Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев Тошкент метрополитенида йўловчилар сонининг кескин ортиши фонида тиғизлик муаммоси юзасидан ўз саҳифасида ёзди. Ушбу материал юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК баёнот берди.

“Тошкент метрополитени” ДУК берган маълумотга кўра, сўнгги олти йил давомида пойтахтдаги метро йўналишлари 33 км га кенгайтирилган, 21 та янги бекат қуриб, фойдаланишга топширилган. Шундай қилиб, ҳозирда метро бекатларининг умумий сони 50 тага, йўналишларнинг умумий узунлиги эса 71 км га етган.
Йўловчилар оқими ҳам сезиларли даражада ортгани қайд этилган. 2021 йилда кунлик ташилаётган йўловчилар сони 280-300 минг нафарни ташкил қилган бўлса, 2024 йил охирига келиб бу кўрсаткич 1 миллиондан ошган.
Метрополитен вакилларига кўра, тиғизликнинг олдини олиш мақсадида сўнгги уч йил давомида эрталабки тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати орасидаги интерваллар қисқартирилган. Масалан, Чилонзор йўналишида 2021 йилда поездлар оралиғи 5 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1,5 дақиқага қисқартирилган. Ўзбекистон йўналишида интервал 6 дақиқадан 3 дақиқагача, Юнусобод йўналишида эса 11 дақиқадан 4 дақиқагача туширилган. Ҳалқа йўналишида эса поездлар оралиғи 12 дақиқадан 9 дақиқагача қисқарган.
2021 йилгача жами 36 та поезд қатновда бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 75 тага етказилган. 2025 йил давомида эса яна 56 дона янги замонавий вагонлар харид қилиниши режалаштирилган. Бу эса ҳаракат таркибини янгилаш ва интервалларни янада қисқартиришга хизмат қилади.
Шунингдек, метрополитен расмийлари йўловчилардан метрода ҳаракатланиш қоидаларига амал қилишни, вагон эшиклари олдида тўпланмасликни, тушаётган йўловчиларга йўл беришни ва шахсий буюмларни эътиборсиз қолдирмасликни сўраган.
Баёнотда соҳада мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш ва тизимли ечимлар ишлаб чиқиш учун депутатлар ва метрополитен раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклифи ҳам илгари сурилган.
Метродаги носозликлар:
- Тошкент метрополитенининг “Ўзгариш” бекатида ёнғин чиқди
- Тошкент метрополитенида поездда ёнғин чиққани айтилган хабарга изоҳ берилди
- Тошкентда метро вагонларидан бирининг эшиги очилмай қолди
- Тошкентда метро поезди носозлик сабаб тўхтаб қолди
- Тошкентда метро поезди очиқ эшик билан ҳаракатланди (видео)
- Тошкент метрополитенида поезд икки бекат оралиғида тўхтаб қолди
2024 йилда метрополитенда қанча йўловчи ташилган?
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь декабрь ойларида Тошкент метрополитенида жами 270,3 млн нафар йўловчи ташилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 98,3 млн нафар йўловчига ёки 57,2 фоизга ўсган.
Ушбу кўрсаткич йиллар кесимида қуйидагича:
- 2020 йил – 38,8 млн нафар;
- 2021 йил – 101,8 млн нафар;
- 2022 йил – 136,7 млн нафар;
- 2023 йил – 172 млн нафар;
- 2024 йил – 270,3 млн нафар.
Изоҳ (0)