Қашқадарё вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи боланинг бошига қайноқ сув тўкиб юборди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.

Унга кўра, ҳолат Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси назоратига олинган бўлиб, ўрнатилган тартиб асосида ўрганилмоқда. Воқеа 6 февраль куни Ғузор туман 4-ДМТТ катта гуруҳ тарбияланувчиси ҳамда ДМТТда фаолият юритувчи Ш.Й. (тарбиячи), Д.Х.(тарбиячи) эътиборсизлиги оқибатида содир бўлган.
Маълум бўлишича, шу куни соат 12:00 лар атрофида тарбияланувчилар ташқаридан ичкарига тушлик вақтига олиб кирилаётганда Ш.Й. ҳамда тарбияланувчи тўқнашиб кетган. Оқибатда қайнаган сув унинг пешона чап ёноқ соҳаси қисмига тўкилган.
Мазкур ҳолат давомида боғча ҳамшираси томонидан зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг тарбияланувчининг отаси чақиртирилиб, ходимлар иштирокида Ғузор туман шошилинч тез тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, зарурий чоралар кўрилган.
Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмаси кузатув ва текширув ўтказгандан сўнг, тарбияланувчи ва отаси тиббиёт бирлашмасидан кетиб қолгани келтириб ўтилган. Боланинг тиббий кўриклардан ўтказилиши, соғлиғини тез тиклаши учун масъуллар томонидан ҳам молиявий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган таълим ташкилоти масъул ходимларига чора қўлланиши юзасидан етарли ҳужжатлар тўпланиб, хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси томонидан ҳам ўрнатилган тартиб асосида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўрганишлар якунига доир қўшимча ахборот берилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда болаларга ҳар қандай шаклда куч ишлатиш, жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмаслигини айтганди. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходим бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этиши шартлигини таъкидлаганди.
Сўнгги ойларда боғчаларда болаларга нисбатан қилинган қўпол муносабатлар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди. 28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди. 6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
Изоҳ (0)