Қозоғистонда оғир аҳволда ҳам ишлашга мажбурланган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Келтирилишича, ўзбекистонлик Р.М. фуқаролик паспортини иш берувчидан қайтариш ва соғлигида кузатилган муаммолар туфайли Ўзбекистонга етиб олиши учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.
У жорий йил март ойида Олмаота вилоятининг Қорасой туманидаги фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаш учун келган. Орадан бир-неча кун ўтиб, унда юрак хуружи кузатилган ва ўз вазифасини бажара олмаган.
Фермер хўжалиги раҳбарияти эса унинг оғир аҳволига қарамай ишлашга мажбур қилган ва иш жойини ташлаб кетмаслиги учун фуқаролик паспортини ва уяли алоқа воситасини тортиб олган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари мурожаатни тезкорлик билан ўрганди ва юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралари кўрди. Маҳаллий полиция вакиллари билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар натижасида унинг паспорти иш берувчидан олиб берилди.
Фуқаро Бош консулхона ходимлари томонидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.
Ўзбекистонга қайтарилаётган фуқаролар
2025 йилнинг бошларида Россиянинг Тива Республикаси Оқ Довурак шаҳрида вақтинча ишлаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Фуқароларнинг яшаш жойида содир бўлган кучли ёнғин натижасида уларнинг ҳужжатлари, шу жумладан, паспортлари йўқолган.
27 февраль куни Маккада оғир касалликка чалинган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Февраль ойи охирида Россияда икки боласи билан қийин вазиятда қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди.
2025 йил 5 март куни Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Март ойининг ўрталарида Новосибирскдаги Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Саха республикаси Нерюнгри шаҳрида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган она ва унинг тўрт нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. 17 март куни ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар вояга етмаган бола Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтарилди. Шунингдек, Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 30 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Изоҳ (0)