ одам вафот этган, бу маълумотни унга ўша ерлик таниши айтган.
Лола Умарова Instagramда қурбонлар сони 37 нафар эканини ёзган бўлса, бошқа фойдаланувчилар шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган айрим жабрланувчиларнинг жони узилгани сабабли ҳалок бўлганлар сони 40 нафардан ошганини таъкидлаган.
Бу гап-сўзлар қанчалик рост ёки ҳақиқатдан йироқ экани хусусида маълумотга эга эмасмиз. Энг қизиғи, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи хабарлар тарқалиши билан бу фейк маълумот эканини айтиб, одамларни саросимага тушмасликка чақириб чиқадиган идоралар ҳам, Фарғона вилояти ҳокимлиги-ю вилоят ИИБ, ФВБ ва бошқа тузилмалар қурбонларнинг сони хусусида интернетда тарқалаётган рақамларни на тасдиқлашган ва на инкор қилишган. Ажабо, буни қандай қабул қилиш керак? Сукут аломати ризо дебми?!
Рақамлардаги яна бир чалкашлик. 17 декабрда тарқатилган расмий хабарда портлашдан кейинги ёнғиндан жабрлангган 8 нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида қолаётгани келтирилганди. Худди шу куни ОАВга интервью берган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Комбустиология бўлими бошлиғи Давлатбек Орипов шифохонадаги беморлар сони саккиз эмас, балки тўққиз нафар эканини маълум қилган.
“Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали қабул-диагностика бўлимига ёнғиндан куйиш натижасида жароҳатланган 9 нафар беморни олиб келишди. Шулардан уч нафари катталар реанимация бўлимига, икки нафари болалар реанимация бўлимига, 4 нафари комбустиология (куйиш билан боғлиқ жароҳатлар асоратларига қарши курашиш) бўлимига ётқизилди. Беморларга шошилинч даволаш стандратлари асосида биринчи ёрдам кўрсатилиб, керакли барча муолажалар қилинди. Ҳозирги кунда беморларнинг ҳолати барқарор оғир, уларнинг барчасига малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейди шифокор.
Журналист Аброр Зоҳидов 80-90 фоиз куйиш билан шифохонага ётқизилганларнинг ҳолати маълум муддат яхшиланса-да, кутилмаганда оғирлашиб қолиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлайди.
Фарғонадаги “заправка” портлашида ўлимлар сони яшириляпти. Бу аниқ. Лекин бундан ҳам ёмони бор – ўлим сони ҳали яна ортади. Балки каррасига. Тиббиётнинг куйишлар билан шуғулланувчи “Комбустиология” номли алоҳида бўлими бор. Жуда оғир йўналиш, ишлаш қийин бўлган соҳа. Беморлар 80-90 фоиз куйиш билан ҳам келиб маълум муддат жон бермасликлари мумкин. Дори-дармон қилинади, айримлари туппа-тузук гапиради, яқинлари умидланишади...
Аммо икки-уч суткадан кейин куйиш натижасида буд бўлган ҳужайралар организмга токсинлар ишлаб чиқара бошлайди. Оддий тил билан айтганда инсоннинг ўз танаси ўз жонини заҳарлаб адо қилади. Беморлар кўпинча мана шу босқичда вафот этишади. Қариндош-уруғи “Кечагина яхши эди-ку” дея дод деб қолаверишади.
Фарғонада портлаш чоғининг ўзида куйиб кул бўлганлар анчагина эди. Шифохонага олиб кетилганлар унданда кўплиги аниқ. Демак яна совуқ хабарларга тайёр туриш керак” деб ёзади у.
Бироқ орадан бир ойдан зиёд вақт ўца ҳамки, портлашдан сўнг шифохонага ётқизилган беморларнинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилгани йўқ. Оғир аҳволдаги беморлар тузалиш босқичидами ёки барчасининг жони узилдими, жамоатчилик бундан бехабар. Фаолияти хусусида халққа ҳисоб бериб боришга масъул идоралар зиммасидаги мажбуриятни бажариб, фуқароларнинг ахборот олишга доир ҳуқуқларини таъминлашмаяпти. Бу эса одамлар ўртасида тасдиқланмаган хабар ва миш-мишлар болалашига олиб келмоқда.
Нега ҳукумат комиссияси тузилмади?
Фарғонадаги портлашга қадар Ўзбекистон кузатилган, инсонлар ўлими билан боғлиқ ёки талофат кўлами катта бўлган аксарият фавқулодда ҳодисалардан сўнг ҳукумат комиссиялари тузилган.
- Жумладан, 2015 йил 8 август куни Урганч шаҳридаги “Ёшлар кўли” маданият ва истироҳат боғида кечки концерт вақтида кўприк устида кўп одам тўпланганлиги туфайли кўприк ён панжараларининг бир қисми бузилиб тушган. Оқибатда айрим томошабинлар кўлга тушиб кетган, қурбонлар борлиги айтилшганди. Президент Ислом Каримовнинг топшириғига биноан содир бўлган фавқулодда ҳодисанинг сабабларини пухта ўрганиш ва аниқлаш, оқибатларини бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилганди.
- 2018 йил 18 сентябрь куни Когон туманида газ тўлдириш шохобчасидан чиққан газ баллонли автобус 700 метрча юрганидан сўнг, газ баллонларидан бири портлаб кетган, оқибатда беш киши ҳалок бўлган ва 21 киши жароҳатланганди. Ҳодисадан сўнг республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари, газ баллонли автомобиллар ва марказий қозонхоналарни текшириш бўйича Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилганди.
- 31 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Дилхуш кўчасидаги хонадонда истиқомат қилган бир оиланинг тўрт фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этгани ортидан тузилган ҳукумат комиссиясига ҳам Раматов бошчилик қилган.
- 2019 йилнинг 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши оқибатида авария содир бўлган, ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда зудлик билан бартараф қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган, унга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланганди.
- 2021 йилнинг январида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Жиззахда қурилиши тугалланмаган олти қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. 10 январданоқ ўз ишини бошлаган ҳукумат комиссиясига бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбар этиб тайинланган. Комиссия таркибига прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда пудрат ташкилотлари мутахассислари киритилган.
- 2021 йил 7 декабрь куни Денов туманида жойлашган Indenim савдо мажмуасида кучли портлаш рўй берган, ҳодиса оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилганди. Кейинчалик портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди. Фожиа оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш учун яна Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилганди.
- 2022 йил 25 январь соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Ўзбекистон ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган ва Шавкат Мирзиёев топшириғи билан электр энергиясида кузатилаётган носозлик бўйича комиссия тузилганди.
- 2023 йилнинг 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш ва ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Портлаш оқибатида ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган, икки юздан ортиқ фуқарога турли даражадаги тиббий ёрдам кўрсатилган, муолажага муҳтож беморлар шифохонага ётқизилганди.
Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйдаги 1370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 миллиард сўмни ташкил этгани аниқланган.
Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган, у содир бўлган фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб бориши маълум қилинганди.
Бироқ Фарғонда 17 декабрь куни рўй берган фавқулодда ҳодисадан сўнг анъанага зид равишда ҳукумат комиссияси тузилмади. Тергов ишлари ҳам ими-жимида олиб борилмоқда, ҳолат юхасидан қўзғатилган жиноят ишига доир янги тафсилотлар жамоатчиликка ошкор қилинмаяпти.
Портлаган “заправка” нега ошиғич бузиб ташланди?
Одатда қотиллик, оммавий ўлим ёки портлаш рўй берган жойлар то тергов-суриштирув ишлари якунига қадар сақлаб турилади. Токи иш судга ошиб, ҳолат юзасидан қонуний ҳукм чиқарилмагунча. Ажабланарлиси, Фарғона вилоят ИИБ Петролиум автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш ҳодисасини тергов қилаётган илк кунлардаёқ “заправка” буткул бузиб ташланди.
Бу хабарни тарқатган вилоят ФВБ ахборот хизмати бузиш ишлари тадбиркорнинг ўз хоҳишига кўра бошлангани, ушбу заправка бошқа фаолият олиб бормаслиги билан изоҳлаган. Бу ҳолатга тергов органи қандай муносабатда бўлгани бизга қоронғи.
Жиноят-процессуал кодексининг 135-моддасига кўра, жиноят излари, ашёвий далилларни топиш, ҳодиса содир бўлган вазиятни ва иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиради.
Зарур ҳолларда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд кўздан кечириш чоғида ўлчов ўтказади, фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга туширади, режалар, схемалар, чизмалар тузади, излардан қолиплар ва нусхалар олади. Бу ишларни бажаришга ёрдам бериш учун кўздан кечиришга мутахассислар жалб қилиниши мумкин (ЖПК, 136-модда).
Юқоридаги қонун нормаларидан англашиладики, 17 декабрдаги портлаш ҳодисасини тергов қилаётган Фарғона вилоят ИИБ ҳодиса содир бўлган жойни сақлаш чораларини кўрмаган. Бу эса шундоқ ҳам туман ичидаги тергов-суриштирув ишларига бўлган саволларни, адолатли судловнинг таъминланишига оид хавотирларни кўпайтириши шубҳасиз.
Дарё мақолада билдирилган мулоҳазалар ҳамда очиқ қолаётган саволлар юзасидан билдириладиган ҳар қандай муносабатга очиқ.
Изоҳ (0)