Ўзбекистонда 80 гектардан ортиқ ер майдони чиқинди полигонларидан табиатга қайтарилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Унда айтилишича, Президентнинг 2023 йил 31 майдаги 171-сонли қарорига асосан “Чиқинди полигонларини бошқариш дирексияси” давлат муассасаси ташкил этилиб, чиқинди полигонлари бошқарувини тизимлаштириш, модернизация қилиш ҳамда оптималлаштириш вазифаси юклатилган.
Ҳозир чиқиндихоналарда атмосферага чиқарилаётган ташланмаларни мониторинг қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича сув ҳавзаси, санитар бурчаклар, қоровулхона, ҳожатхона ҳамда сув қудуқлари, дизбарер қурилмаси барпо этилиб, узлуксиз электр ва ичимлик суви таъминотига эътибор қаратиляпти.
Жумладан, Экология вазирлиги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирексияси томонидан полигонлардаги 300 га яқин махсус техникаларга замонавий GPS назорат тизими ўрнатилган. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча 78 та махсус техника харид қилиниб, ҳудудларга тарқатилган.
Ҳозирда жами 184 та маиший чиқинди полигонидан 39 таси тартибга келтирилиб, ўртача 70-80 см тупроқ қатлами билан ёпилди, аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсирига чек қўйилиб, ерлар табиатга қайтарилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Тошкент, Наманган, Андижон, Бухоро, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларининг жами 14 та туманда жойлашган қаттиқ маиший чиқинди полигонларида суриш, зичлаш, текислаш ишлари амалга оширилди. 37 та чиқинди полигони автотарози ва кузатув камералари билан жиҳозланмоқда.
Шунингдек, 2025 йил давомида 18 та чиқинди полигонини рекултивация қилиб, тупроқ қатлами билан ёпиш мақсад қилинган.
“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида республика бўйича 2024 йилда 123 та чиқинди полигони атрофида 461,0 минг туп ҳамда 2025 йил баҳор мавсумида 130 та чиқинди полигони атрофида 367,7 минг туп терак, тут, қайрағоч, саксовул, тол ва бошқа турдаги дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил этилди.
Келгусида 970 гектар ер майдонини рекултивация қилиб, табиатга қайтариш, йилига 58,5 млн тонна газ сизиб чиқиши ҳамда ёнғин хавфини олдини олиш, сизот сувларининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини ўртача 78 фоизга камайтириш, 116 та шаҳар ва туманларда соҳадаги ҳолатни тўлиқ яхшилашга эришиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этилади.
Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқиндилар ҳосил бўлади, лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли филтратлар ер остига сингади. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин.
2025 йил 24 март куни Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, мазкур ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда соҳага тўғридан тўғри инвестициялар жалб этилади.
Изоҳ (0)