Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Италия А Сериясида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Лалазио нашри хабар берди.

Унга кўра, “Ювентус” клуби анча пайтдан бери захирада қолаётган 21 ёшли футболчини ижара асосида ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. “Манчестер Сити” раҳбарияти ҳам футболчини кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун бошқа жамоага вақтинчалик беришга қарши эмас.
Турин жамоаси айни дамда ҳимоя чизиғини кучайтириш устида иш олиб бормоқда ва Ҳусанов бу борада жамоага фойдали бўлиши мумкин деб ҳисобланмоқда. Трансфер бўйича музокаралар доирасида ҳар икки клуб футболчилар алмашиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрмоқда. “Манчестер Сити” аввалроқ “Ювентус” футболчиси Андреа Камбясога қизиқиш билдирган, энди эса икки томон ўртасида Ҳусанов ва Камбясо алмашинуви борасида музокара кетмоқда.
Аввалроқ матбуотда “шаҳарликлар” кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун Ҳусановни ижарага бермоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, ўзбек футболчиси қишки трансфер ойнасида “Ланс”дан “Сити”га 40 миллион евро эвазига ўтган эди. Ҳимоячи “шаҳарликлар” таркибида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 1 гол муаллифига айланган.
Изоҳ (0)