Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари ва шарҳловчи Даврон Файзиев “90минут” подкастида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида қизиқарли маълумотни тақдим этди.

Суҳбат давомида Файзиев ўзбекистонлик ҳимоячининг УЕФА Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи жавоб учрашувида “Реал Мадрид”га қарши ўйинидаги таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Файзиев Абдуқодирдан: “Реал” сафида Винисиус Жуниор, Килиан Мбаппе ва Жуд Беллингемга қарши ўйнадинг. Қайси футболчига қарши курашиш энг қийин бўлди?, деб сўраганини айтиб ўтди”.
Ҳусанов гарчи ўйин давомида бир неча бор тўқнаш келган бўлса-да, на Мбаппени, на Винисиусни тилга олмаган. Балки у Беллингем номини айтган: “Жуд жисмоний жиҳатдан жуда кучли, уни тўхтатиш эса ниҳоятда қийин, дея таъкидлаган”.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Реал”га қарши дастлабки баҳсда майдонга тушмаган эди. У Мадриддаги жавоб учрашувида тўлиқ ҳаракат қилган. “Манчестер Сити” эса икки ўйин натижасига кўра 3:6 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақадаги иштирокини эрта якунлаган.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов қишки трансфер ойнаси пайтида “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га ўтган эди. У клуб сафида ҳозиргача 9 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйган.
Изоҳ (0)