Фалсафий мультфильмлар бу оддий кўнгилочар жанрдан анча йироқ бўлган, инсон ҳаётининг энг муҳим саволларига мурожаат қиладиган ўзига хос йўналишдир. Бундай асарлар ҳаёт мазмуни, ҳис-туйғулар, инсонлар орасидаги муносабатлар ва ҳар биримизнинг ички оламимиз ҳақида чуқур ўйлашга ундайди. Улар болаларча беғуборлик билан катталарга хос донолик ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, оддий ҳаётий ҳолатларга бошқача нигоҳ билан қарашга ва туйғулар ҳамда фикрларнинг асл моҳиятини кашф этишга ёрдам беради. Ушбу мақолада кўз ва қалбни қувонтирадиган, чуқур мулоҳазага чорлайдиган 10 та анимацион фильм жамланган.
“Руҳ”

Pixar’нинг энг етук ва фалсафий анимацион асарларидан бири бўлган “Руҳ” ҳаёт мазмуни, тақдир ва бахт моҳияти ҳақида ўзига хос фикр юритади.
Асосий қаҳрамон мактабда мусиқа дарсидан сабоқ берувчи Жо Гарднер, бутун умри давомида саҳнада жазз чалишни орзу қилиб яшайди. Ниҳоят орзусига яқинлашганида, кутилмаганда вафот этади. Унинг руҳи бошқа оламга тушади. Бу ерда ҳали туғилмаган руҳлар ҳаётга тайёрланади.
Жо ўз тақдирига бўйсунишни истамайди ва ерга қайтиб, орзусини амалга ошириш учун ҳаракат қилади. У шу ерда 22-рақамли руҳ билан танишади. Бу руҳ ҳаётга келишни хоҳламайди. Уларнинг сафарлари давомида фильм чуқур саволларни ўртага қўяди: ҳар бир инсоннинг ягона буюк мақсади борми? Агар бўлмаса, унда ҳаётнинг мазмуни йўқоладими?
“Руҳ” инсон фақат “катта орзу” билан яшаши керак деган машҳур афсонани инкор этади. Фильм ҳаёт ўз-ўзидан бебаҳо — содда лаҳзаларда, қисқа туйғуларда, оддий воқеаларда эканини кўрсатади. Орзулар муҳим, аммо шу дамда яшашни, яшаётганингни ҳис қилишни ўрганиш ундан ҳам муҳим.
Фильм визуал жиҳатдан икки дунёга бўлинади: ёрқин ва батафсил тасвирланган Нью Йорк моддий ҳаётни ифодалайди, минималистик услубда чизилган мавҳум руҳлар дунёси эса воқеаларнинг маънавий томонини акс эттиради.
“Руҳ” — бу нафақат кўнгил очувчи анимация, балки инсонни ҳаётга, муваффақиятга, мақсадга ва кундалик ҳаётдаги оддий лаҳзаларга бошқача нигоҳ билан қарашга ундовчи асар. Айниқса, катталар учун чинакам илҳом манбаи бўла оладиган камёб мультфильм.
“Бошқотирма”

“Бошқотирма” бу Pixar студияси томонидан яратилган ноёб анимацион фильм бўлиб, у томошабинни инсоний ҳиссиётлар оламига 11 ёшли қизча Райлининг ички дунёси орқали олиб киради. Бу шунчаки қизиқарли воқеа эмас, балки онг ва ҳис-туйғуларни чуқур фалсафий таҳлил қилувчи асардир.
Фильм марказида бешта асосий ҳиссиёт — Қувонч, Ғам, Қўрқув, Ғазаб ва Нафрат туради. Улар Райлининг онгидаги бошқарув марказидан фикр ва хатти-ҳаракатларини бошқаради. Оиласи янги шаҳарга кўчиб ўтгач, Райлининг ҳаёти издан чиқади ва ҳиссиётлар ўзаро тўқнаш келади. Фильмнинг асосий сабоқларидан бири — ҳиссиётлар мувозанатини сақлаш ва барча ҳис-туйғуларни тўлиқ ҳаёт учун зарур деб тан олишдир.
“Бошқотирма” нинг фалсафий ғояси шундан иборатки, ҳис-туйғулар бир-биридан ажралган ҳолда эмас, балки ўзаро боғлиқ ва мураккаб эмоционал манзарани яратади. Қарама-қарши туюлган қувонч ва ғам аслида бир-бирисиз мавжуд бўлолмайди. Фильм шу орқали инсон заифлигини қадрлаш ва оғриқни тажриба ҳамда ўсишнинг бир қисми сифатида қабул қилиш муҳимлигини кўрсатади.
Бу ҳикоя вояга етишиш нафақат янги билимларни эгаллаш, балки ўз ички дунёсини қайта англаш эканлигини кўрсатади. Райли ҳар доим бахтли бўлиш имконсизлигини тушунади — ғам ва қайғу қувончни қадрлашга ва яқинлар билан янада чуқурроқ алоқалар ўрнатишга ёрдам беради.
“Бошқотирма” — бу шахсиятимиз қандай шаклланиши, хотираларимиз ва ҳиссиётларимиз қандай ўзгариши ҳамда чинакам етуклик, фақат ёрқин ва ижобий ҳисларни эмас, балки бутун ҳиссий спектрни қабул қилишда эканлиги ҳақида фалсафий мушоҳададир. Бу анимацион фильм бизга ўзимизни чуқурроқ ва раҳм-шафқат билан тушунишни ўргатади, қалбимиз инсонийлигимизни белгиловчи мураккаб ва гўзал ҳис-туйғулар мозаикаси эканини эслатади.
“Валл-I”

“Эрнест ва Селестина: сичқонча ва айиқ саргузаштлари”

“Эрнест ва Селестина” акварел услубидаги юмшоқ визуали, илиқ муҳити ва кутилмаган фалсафий чуқурлиги билан томошабинларни ўзига ром этган.
Мультфильм икки жамият ўртасидаги зиддиятга асосланган: юқорида — айиқ, пастда эса сичқонлар яшайди. Улар бир-биридан қўрқади ва нафратланади. Селестина — етим сичқонча, рассом бўлишни орзу қилади, аммо унинг жамиятида бу рухсат этилмайди. Эрнест — камбағал кўча мусиқачиси, жамиятга сиғмайдиган айиқ. Улар тасодифан учрашади ва ҳақиқий дўстлик вужудга келади, бу эса барча қоидаларга зид бўлади.
Фильмнинг асосий ғояси: муҳаббат ва тушуниш келиб чиқишдан ёки ижтимоий қоидалардан қатъи назар юзага келади. Эрнест ва Селестина қолипларни бузадилар ва жамият уларни жазоламоқчи бўлади. Лекин айнан уларнинг очиқлиги, меҳрибонлиги ва самимийлиги икки дунё ўртасида кўприк яратади.
Фильм савол қўяди: “Ўзимизники” ва “бегона” ўртасидаги чегараларни ким белгилайди? Нега бошқани тушуниш истагидан кўра, ундан қўрқиш кучлироқ?
“Шимол томон”

“Шимол томон” бу француз-даниялик анимацион фильм бўлиб, у саргузашт қобиғи остида эркинлик иродаси, қўрқувни енгиш ва вояга етишиш ҳақидаги чуқур фалсафий ғояларни кўтаради.
Воқеалар ХIX аср охирида Россияда кечади. Бош қаҳрамон ёш аристократ қиз Саша, машҳур саёҳатчи Олсенннинг набираси бўлади. Унинг бобоси Шимолий қутбга экспедиция вақтида ғойиб бўлган. Саша катталарни ишонтиролмагач, ўзи шимолга йўл олади, бобоси қаҳрамон эканини исботлаш учун.
Саша қулай ҳаётни тарк этади ва совуқ, очлик, хиёнат, чарчоқ билан юзлашади. Бу фильм ҳақиқий инсон қадриятлари — синов, иймон ва ҳақиқатга содиқликда деган фикрни илгари суради.
Фильм қуйидаги саволни қўяди: Эркинлик нима дегани? Саша нафақат табиатга, балки ёш қиз сифатида жамиятнинг чекловларига қарши чиқади. Минималист анимацияси соддалик орқали ички драматизмни очиб беради.
Бу ҳикоя ҳеч ким ишонмаганда ҳам охиригача бориш жасорати ва ҳақиқат учун қурбонлик ҳақида.
“Клаус”

“Клаус” — бу оддий Янги йил эртаги эмас, балки эзгуликнинг ўзгарувчан кучи, севгидан туғиладиган ижобий силсила ҳақида фалсафий эртак.
Асосий қаҳрамон — бекам-у кўст яшаб келган, эркатой йигит Жеспер, почта империяси бошлиғининг ўғли. У узоқ шимолдаги Смиренсбург шаҳрида почта тизимини йўлга қўйишга мажбур бўлади. Бу ерда эса инсонлар бир-бири билан гаплашмайди, уруш ҳолатида яшайди.
Ҳаммаси Клаус сокин, ўйинчоқ ясовчи одам билан танишгач ўзгаради. Улар болаларга совға тарқатишни бошлайди ва бу бутун жамиятни ўзгартиради. Ҳар бир яхшилик янги яхшиликка туртки беради.
Фильмнинг ғояси оддий, аммо кучли: Ҳақиқий фидокорлик доимо янги эзгуликни туғдиради.
“Қизил тошбақа”

“Қизил тошбақа”— бу сўзсиз, аммо фалсафий жиҳатдан ниҳоятда кучли анимацион фильм бўлиб, ҳаёт, табиат ва қабул қилиш ҳақида.
Номаълум бир киши оролда якка қолади. Ҳар сафар оролдан чиқмоқчи бўлганида, сирли куч (қизил тошбақа) бунга йўл қўймайди. Бир куни у тошбақани ўлдиради, лекин у аёлга айланади. Улар бирга яшаб, оила қуришади, умр ўтказади.
Фильм ҳаёт маъноси табиат билан курашда эмас, балки бирлашишда эканини кўрсатади. Тошбақанинг аёлга айланиши инсон ва табиат ўртасидаги ажралмас боғлиқлик тимсолидир.
Бу фильм — ҳаёт, ўлим, жимлик ва борлиқ ҳақидаги медитация. Унинг сукунатида чуқур тинчлик ва нозик ғам бор.
“Шамол кучаймоқда”

“Шамол кучаймоқда” бу Хаяо Миязаки томонидан яратилган тўлиқ метражли анимацион фильм бўлиб, унда анимация шеърий ва фалсафий ифода воситасига айланади. Фильм афсонавий япон самолёт конструктори — Зиро Хорикоси ҳаётидан илҳомланган, аммо техника ёки уруш ҳақида эмас, балки орзу, гўзаллик ва улар учун тўланадиган нарх ҳақида ҳикоя қилади.
Зиро болалигидан учишни орзу қилади, аммо кўзининг заифлиги бунга тўсқинлик қилади. Шунда у самолёт ясовчи муҳандис бўлишга қарор қилади. Унинг орзуларида унга италиялик самолёт муҳандиси Капрони келиб: “Муҳандис ҳам рассомдир. Гўзаллик учун яратинг,” дейди.
Бу ибора фильмнинг фалсафий марказига айланади. Дзиро санъат даражасидаги самолётлар яратишга интилади, аммо уларнинг барчаси урушда ишлатилади. Миядзаки томошабинга оғриқли савол беради: “Агар дунё вайронагарчиликка бўйсунса, яратувчи бўлиб қолиш мумкинми?”
Фильм давомида Зиро ва Наоко ўртасидаги нозик ва қайғули муҳаббат ҳикояси ҳам очилади. Наоко оғир касал, уларнинг муҳаббати қисқа ва заиф, лекин гўзаллик ва нур билан тўла. Фильм шу орқали шуни айтади: гўзаллик ўткинчи бўлса ҳам, бу уни камроқ қимматли қилмайди.
“Шамол кучаймоқда” — Миязакининг энг етук, фалсафий ва лирик асарларидан бири бўлиб, у гўзаллик ва фожиани бир-биридан ажратмай, инсон қалбининг зиддиятларини кучли ва нафис тарзда акс эттиради.
“Персеполис”

“Персеполис” бу Маржан Сатрапининг шу номли автобиографик график романига асосланган анимацион фильм бўлиб, унда ёш эронлик қизнинг вояга етиши ва ички кураши, сиёсий ҳалокатлар ва маданий тўқнашувлар фонида тасвирланади. Аммо шахсий тақдир ҳақида ҳикоя қилиш орқали фильм аслида эркинлик, шахсийлик ва танлов нархи ҳақида фалсафий ва самимий баёнот беради.
Маржан Теҳронда, Ислом инқилоби даврида улғаяди. Унинг болалиги сиёсий шиорлар, оилавий норозиликлар ва болаларча хаёллар аралашмасида ўтади. У пайғамбар бўлишни орзу қилади, Ирон Маиден гуруҳини тинглайди, ўқитувчилари билан баҳслашади.
Ўсмирлик йилларида ота-онаси уни Европага, Вена шаҳрига юборади. Бу ерда янги босқич бошланади — ички сургун. Гўёки бу жамиятда у ўзига содиқ бўлиши мумкин, лекин у бу ерда бегоналик ҳиссидан қутула олмайди. “Қаер менинг уйим?”, “Мен кимман, ҳеч қаерда ўзимни уйимдагидек ҳис қилмасам?” — бу саволлар фильмнинг фалсафий марказига айланади.
Фильм шахсий эркинлик ва тарих, маданий хотира ва мослашиш зарурати, “ўзинг бўлиш” истаги ва атрофдагиларнинг тасдиғини излаш ўртасидаги зиддиятларни ўрганади. Визуал жиҳатдан фильм оқ-қора график услубда яратилган.
Маржан мукаммал қаҳрамон эмас. У хатога йўл қўяди, йўлдан адашади, ёлғон билан ўзини ҳимоя қилади, айбдорликдан азият чекади. Лекин айнан шулар орқали у ҳақиқий инсон сифатида кўринади.
Бу фильм шахсий ҳаёт қандай қилиб катта сиёсат ва тарих билан узвий боғланганини, ўз тилингдан, юртингдан, хотирангдан қочиб бўлмаслигини, лекин шунингдек, эркинлик — бу географик жой эмас, балки ўзлигингни сақлаш учун ички кураш эканлигини эслатади.
Изоҳ (0)