Сўнгги вақтларда руҳан чарчаган, тушкунликка тушган ёки ҳаётини қайта кўриб чиқишга эҳтиёж сезаётган инсонлар талайгина. Уларда доим ҳам психологга боришнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Бундай пайтда тўғри танланган сериаллар қалбга малҳам бўлиши, ўзликни англашга ёрдам бериши ҳамда ички диалогни бошлашга туртки бўлиши мумкин.
Қуйидаги сериаллар нафақат сифатли сюжетга эга, балки инсон психологияси, ҳис-туйғулари ва ҳаётий танловлар ҳақида чуқур фикр юритишга ундайди. Келинг, улар билан яқиндан танишамиз.
1. “Ҳазиллашяпман”

- Жанр: Драма, комедия
- Давлат: АҚШ
- Йил: 2018–2020
- Бош ролда: Жим Керри, Фрэнк Ланжелла, Жуди Грир
Бу фильмда Жим Керри болалар шоусидаги телебошловчи Жефф ролини ижро этган. Унинг образида қувноқлик ортида яширинган чуқур ички қайғу мужассам. Жефф оилавий фожиани бошдан кечирганига қарамасдан, болаларга яхши кайфият улашишда давом этади. Сериал яқин инсонларни йўқотиш, руҳият билан боғлиқ синовлар ва иккиюзламачилик билан қандай курашиши мумкинлиги ҳақида жуда нозик ва фалсафий тарзда ҳикоя қилади. Лойиҳа ҳаётга бўлган муносабатимизни қайта кўриб чиқишга ундайди.
2. “Эйфория”

- Жанр: Драма
- Давлат: АҚШ
- Йил: 2019-2023
- Бош ролда: Зендая, Ҳантер Шафер, Жейкоб Элорди
17 ёшли Ру Беннетт реабилитация клиникасида даволанишдан сўнг уйига қайтади. Гарчи у соғайишни хоҳласа-да, гиёҳвандликдан бутунлай воз кеча олмайди ва яна эски одатларига — наркотик моддалар ва бетартиб ҳаёт тарзига қайтади. Бироқ шаҳарга Жулс исмли қизнинг келиши Рунинг ҳаётига умид бағишлайди.
3. “Тедд Лассо”

- Жанр: Комедия, драма, спорт
- Давлат: АҚШ
- Йил: 2020–2023
- Бош ролда: Ханна Уоддингем, Жереми Свифт, Фил Данстер
Канзас коллежи футбол мураббийи Тед Лассо оптимист, доим хуш кайфиятли ва позитив тренердир. У ҳатто YouTube юлдузи сифатида шуҳрат қозонган. “Ричмонд” номли Англия футбол клубининг янги раиси ўзининг айёр режаларини амалга ошириш учун Теддан фойдаланишга қарор қилади ва футбол клубини барбод қилиш ниятида унга бош мураббийлик лавозимини таклиф қилади. Фақат Америка футболи билан шуғулланган Тед ўзининг янги вазифасини одатдаги завқ ва ижобий кайфият билан бошлайди.
Сериалда нафақат спорт мавзуси, балки инсонийлик ҳамда бирдамлик орқали кўплаб мақсадларга эришиш мумкинлиги ҳақида сўз боради.
4. “Катта кичик ёлғонлар”

- Жанр: Детектив, драма
- Давлат: АҚШ
- Йил: 2017–2019
- Бош ролларда: Адам Скотт, Никол Кидман, Александр Скарсгард, Мерил Стрип, Риз Уизерспун
Сериал воқеалари Калифорния штатидаги Монтерей шаҳрида содир бўлади. У ерда юқори ижтимоий қатламга мансуб оналар фарзандларини битта мактабга юборишади. Ҳаммаси худди идеал ҳаётдек кўринади: меҳрибон оилалар, ақлли болалар, қимматбаҳо уйларда яшайдиган замонавий аёллар... аммо бу ташқи идеал ҳаёт ортида кучли ёлғонлар, сирлар ва зўравонлик яширинган.
Мактабдаги хайрия кечасида бир киши ўлдирилади, бироқ биринчи навбатда ким ўлдирилгани ҳам, қотил кимлиги ҳам номаълум. Сериал давомида бу воқеага олиб келган сабаблар кетма-кет очилади.
Сериалда инсонларнинг ички изтироблари, оилавий зўравонлик, ёлғон, ҳақиқат, дўстлик ва оналик каби мавзулар атрофлича ёритилган. Қаҳрамонлар ўз менини топишга, ҳақиқатини тан олишга ва ҳаётни янгидан бошлашга ҳаракат қилади.
Изоҳ (0)