Кўпчилик севиб ейдиган ҳотдог аслида Европага, аниқроғи, Германияга тегишли. Айнан немис муҳожирлари бу сосискаларни ХIX асрнинг иккинчи ярмида Америка Қўшма Штатларига олиб келган ва улар тез орада арзон ҳамда тўйимли кўча таоми сифатида машҳур бўлган. Аммо бу егулик нима учун “hot dog” (иссиқ ит) деб аталади?
Немисларнинг “таксасимон колбаса”си
Энг ишончли ва кўп иқтибос қилинадиган талқинлардан бири “hot dog” номини асл немисча атама билан боғлайди. Германияда яратилган бундай сосискаларнинг дастлабки турларидан бири “Dachshundwurst” деб аталган деган фикр мавжуд. Бу сўзма-сўз “такса колбаса” деган маънони англатади. Бунинг сабаби оддий — сосисканинг узун, ингичка шакли чиндан ҳам немисларнинг машҳур ит зотига ўхшаб кетарди.
Немис муҳожирлари ушбу сосискаларни Америкада сота бошлаганларида, инглиз тилида сўзлашувчи аҳоли учун оғир ва талаффузи қийин бўлган “Dachshundwurst” сўзи табиий равишда соддалаштиришга муҳтож эди. Сотувчилар “Иссиқ таксасимон сосискалардан олинг!” деб қичқиришарди. Вақт ўтиши билан, кўча савдосининг жонли муҳити ва кундалик сўзлашувда, узун “дачшунд” сўзи қисқароқ ва тушунарли “dog”га айланди. “Hot” сўзини қўшиш мантиқан тўғри эди, чунки маҳсулот айнан иссиқ ҳолда тақдим этиларди.
Аслида бўлмаган карикатура?
Машҳур манбаларда тез-тез учрайдиган яна бир таниқли ривоят бу атаманинг пайдо бўлишини карикатурачи Тед Дорган ва 20-аср бошларида Нью Ёркдаги бейсбол ўйини билан боғлайди (кўпинча 1901 йил тилга олинади). Ушбу талқинга кўра, Дорган сотувчиларнинг “иссиқ таксалар” (hot dachshunds) ҳақида бақириб гапираётганини кузатиб, бу манзарани тасвирлашга қарор қилган. “Дачшунд” сўзининг тўғри ёзилишига ишончи комил бўлмагани сабабли гўёки оддийроқ “ҳот дог” иборасидан фойдаланган.
Ушбу талқин кенг тарқалганига қарамай, ошпазлик тарихчилари ва тилшунослар орасида жиддий шубҳа уйғотади. Асосий муаммо — ўша карикатуранинг архивларда мавжуд эмаслиги. Дорган ҳақиқатан ҳам машҳур карикатурачи бўлган ва кўплаб жаргон ибораларини оммалаштирган бўлса-да, унинг “hot dog” атамасини яратишда иштирок этгани ҳақида ишончли далиллар топилмаган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, атама карикатура яратилган тахминий санадан олдин ҳам муомалада бўлган.
Елдаги “ит аравачалар”
Энг ишончли маълумотлар бизни ХIX аср охиридаги Йел университети илмий муҳитига олиб боради. Йел талабаларининг матбуотида “ҳот дог” сўзи 1894-1895 йиллардаёқ тилга олингани аниқланган. Талабалар сосиска сотувчиларнинг аравачаларини менсимай “dog wagons” (“ит аравачалари”) деб аташган. Бу ибора, эҳтимол, кампус атрофида сотиладиган арзон сосискалардаги гўштнинг шубҳали келиб чиқиши ҳақидаги кинояли ҳазилларга асосланган.
Yalе Record университет журналининг 1895 йил 19 октябрь сонида талабалар “ҳотдогларни мамнуният билан еяётгани” ҳақида ҳикоя келтирилган. Бу атаманинг замонавий маънодаги илк ҳужжатлаштирилган қўлланилишларидан биридир. Шундан сўнг бу атама аста-секин университет ҳудудидан ташқарига тарқалиб, кундалик сўзлашув тилига кириб борган бўлиши мумкин. Ушбу талқин энг ишончли ҳужжатли асосга эга ҳисобланади.
Изоҳ (0)