Венеция сайёҳлик солиғини қайта жорий этади. Бу йил шаҳарга кириш нархи сайёҳнинг чиптани қачон сотиб олганига боғлиқ бўлади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

18 апрелдан бошлаб сайёҳлар шаҳарга кириш учун 5 евро тўлашлари шарт. Бироқ агар чипта ташрифдан уч кундан кам вақт олдин сотиб олинса, сумма икки бараварга, яъни 10 еврогача ошади. Янги тартиб 54 кунлик мавсумга, асосан 18 апрелдан 27 июлгача бўлган муддатдаги дам олиш кунларига тааллуқли. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баравар кўп. Йиғим маҳаллий вақт билан соат 8:30 дан 16:00 гача ундирилади.
Венецияда туристик йиғим илк бор ўтган йили жорий этилган бўлиб, ўшанда расмийлар бундай усул сайёҳлар оқимини чеклашга ёрдам беришини таъкидлаган эди. Аслида бу ташаббус шаҳарга ташриф буюрувчилар сонига деярли таъсир кўрсатмаган. Аммо шаҳарга 2,4 миллион евро даромад келтирган.
Сайёҳлар Венеция—Санта Лючия темир йўл вокзали каби шаҳарнинг асосий кириш нуқталарида назоратчиларга туристик йиғим тўланганлигини тасдиқловчи QR-кодини кўрсатишлари керак. Бир кечага жой банд қилган сайёҳлар тўловдан озод этилади. Талаб Венето минтақаси аҳолиси ва 14 ёшдан кичик болаларга тааллуқли эмас. Аммо солиқ тўлашга мажбур бўлмаганлар ҳам махсус сайтда рўйхатдан ўтишлари шарт.
2024 йилда Венеция сайёҳлар сони бўйича янги рекорд ўрнатди. Унга ҳар йили 30 миллионга яқин одам ташриф буюради, уларнинг аксарияти бир кунга келади.
Venezia Today маҳаллий янгиликлар сайтининг хабар беришича, 35 мингдан ортиқ сайёҳ аллақачон бир кунлик саёҳатлар учун чипталарни брон қилган.
Изоҳ (0)