Германияга аҳолининг заиф қатламига кирувчи Афғонистоннинг 138 нафар фуқароси олиб келинди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Покистоннинг Исломобод шаҳрида бўлган муҳожирлар 16 апрель куни олиб келинган. Германия ҳукумати томонидан улар учун самолёт ижарага олинган. 2025 йил бошида ҳам 461 нафар афғонистонлик худди шундай рейслар билан Германияга келтирилган эди.
Мазкур шахслар Афғонистонда ҳокимият тепасига “Толибон” келгач, Германияга кириш учун қонуний рухсат олган фуқаролардир. Улар орасида Афғонистондаги немис муассасаларида ишлаганлардан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганлари сабабли “Толибон” таъқибига учраганлар ҳам бор.
Германияга қўнган самолёт бортида 45 нафар болалар ва ўсмирлар бўлган. Жами 76 нафар аёл ва 62 нафар эркак олиб келинган.
Германияга яна 2600 нафар афғонистонлик келиши кутилмоқда
Мамлакатга киришга рухсат берилган яна 2600 нафар афғонистонлик эркак ва аёллар ҳозирда Покистонда. Улар Германияга учиш учун ўз рейсини кутмоқда. Покистон ҳукумати афғон қочқинларини депортация қилишни бошлагани сабабли улар қийин вазиятга дуч келиши мумкин. Бу фуқаролар Афғонистонга депортация қилинса, уларнинг Германияга бориши имконсиз бўлади.
Ўз навбатида, Германиядаги консерватив ХДИ/ХСИ блоки сиёсатчилари афғонистонлик янги қочқинларни қабул қилишга норозилик билдирмоқда.
Изоҳ (0)