Сўнгги ўйинларда “Манчестер Сити” ўзига ўхшамаяпти. Ҳа, ғалаба қозонмоқда, гол урмоқда — лекин ҳар сафар учрашув протоколида янги, аввал номи ОАВда кам эълон қилинган футболчилар пайдо бўлмоқда. Бу кўпчиликни ҳайрон қолдираётгани аниқ.

Гап шундаки, айни пайтда топ даражадаги футболчилар “шаҳарликлар”ни жонига оро киргани йўқ, балки уларни клуб академияси тарбияланувчилари қутқаряпти. Ҳозир “Манчестер Сити”нинг инқироздан олиб чиққан ёки олиб чиқаётган футболчилар ҳақида маълумот берамиз.
Фоден — бу йўлдаги биринчи эди
Авваламбор бу йўлнинг очувчиси ҳақида сўз юритиш керак. Фил Фоден клуб академияси учун намуна бўлди. 47-рақам эгаси — ҳар хил позицияда фойда келтира оладиган, мураббий топшириқларини тўлиқ бажарадиган универсал футболчи. У аста-секин асосий таркибга кириб борди ва ҳозирда Гвардиола жамоасини Фоденсиз тасаввур қилиш қийин. 2022/23 йилги мавсумда Фил АПЛда 32 ўйинда 11 та гол урган бўлса, кейинги мавсумда бу кўрсаткич 19 тага етди ва аста-секин “Сити”да етакчилардан бирига айланди.

Ҳозирги қийин мавсумда ҳам жамоа кўп ҳолда Фоденга таямоқда. Боиси, охирги йиллардаги юлдузли таркибдан иборат “монстр” жамоа даври тугади. Фоден эса ёш авлод вакилларининг ягона асосий етакчисига айланган.
Уокер ўрнига Льюис келди
Айни дам “шаҳарликлар” ҳимоясида янги “устун” бор — Рико Льюис. У 2022/23 йилги мавсумда асосий таркибга секин-аста кириб борди. Айниқса мавсумнинг иккинчи ярмида, жамоага ротация зарур бўлганда, Рико кўп ўйинларда майдонга тушди. Шунга қарамай, олдинги икки мавсумда у фақат захира футболчиси сифатида кўрилган эди.

Янги мавсумдан бошлаб у Гвардиола учун асосий футболчига айланди. Мураббий ёш ҳимоячининг кўп позицияда ўйнай олиш қобилиятидан фойдаланди: Рико баъзида таянч зонада, баъзида ҳужумга яқин, ҳатто чап қанот ҳимоясида ҳам ҳаракат қилди. Аммо унинг асл позицияси — ўнг қанот ҳимоячиси. У ерда аввал Кайл Уокер бор эди. Аммо вақт ўтиб, Уокернинг тезлиги пасайгани сезилди, камчиликлари яққол кўрина бошлади. Натижада уни “Милан”га ижарага беришди ва айнан Льюис унинг ўрнини эгаллади.
Макейти номли футболчи пайдо бўлди
Фоден ва Льюис аллақачон мухлислар кўзига таниш, аммо Жеймс Макейти исми кўпчилик учун нотаниш бўлиши мумкин. Клуб тарбияланувчиси “Сити”да кам ўйнаган, лекин у кўпроқ “Шеффилд Юнайтед” сафида ижарада ҳаракат қилгани билан “Сити” мухлисларининг ёдида қолган. Аммо жорий мавсум Жеймс жамоада қолди.

2024 йил давомида Макейтининг “Сити” таркибидаги атиги икки учрашув ўтказган — уларнинг ҳар иккисида 90-дақиқадан кейин майдонга тушган. Аммо Боксинг дайъдан сўнг ҳолат ўзгарди. “Лестер” билан баҳсда у 24 дақиқа ҳаракат қилди, кейин эса “Вест Ҳэм”, “Брентфорд”, “Ипсвич”га қарши ўйинга ҳам захирадан қўшилди. Макейти айнан “Ипсвич” билан баҳсда ўз имкониятидан унумли фойдаланди ва “Сити” сафидаги илк голини урди.
У ҳозир ҳам таркибдаги етакчи футболчи сифатида баҳолангани йўқ, аммо ҳужумда нималарга қодир эканини кўрсата олди. Ҳозиргача унинг ҳисобида 3 та гол бор. Улардан бири “Кристал Пэлас” дарвозасига киритилган бўлса, “Испвич Тоун” ҳамда “Ньюкасл Юнайтед” киперларини ҳам бир мартадан хафа қилган.
Отилиб чиққан — O‘Райли
Жамоадаги энг ёш футболчи — Нико O‘Райли. У АПЛдаги дебютини айнан шу мавсумда ўтказди. Дастлаб захирада ўтирди, аммо январь ойида “Ипсвич”га қарши ўйинда илк марта 18 дақиқа ҳаракат қилди.

Апрель ойи Нико учун мутлақо бошқача ўтди. У ортда қолган 30 кунда АПЛ доирасидаги бешта учрашувда иштирок этди. Гвардиола қанот ҳимояси учун янги, чаққон футболчи излаётган эди. Энди чапда O‘Райли, ўнгда эса Нуньес ёки Льюис мунтазам тушмоқда. Нико аллақачон иккита гол уришга улгурган. Улардан бири “Пэлас”, иккинчиси эса “Эвертон” дарвозасига киритилган. O‘Райли Ливерпулдаги ўйинда ҳисоб 0:0 бўлиб турган пайт катта саҳнага чиқди. Агар шу баҳсда очко йўқотилса, “Челси”, “Ноттингем”, “Астон Вилла” каби жамоалар олдинга ўтиб кетиши мумкин. 84-дақиқада 20 ёшли O‘Райли ҳисобни очди — бу гол “Сити”га жуда муҳим 3 очко келтирди. Ва шундан кейин футболчи Пепнинг назарига тушди.
Абдуқодир Ҳусановнинг келиши
Ҳа, ҳозир ўзбекистонлик футболчида ҳаммаси силлиқ кетаётгани йўқ. У клуб тарбияланувчиси ҳам эмас. Лекин Ҳусанов қишки трансфер мавсумида клубга қўшилгач, тезда жамоага мослашиб кетди. У таркибдаги йўқотишлар пайтида ҳимояда анча ишончли ўйин кўрсатди. Умуман олганда Абдуқодир “Сити”га келгач, АПЛда 6 учрашувда майдонга тушди. Ушбу беллашувларнининг аксариятида “шаҳарликлар” имкониятни бой берган бўлса-да, ўзбекистонлик ҳимоячи ўзининг индивидуал ҳаракатлари эвазига жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди.

У “Ньюкасл”, “Ливерпуль” ва “Тоттенҳэм” жамоалари билан баҳсда кўрсатган ўйинлари сабаб тезда инглиз мухлисларининг меҳрини қозонди. Лекин ҳозирда Ҳусановга кўп ҳам ишонч билдирилгани йўқ. Ҳимоячи кетма-кет 6 учрашувда захирада қолдирилди. Лекин бу билан Абдуқодир учун барчаси тугади дегани эмас, чунки таркибдаги кучли рақобат сабаб қайсидир футболчи захирада қолиши мумкин. Ҳусанов эса ўз вақтини кутмоқда, агар имкон берилса, Абдуқодир яна нималарга қодир эканлигини исботлашда давом этади.
“Сити” ёшлар лагерига айланяпти
Яна бир исмни эсга олиш мумкин — Оскар Бобб. Аммо у ҳозирча жорий мавсумда унчалик ажралиб тургани йўқ. Шундай бўлса-да, имкониятлар ҳали бўлади. Умуман олганда, “Манчестер Сити” тобора ёш жамоага айланмоқда. Бу ерда тилга олинганлар аксарияти клубнинг тарбияланувчилари. Айнан улар “инқирозга юз тутган” клубни сақлаб қолди, ротацияда ўзига билдирилган ишончни оқлай олди.

Бундан ташқари, жамоага бошқа жамоалардан келган ёшлар ҳам қўшилди. Масалан, “Труа”дан ўтган Савинё атиги 21 ёшда, бироқ доимий асосий таркибда майдонга тушмоқда. 22 ёшли Жереми Доку клубдаги иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Ҳусанов, Эчеверри, Гонсалес ва Рейс – декабрь январь ойларида келган футболчилар, уларнинг ҳеч бири 23 ёшдан катта эмас. Ҳимоянинг асосий устуни – Йошко Гвардиол ҳам атиги 23 ёшда.
Гвардиоланинг тўғри қарори
Ёшлар билан ишлаш Гвардиола учун тўғри қарор бўлди. Ҳар бир ёш футболчининг ёнида тажрибали ўйинчи бор: Эдерсон, Стоунс, Де Брюйне — энди улар аввалгидек топ даражадаги футболчилар эмас. Мураббий жамоани янгилаши шарт эди, айниқса жорий мавсумда муҳим совринлар учун имкон қолмагани маълум бўлганидан сўнг клуб тизимида нимадир хато эканлиги маълум бўлди.

Энди Гвардиола ёш футболчиларга амалиёт бермоқда — уларни “Арсенал”, “Челси”, “Ливерпуль”га қарши эмас, балки “Эвертон”, “Пэлас” каби жамоаларга қарши синовдан ўтказмоқда. Бу эса келаси мавсум учун мукаммал тайёргарликдир.
Изоҳ (0)