«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
«Толибон» кучлари орасидаги низо сабаблари
The Washington Post нашрининг ёзишича, «Толибон» ҳаракатининг етакчилари Афғонистоннинг келажаги ҳақида баҳс мунозарага киришган. «Толибон» етакчиларининг хавотири нималардан иборат? Хавотирлар асосан сиёсий келишувлар атрофида кечмоқда ва агарда улар Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтирадиган бўлса, келишув йўлини истамаётган гуруҳлар бошқа бир сиёсий кучларга қўшилиб кетиши мумкин.Доҳа ва Кобулда ўтказилган учрашувлар чоғида толибончилар раҳбарияти инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳокимиятларнинг бўлиниши борасида расмий Кобул ҳукумати билан анча босиқ музокара ўтказган. Шунга қарамасдан, Афғонистоннинг шимолини назорат қилаётган «Толибон» қўмондонлари ва жангарилари музокаралар столига ўтирмаслик ва жангни охиригача олиб бориш билан таҳдид қилмоқда.
Урушдан кейинги Афғонистонда ҳозирда анча қалтис сиёсий вазият юзага келган ва бу қалтислик «Толибон» ҳаракати аъзолари ўртасидаги сиёсий тутум, расмий ҳукумат билан тинчлик музокаралари олиб борилиши юзасидан анча жиддий тус олган. Сиёсий таҳлилчилар назарида расмий ҳукумат «Толибон»лар билан тинчлик битимига эришган тақдирда ҳам Афғонистонда расмий ҳукумат ва «Толибон» ўртасида уруш давом этиши мумкин.
Июль ойининг бошларида The Washington Post журналистлари «Толибон»лар кузатувида Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Қонар вилоятининг Маравара шаҳрига маҳаллий аҳоли билан суҳбат уюштириш учун ташриф буюради. Маравара шаҳри эса тўққиз йилдан бери «Толибон» ҳаракатининг энг мустаҳкам ҳудудларидан бири саналади.
Мараварадаги соғлиқни сақлаш тизими, мактаблар учун расмий ҳукумат пул ажратади, гарчи ҳудуд бутунлай «Толибон» ҳаракати қўл остидаги ҳудуд бўлса ҳам. Маравара Афғонистоннинг энг қашшоқ ҳудудларидан бири ва бу ерда ёшлар орасида ишсизлик авжига чиққан. Аҳоли асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Бу ҳудуддаги «Толибон»чилар ҳамон АҚШга нисбатан адоват билан қарайди. АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентини камайтиришга ҳаракат қилар экан, бу «Толибончи»ларнинг назарида Афғонистондаги мавжуд сиёсий ҳокимиятни қўлга олишга умид ҳам беради.
Журналистлар саволларига жавоб берган Ясар исмли бир жангари «сиёсий ҳокимиятни бўлиб олиш мумкинмаслиги, Ислом давлатида бўлинган ҳукуматни тасаввур қила олмаслигини ва агарда Доҳадаги «Толибон» етакчилари музокаралар бошлагудек бўлса, ҳукумат билан мустақил ҳолда курашишга ўтишини маълум қилди.
Ўн йилдан ортиқ вақт давомида АҚШ ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати етакчилари баъзида расмий, баъзида норасмий музокаралар олиб борди. Музокаралар натижасида «Толибон»чилар ҳаракатнинг бирдамлигига путур етмаслиги учун қўмондонликни сақлаб қолиш масаласида ён бермай келди. «Толибон» ҳаракати афғон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва демократия борасида музокараларда ён бериши учун ҳали кўп музокаралар ўтказилиши керак.
Машмашаларнинг бош нишонига айланган Нетаньяху
Исроил ҳукумати тепасида 1967 йилдаги олти кунлик урушдан бери тўққиз нафар эркак ва бир нафар аёл сиёсатчи келиб кетди. Бу сиёсатчиларнинг барча Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини босиб олиш ўта катта таваккалчилик эканига амин бўлди. Аммо шунга қарамасдан Исроил ҳукумати Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида 400 мингдан кўпроқ яҳудийлар учун манзилгоҳлар қурди ва бу уч миллион фаластинлик истиқомат қиладиган ҳудуддалиги аҳамиятга молик.Президент Трампнинг куёви Жаред Кушнер Исроил—Фаластин низосининг тинч йўл билан ҳал қилиниши борасида фаластинликларнинг ғурурларига тегадиган лойиҳасини тақдим қилди. Исроил матбуотида эса ҳукумат Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини босиб олишга тайёрланётгани ҳақида бир қатор мақолалар чоп этилди.
Коронавирус билан овора бўлиб қолган, ўз ёғида қовурилиб ётган АҚШ ички муаммолар гирдобига шўнғиб кетди-ю, жаноб Нетаньяхунинг режалари амалга ошмайдиган бўлди. Нега? Исроил ҳарбий қўшинлари қўмондонлигидаги юқори мартабали ҳарбий Иорданнинг ғарбий қирғоғини босиб олиш учун ҳали шароит йўқлигини очиқлади.
Аннексия учун, энг аввало, Вашингтоннинг «яшил чироғи» керак. Ҳозирча Дональд Трамп Исроил ҳақида қайғурадиган ҳолатда эмас. Эҳтимол, сайловларга яқин қолганда америкалик яҳудийларнинг овозларига эришиш учун Иордан дарёси масаласини яна шиор қилиб олар.
Башарти, Трамп Исроилга «яшил чироқ» берган тақдирда ҳам бош вазир Биньямин Нетаньяху мамлакат ичкарисидаги бир қатор тўсиқларга дуч келади ва бу эса жаноб бош вазирнинг кўп йиллар мобайнида дилига тугиб келган мақсадларини амалга оширишдаги ғов бўлади.
Тўсиқлар нималарда кўзга ташланади? Аввало, ҳозирда мамлакат коронавирус пандемияси билан курашмоқда. Карантин шароитида яшаётган исроилликлар эса ҳозир аннексия ҳақида эмас, кўпроқ ҳаёт кечириш учун иқтисодий коллапс ҳолатига тушиб қолмаслик ҳақида қайғурмоқда. Нетаньяху эса буни яхши тушунади. Аннексия эса ҳарбий харажатларни талаб қилади ва мамлакат бюджети пандемия шароитида бюджет тақчиллиги хавфи остида қолади.
Аммо Нетаньяху учун, энг аввало, бўлғуси сайловлар масаласи турибди. Агар аннексия Нетаньяхунинг сиёсий обрўсини мустаҳкамлайди, деган ишончга асосланадиган бўлса, аннексия масаласини яна қайта кўриб чиқиши ҳам мумкин. Нетаньяху учун хавфсизлик ҳам муҳим. Исроил мудофаа армияси қўмондони генерал-лейтенант Авив Кохави ва «Шин Бет» контрразведка ташкилоти директори Надав Аргаман аннексия режаси доирасида мамлакатга нисбатан хавф туғилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Лекин улар келтирган маълумотларда аннексия режаси навбатдаги Фаластин қўзғолонини келтириб чиқариши борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
Ўз навбатида Фалстин ва Исроил ўртасида юз бериши мумкин бўлган қонли тўқнашувнинг олдини олиш Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббоснинг ҳам сиёсатига боғлиқ. Аннексиянинг олдини олиш учун май ойида Маҳмуд Аббос Исроил билан ҳар қандай муносабатларни узиб қўйди. Ҳозирда Фаластин мухторияти ва Исроил ўртасида коронавирус борасида ҳамкорлик қилиш, Исроилнинг Фаластин учун йиғиб борадиган божларни ҳам қабул қилиш борасидаги алоқалари музлаб қолган. Бу эса Фаластин мухториятининг ишчиларга берадиган маошларида узилишлар бўлишига ҳам олиб келмоқда. Бу эса Аббоснинг ўз маъмуриятида сиёсий обрўсининг йўқолишига сабаб бўлиши, Исроил аннексиясига старт бериладиган бўлса, Маҳмуд Аббос фаластинликларнинг ҳаракатини бошқара олмай қолиши ҳам мумкин.
Бундай вазиятда расмий Вашингтоннинг аннексия режасига рўйхушлик бермаётгани, пандемия боис Исроилдаги иқтисодий тушкунлик, 20 фоизга етган ишсизлик, хусусий корхоналар банкротлик ёқасига келиб қолиши натижасида беркилаётгани, Нетаньяху сиёсатининг исроилликлар орасида борган сари обрўсизланиб бораётгани бош вазирнинг аннексия режасини амалга ошира олмаслигидан дарак.
Бу эса Трамп таъбири билан айтганда, «Аср келишуви» режасининг «Аср муваффақиятсизлиги» билан якунланиши мумкинлигига ишора. Нетаньяхунинг бахтига ўтган бир неча ойлар давомида ижтимоий норозиликка сабаб бўлган аннексия борасидаги режалар пандемия оқибатида иккинчи даражали мавзуга айланди.
Шунингдек, Нетаньяху ҳозирда коррупция, порахўрлик атрофида юз бераётган машмашаларнинг бош нишонига айланиб қолди. Ҳукумат Исроилда карантин чораларининг кучайтирилиши ортидан исроилликлар 1,4 миллиард фунт стерлинг миқдорида молиявий ёрдам олишини эълон қилди. Бу эса исроилликлар орасида жаноб Нетаньяху биз, исроилликларни «пора» билан ўз тарафига оғдириб олмоқчи, деган айбловларга сабаб бўлмоқда.
Қон ва жон билан тўланган ядро синовлари
Бундан 75 йил муқаддам АҚШ ҳукумати Нью-Мексико штати Аламогордо ҳарбий дала полигонида «Тринити» деб номланган атом бомбаси синовини ўтказади. Бу шу кунгача ўтказилган мингдан ортиқ ядро синовларининг биринчиси эди, деб ёзади The Diplomat нашри.Сўнгги пайтларда АҚШ ҳукумати орадан 30 йил ўтиб ядро синовларини ўтказишни муҳокама қила бошлади. АҚШ раҳбарияти наздида бу Россия ва Хитой билан музокараларда ўртадаги мувозанатни сақлашда қўл келади. Мазкур муҳокамалар эса Хитой раҳбарияти ва ядро синовлари ўтказилиши эҳтимолий бўлган Невада штати расмийларида ядро синовига нисбатан кескин кайфиятни пайдо қилди. Трамп маъмуриятининг ядро синовларини ўтказиш борасидаги фикрлари Мудофаа вазирлиги, миллий хавфсизлик ва илмий доираларда кескин танқидга учради.
Президент Трампнинг қуролланиш масаласидаги маслаҳатчиси Маршалл Билингсли АҚШ Хитой ва Россияни қуролланиш пойгасида ортда қолдиришини таъкидлаб келарди, бироқ яқинда берган баёнотида ядро қуроллари синовини ўтказиш зарурияти йўқлигини таъкидлади. АҚШ сенатининг қуролланиш борасидаги қўмитаси эса келажакдаги ядро синовларига керак бўлса, 10 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Осиё Тинч океани ҳудуди аҳолиси эса ядро синовларининг ўтказилишига қарор қилган Трамп маъмуриятини инсонлар ва экологияга нисбатан тажовузда айблай бошлади.
Тарихга назар солинса, АҚШ ҳукумати Маршалл оролларида 1946 йилдан 1958 йилга қадар 67 марта ядро қуроллари синовларини ўтказгани аниқ бўлади. Маршалл ороллари аҳолиси эса ҳозирга қадар ядро синовларининг салбий натижаларини ҳис қилиб келади. Маҳаллий аҳоли орасида эрта туғруқлар, саратон ва радиация билан боғлиқ бошқа касалликлар қайд қилинади. Маршалл оролидан бўлган сенатор Ҳильда Ҳайн президент Трамп маъмуриятининг ядро синовларини бошлаш ҳақидаги режаларини инсониятни хавфга қўйиш билан баробар деб қоралаб чиқди.
Ҳозирга қадар АҚШ ҳукумати Рождество, Бикини, Эневетек, Жонстон, Гильберт оролларида жами бўлиб 106 марта ядро синовлари тажрибасини ўтказган. 1952—1957 йиллар оралиғида Британия ҳукумати АҚШ билан ҳамкорликда Австралиядаги учта ҳудудда жами бўлиб 12 марта ядро синовларини ўтказган ва мазкур синовлар Австралия туб аҳолисининг турмуш тарзига салбий таъсир қилгани ҳақида маълумотлар сақланган.
Кириматидаги ядро синовларида қатнашган Жеймс Рональд Оуэн оролда 1961—1962 йилларда 31 марта ядро синовлари ўтказилганини очиқлайди. Оуэн ядро синовлари натижасида синглиси кўзи ожиз бўлиб қолгани ва укаси эса дадасининг ўлимидан ўн саккиз ой ўтиб вафот этганини ядро синовларининг ўтказилиши билан боғлайди. Оуэн АҚШ ҳукуматининг ядро синовларини қайта бошлаши мумкинлиги ҳақидаги хабардан даҳшатга тушиб, наҳотки сиёсатчилар ўтмишдаги хатолардан хулоса ясай олмаганликларидан хафа бўлади.
Тинч океанидан 10 минг километр ғарбда жойлашган Қозоғистон чўлларида ўтказилган ядро бомбаси синовлари бугун Марказий Осиёнинг иқлими ва аҳолиси саломатлигига соя солиб турибди. Бу ҳудуд, шунингдек, ядро қуролига эга Россия, Хитой, Покистон ва Ҳиндистон чегаралари туташ бўлган ҳудудлардир. Сўнгги пайтда Хитой—Ҳиндистон, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ихтилофлар дунёни исталган пайтда хавфли ядро қуроллари марказига айлантириши мумкин. Буни ҳеч ким кафолатлай олмайди.
1949—1989 йиллар оралиғида Қозоғистоннинг Семипалатинск ҳудудида 450 мартдан ортиқ ядро синовлари тажрибадан ўтказилган. Натижада, минтақадаги инсонларнинг ҳаёти хавф остига қўйилган, экологик вазият эса таранглашган. Қизил китобга киритилган бир қатор ҳайвонлар эса йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Шундай бир вазиятда АҚШ ҳукумати ядро синовлари дастурини қайта тиклаш учун 44 миллиард долларни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Бу эса АҚШ ҳукумати ўтмишдан етарли даражада сабоқ олмагани, инсонлар ҳаётини хавф остига қўйиш ҳозирги маъмурият учун ҳеч нарсани англатмаслигидан дарак.
Бугун дастлабки ядро қуроллари синови ўтказилганлигига 75 йил тўлди, дастлабки ядро синовлари ўтказилишида қатнашган кўплаб инсонлар вафот этган, лекин уларнинг аксари ядро синовлари инсоният келажаги учун хавфли эканини бот-бот такрорлаган. Мамлакатлар эса бундан тўғри хулоса чиқармаган кўринади.
2017 йилнинг 7 июль санасида БМТнинг Ядро қуролларини йўқ қилиш халқаро ҳаракати ядро қуролларини тақиқлаш масаласини кўтарди ва 122 мамлакатнинг бу масалада хайрихоҳлигига эришди. Бугун бу битимни қабул қилган мамлакатларнинг 40 тадан 12 таси эса Осиё ва Тинч океани ҳудудида жойлашган. Ботсвана эса Ядро қуролларини тақиқлашга қўшилган энг сўнгги мамлакат сифатида тарихда қолди. АҚШ эса мазкур шартномани ратификация қилмай келаётган мамлакатлардан бири сифатида қолмоқда. Бу эса дунёнинг мавҳумлик босими остида қолишини англатади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)