• Профилга Кириш
  • 1751972643_633.png 1751972643_245.png 1751959824_218.svg 1751959824_520.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12615.07
    • RUB162.02
    • EUR14754.59
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +24°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Футбол

    Оиласини қашшоқлик ва очликдан қутқарган жангчи йигит: Арда Гюлернинг курашга тўла ҳаёт мактуби

    “Реал Мадрид” футболчиси Арда Гюлер туркиялик болалар учун мактуб йўллади. Унинг болалигидан “Реал Мадрид”гача бўлган йўли — бу фақат футбол эмас. Бу — ғурур, қашшоқлик, сабр, ва оиланинг беқиёс фидойилиги ҳақида ҳикоя. Уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

    Менинг гўзал юртимдаги барча болаларга:

    Энди вақт келди. Сизларга ўз ҳикоямни тўлиқ айтиб беришим керак, ҳеч нарсани яширмай. Мен доимо бизнинг футбол мамлакати сифатидаги келажагимиз ҳақида ўйлайман. Умид қиламанки, менинг йўлим, менинг курашим сизлардан бирортангизга илҳом бахш этади. Шунда ҳар бир бола — айнан шу юртда, Туркияда — орзуларига эриша олишини тушуниб етади. Чунки бир неча йил олдин мен ҳам сизлардек эдим.

    Қизиқ ҳолат... Мен 12 ёшимда фақат битта нарсага ошуфта эдим — PlayStation олишга. Қандай даражада хоҳлаганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ҳар куни дадамдан ёлвориб сўрардим. Менга фақат “FIFA 17” ўйини керак эди, холос.

    Аслида, болалигимда видеоўйинлар билан кўп шуғулланмасдим, кўчада футбол ўйнардим. Лекин бир куни дўстларимдан бири ичида “FIFA 17” ўйини бўлган PS4 сотиб олди — бу биз учун энг бахтли кунлардан бири бўлди.

    Кейин биз Алекс Хантер (FIFA 17 ўйинидаги қаҳрамон) иштирокидаги “Карьера” режимини кўрдик — бум! Миямиз портлагандек бўлди.

    Эслайсизми, Алекс Хантерни? Балки айримларингиз ҳали жуда ёш бўлгандирсиз. Аммо “FIFA 17”да “Карьера” деган режим бор эди. Унда сиз Алекс исмли оддий бир йигит ролида ўйнайсиз. Ҳеч ким бўлиб бошлайсиз, кейин эса йирик клублар билан шартнома имзолашга ҳаракат қиласиз. Агар муваффақиятга эришсангиз, сизни Криштиану Роналду каби юлдузлар билан ёнма-ён, майдон йўлагида турган ҳолатда кўрсатишади.

    Бу биз учун оддий ўйин эмас — бу экран орқали кўрган ҳақиқий орзуларимиз эди. Шунчалик боғланиб қолган эдик… Ҳар сафар дўстимнинг уйидан қайтганимда дадамга ёлвориб айтардим: “Яхши бола бўламан! Яхши ўқийман!”

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тҳе Playэрс Tribune

    Лекин биласиз-ку, ота-оналар қандай бўлишади. Узоқ вақт давомида дадам фақат шундай дерди: “Бир оз сабр қил, баъзи ишларимни ҳал қилишим керак…”

    Нимани назарда тутганини тушунмасдим. Бир куни мактабдан келсам, ошхона столида бир қути турарди — шакли айнан PlayStation’га ўхшарди. Мен ақлдан оздим.

    “Ростданми?!” дедим дадамга қараб.
    У кулиб: “Ҳа, ростдан”, деди.

    PlayStation’ни ёқдим. Ичида бир нечта ўйинлар бор эди. Диск ҳам керак эмас. Жуда яхши кўринарди — деярли ишониб бўлмасди. Дадамдан фақат бир ўйин сўрагандим, лекин ҳозир менда 20 таси бор эди!

    Аммо шунда тушундимки — менинг FIFA ўйиним аслида ҳақиқий эмас эди. “Карьера” режими йўқ, Алекс Хантер кўринмасди. Баъзи жамоа номлари ғалати эди. Масалан, Криштиану Роналдуни танламоқчи бўлсам, “МD White” деган жамоани олишим керак бўларди.

    Ичимда ўйладим: “Бу аслида ҳақиқий FIFA эмас-ку”. Дадамга бордим, шубҳамни айтдим:

    “Дада, бу тўғри ўйинми ўзи? Бир нарса ғалати-ку”.
    У хотиржамлик билан жавоб берди:
    “Ҳа, ҳа, албатта. Қурилмани ёқиб-ўчириб кўрдингми?”
    Кейин кулиб: “Балки интернетдандир”, деб қўшиб қўйди.

    Мен эса ичимдан билиб турардим — бу FIFA эмас. Лекин барибир бу ўйин қурилмаси менга муҳим эди. Чунки бу шунчаки ўйин эмас, бу — менинг орзум эди.

    Ҳафталаб ўйнайвердим. FIFA’дан бошқа ҳеч қандай футбол ўйинини ўйнаб кўрмаганим учун, чин дилдан ўйлардим: “Бу шунчаки бошқа версияси”.

    Аммо бир куни дўстларимни уйимизга таклиф қилдим. Ўйинни ёқдим. Улар бир қарашда ҳайрон бўлишди:

    “Арда, бу нима?” дейишди.
    Мен эса ишонч билан: “FIFA!” деб жавоб бердим.
    Улар кулиб юборишди:
    “Акаси, Фенербаҳче қани? Бу қанақа ғалати клуб номлари? Отангни алдашган-ку!”

    Уларнинг кулгисига мен ҳам қўшилдим, лекин юрагимда ўзимни жуда хижолатли ҳис қилардим. Бироқ битта нарса аён эди — бу менинг орзум эди. Ҳатто сохта FIFA бўлса ҳам, мен барибир уни севиб ўйнардим.

    Менга на ҳақиқий стадион, на ҳақиқий дарвоза, на янги PlayStation керак. Ҳатто дарвоза ўрнига тош қўйиб ўйнасам ҳам — мен бахтлиман. Бу — турк менталитети.

    Нимани айтмоқчи бўлаётганимни тушуняпсизми? Мен бой оилада улғаймаганман. Футболчининг ўғли ҳам эмасман. Мен Анқарадаги оддий кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида катта бўлдим — уйда қоладиган онам ва рўзғорни тебратадиган, бироқ яқинда дўкони ёпилган дадам билан.

    Нега дўкони ёпилди, дейсизми? Ҳа, бу саволга Туркияда бериладиган ҳар 100 та жавобдан 99 таси бир хил: футбол.

    Дадам футболни қанчалик яхши кўрганини биласизми? Мен эндигина юришни ўрганаётганимда, у чап тарафимга шар осиб қўярди — фақат чап оёғим билан тепишимни хоҳларди. Чапақай футболчи бўлишимни орзу қиларди. У “Фенербаҳче”га нафақат мухлислик қилган, балки клуб учун яшарди. Менга доим бизнинг қонимиз сариқ ва кўк рангли эканини айтарди.

    Бир сафар дербида гол урганимизда, у дивандан сакраб туриб, шифтдаги чироқни синдириб юборган. 2010 йил чемпионликни охирги турда бой берганимизда эса, сандиқни тепиб оёғини жароҳатлаб олган — гўё мультфильм қаҳрамонидек.

    Дадам туфайли, мен туғилган кунимдан бошлаб “Фенербаҳче”лик эдим.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Менинг дастлабки орзуларимдан бири — ўйинни стадионда жонли томоша қилиш эди.

    Аммо онлайн чипталарни олиш деярли имконсиз эди. Соат 13:00 — чипталар сотуви бошланади, 13:01 — ҳаммаси сотиб бўлинган. Ҳар сафар шундай бўларди.

    Лекин 2014 йилда, мен 9 ёшда бўлганимда, “Фенербаҳче” мухлисларига стадионга кириш тақиқланди. Шунда трибуналарни бутунлай ёпиш ўрнига, фақат аёллар ва болаларни киритишга рухсат берилди. Бу — биз учун чинакам имконият эди.

    Чипталар сотувга чиқишидан бир кун олдин, ота-онам, опам ва мен машинада Истанбулга бордик. Эрталаб соат 5:00 да етиб бордик ва стадион кассаси олдида навбатга турдик. Кассанинг очилишини машинада кутиб ухлашга тўғри келди. Навбатда биз учинчи эдик. Ақл бовар қилмайди! Эртаси куни эрталаб чипталар қўлимизда эди — ишонолмасдик!

    “Шукру Сарачоғлу” стадионига биринчи марта кирган куним — худди орзулар оламига тушиб қолгандек эдим. Ичкарида зинапоялардан юқорига кўтариласан — ҳар бир қадамда трибуналар ва майдон аста-секин кўрина бошлайди. Ниҳоят, яшил чим кўз олдингда очилади… кейин эса стадион шовқини… бу ақл бовар қилмас лаҳза эди. Гарчи трибунада эркаклар бўлмаса ҳам, болалар ва аёллар билан бу стадион дунёдаги энг кучли муҳитга айланганди.

    Бир пайт майдонда Азиз Йилдиримни кўрдим. Ҳатто 9 ёшимда ҳам унинг кимлигини билардим. Дарров пастга тушиб, уни кўришга югурдим. Қанчалик ҳаяжонланганимдан онамга қаерга кетаётганимни айтишни унутибман. У 20 дақиқа мени қидирган экан. Жуда қўрқиб кетган — бунинг учун онамдан кечирим сўрайман.

    Ўша шовқинни эшитганингда ва яшил майдонни кўрганингда — худди жаннатдагидек бўласан. Болалар, сизлар ҳам шу туйғуни бошдан кечиришингизни чин дилдан истайман.

    Стадиондаги муҳит — уйим атрофидаги шароит билан солиштирганда кулгили даражада ажойиб эди. Биз яшаган маҳалла майдони — аслида баскетбол майдони эди. Мен эса у ерда маҳалладаги катта болалар билан футбол ўйнардим. Баъзида мактабда, баъзида машиналар тўхташ жойида… Ойналарни синдириб, дадамнинг чўнтагини қуритганман. Аммо оилавий молиявий муаммоларимиз сабаби бу эмас эди.

    Гап шундаки, мен жисмоний тарбия ўқитувчим Маҳмуднинг эътиборига тушдим. 9 ёшимда у дадамга:

    “Бу болани ‘Генчлербирлиги’ академиясига олиб боринг”, деб маслаҳат берди.

    Дадам аввалига рози бўлмади — академия уйимиздан бир соатлик масофада эди. Аммо Маҳмуд менга ишонди, дадамни кўндирди. Дадам иш бўлмаган пайтлари дўконни шеригига топшириб, мени машинада олиб бора бошлади.

    Бир куни дадам мени четга олиб чиқди-да, шундай деди:

    “Ўғлим, дўконни ёпишимиз керак”.

    Дўкон — оиламизнинг ягона даромад манбаи эди. Шундан кейин биз даромадсиз қолдик.

    Бу орада дўстларим мени вафли ейишга таклиф қилишарди. Лекин синфдошларинг олдида:

    “Кечирасиз, пулим йўқ”, дея олмайсан.

    Мен ҳар доим “чарчадим” ёки “бора олмайман”, деб баҳона қилардим.

    Шукрки, уйда доим овқат бор эди. Биламан, ҳатто том остида ухлаш имконига эга бўлмаган кўплаб болалар бор. Ўзимга “қачондир бизга ҳам омад кулиб боқади”, деб айтардим.

    Кўп ўтмай, ота-онам янги дўкон очишди. Вазият бир оз яхшиланди. Лекин бир неча йил ўтиб, “Фенербаҳче” мени таклиф қилганида, биз бу қарорни фақат футбол учун эмас, балки пулга ҳам эҳтиёж борлиги учун қабул қилдик.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Бу қарорни қабул қилишимизга уч ой вақт кетди, чунки бундай танлов бутун ҳаётингни ўзгартиради. Мен атиги 13 ёшда эдим, ота-онам эса менинг уйдан чиқиб кетишимни истамасдилар. Менинг орзум “Фенербаҳче”да ўйнаш эди, лекин бу жуда катта қарор, катта хавф эди. Ҳеч ким менинг профессионал футболчига айланишимга кафолат бера олмасди.

    Охир-оқибат, дадам шундай деди:

    “Агар чўксанг, улкан денгизда чўк. Олти ой ичида ҳаммаси яхши бўлса, ҳамма нарсамизни сотамиз ва сенинг олдингга кўчиб борамиз”. Бу — Истанбул дегани эди.

    Биз Анқарани тарк этаётган куни, дадам барча яқинларимизни — тахминан 30 кишини йиғди. Ўша куни туғилган куним эди. Катта торт билан нишонладик, лекин онам фақат йиғларди. Ҳаётимда бунчалик кўп кўз ёши тўкилган туғилган кун бўлмаган. Мен унга:

    “Сиз мен билан фахрланасиз. Тез орада Истанбулда бирга бўламиз”, деб ваъда бердим.

    Лекин энг кўп эсимда қолган суҳбат — опам билан бўлган суҳбат эди. У мендан 8 ёш катта. Йўлга чиқишимиздан олдин кўзларимга қаради-да, шундай деди:

    “Арда, музлаткични тўлдиришинг керак. Бу орзуни амалга оширишинг шарт”.

    13 ёшда бунга қандай муносабатда бўлишни билиш мушкул. Сен бу ўйинни фақат завқ учун ўйнаяпсан, бирдан бутун оилангнинг келажаги сенга боғланиб қолади. Мен фақат битта нарсани эслайман — Истанбул сари йўлда кетаётганимизда, дадам туғилган кунимга совға қилган дафтарчани очдим. Унинг муқовасида ёзув бор эди: “Арда 10”.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Мен уни очдим ва орзуларимни ёздим. Биринчи рақам: “Фенербаҳче” асосий жамоасида ўйнаш.

    Кейин дадам дафтарни кўриб қолди ва менга ёрдам берганларнинг исмини ёзишни айтди — тахминан 20 киши, жумладан, жисмоний тарбия ўқитувчим Маҳмуд ҳам. Афсуски, у мени профессионал футболчи бўлиб ўйнаётганимни кўра олмади. Маҳмуд, охиратингиз обод бўлсин.

    “Фенербаҳче” академиясига келганимизда соатга қарадим: 19:07. Бу — клубимиз асос солинган йил. Балки бу тақдирдир. Лекин ҳақиқий ҳаёт FIFA’дагидек эмас. Орадан бир неча ой ўтгач, оиламдагиларни шунчалик соғиндимки, Анқарага қайтгим келди. Ростини айтсам, орзуларимдан воз кечмоқчи ҳам бўлдим.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Thе Players Tribune

    Битта нарсани тушунишингиз керак: Анқара ва Истанбул — бошқа-бошқа дунё. Пойтахт Анқара бўлиши мумкин, лекин пул ҳам, имконият ҳам Истанбулда.

    Бир куни мактабимизда истаган кийимимизни кийиб келишимизга рухсат беришди. Форма йўқ. Маҳаллий болалар дизайнерлик кийимларида чиқишди. Мен эса формамни кийиб бордим. Улар: “Арда, нима қиляпсан ўзи?” дейишди. Мен эса: “Эҳ, унутибман”, дедим. Аммо мен унутмаган эдим. Шунчаки кийишга бошқа ҳеч нимам йўқ эди.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Жамоада эса ўзимни янада ёлғиз ҳис қилардим. Чунки мени бир ёш катта тоифадаги гуруҳга олиб чиқишди — у ерда 6–7 та маҳаллий бола бор эди, клубда анчадан бери ўйнашарди. Лекин фақат мен ўйин амалиётига эга бўлардим. Улар: “Бу анқаралик болани нима қилиб майдонга туширишяпти ўзи? Сиёсат, таниш-билиш”, дейишарди.

    Келганимга тўрт ой бўлганида мураббий ёнига чақириб: “Арда, сен бизнинг сардоримизсан”, деди. Маҳаллий болалар норози бўлишди. “Арда, сен бизнинг 10-рақамимизсан”, мураббий давом этди. Жамоадошларим ҳайратдан ёрилиб кетишди.

    Биласиз-ку, 10-рақам Туркияда жуда катта даража. Ҳатто U-14 жамоасида ҳам. Бу шунчаки ижодкор футболчи эмас. Бу — қутқарувчи. Бу — ҳақиқий Алекс Хантер.

    Мен фахрландим, лекин қўрқдим ҳам. “Қизиш машқларини сен олиб борасан”, дейишди. “Қани йигитлар, энди юқори тиззаларни айлантиринг! Тезроқ!” Бундай жумлаларни айтиш менга ёқмас эди. Жуда тортинчоқ бола бўлганман.

    Оиламни соғинардим. Бир куни ўзимга дедим: “Энди бўлди. Чидолмайман”. Отамга айтишга ботина олмадим. Ғурурим йўл қўймади. Жуда оғриқли эди. Лекин оилам кўчишни ўйлаётганини билардим. Шунда хонадошимга айтдим:

    “Отамга Арданинг аҳволи яхши эмас, деб ёзиб юбор”.

    Ёрдам келди. Шу хабардан кейин оилам Истанбулга кўчиб келди. Дўконни ёпиб, уйимизни эса сотиб юборишди. Тушуняпсизми, улар келажакларини кичкина болалари учун тикишган эди. Агар мен уддалай олмасам, ҳаммаси тугарди.

    Яхшиямки, отам иш топди, мен эса фақат футболдан бошқа ҳеч нарсани ўйламай қўйдим. Кейин Загребда U-17 турнирига бордик. Академияда Модричнинг расми осилган эди. Мураббийлардан бири қўлимдан ушлаб: “Бир кун келиб сен ҳам шунақа бўласан”, деди.

    Айтингчи, бундай гапни эшитган болакай нима дейиши керак?

    Орадан кўп ўтмай, “Фенербаҳче” мени катталар жамоасининг ўртоқлик ўйинига чақирди. 15 ёшда эдим. Ҳатто катталар билан машғулот ҳам ўтказмаганман. Мураббийлар билан машғулот пайтида уларнинг кучини кўриб ҳайрон қолдим. Луиз Густаво — 80 килограмлик соф мускулларга эга. Менчи? Ҳеч нарса. Фақатгина тери ва суяк.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Яхши эслайман, 2021 йил август ойи эди. Витор Перейра мени илк расмий ўйинга чақирди. “ҲЖК Ҳелсинки”га қарши уйда ўйнаётгандик. Жамоада кўплаб жароҳатлар бор эди. Иккинчи бўлимда бир футболчимиз алмаштирилди, мураббий захирага қаради. У ерда уч нафар ўйинчи қолган эди: бири дарвозабон. Иккинчиси ҳам дарвозабон. Учинчиси? 15 ёшли, чўпга ўхшаш бола — яъни мен.

    “Арда, тайёрлан”, деди. Юрагим дукуллаб урарди. PlayStation’да фақат пульт титрайди, ҳақиқий ҳаётда эса бутун тананг! Лекин майдонга чиққанимдан кейин ўзимни анча хотиржам ҳис қилдим. Ўша дафтардаги иккинчи орзум эсимга тушди: “Фенербаҳче” учун жарима зарбасидан гол уриш. Мен бунга бутун ҳаётим давомида тайёрланиб келгандим.

    Тез орада жарима зарбаси белгиланди. Бу Хосе Соуза учун эди. У билан баҳслашиш? Фақат телбалар шундай қилади. Мен шундай эдим. Ёнига турдим, зарбага тайёрландим.

    Соуза туркча билмас эди, мен эса испанча. Инглизча сўрадим: “Can I kick?” У индамади. Қаттиқроқ бақирдим. У яна жим. Шу пайт стадион ҳам “Киииим?” деб сўради. Камера менинг юзимга қаратилган. Бироқ Соуза зарбани ўзи ижро этди ва фойдалана олмади.

    Аммо мен ўша лаҳзани ҳеч қачон унутмайман. Айниқса, мухлисларнинг реакциясини.

    Ўйин тугади. Ташқарида ота-онам кутиб туришарди. Онам йиғлаб юборди: “Арда, сен уддаладинг”. Дадам эса жим. Менга қараб турарди. Мен ундан нега хурсанд эмаслигини сўрадим. Дадам: “Нега сен жарима зарбасини ижро этмадинг? Мен биламан — сен гол ура олардинг”, деди.

    Биласизми, одамлар турк мухлислари ҳақида гапирганда “жўшқин” дейишади. Аммо бу сўз етарли эмас. Қисқагина бир воқеани айтиб бераман.

    Бир сафар “Фенербаҳче”га мухлислик қиладиган танишим “Галатасарай”га қарши дербига борган. У ҳар куни дори ичарди. Ўйинда ҳакам бизга пенальти бермаганида, атрофга қараган — ниманидир майдонга отмоқчи бўлди. Сув идиши, шоколад, нима бўлса ҳам. Аммо ҳеч нарса тополмади. Фақат чўнтагидаги дори қутиси бор эди холос.

    У бир муддат унга тикилиб турди. Бу дори унинг соғлиги учун жуда муҳим эканини биларди. Аммо “Галатасарай”га бўлган нафрати шу қадар кучли эдики, охири ўзини тия олмади. Дорини майдонга ирғитди.

    Ўша кечаси эса Истанбул кўчаларида соатлаб дорихона излаб юрди. Бу воқеани фақат турк тушунади, деб ўйлайман. “Фенербаҳче”сиз “Галатасарай” йўқ. Бу абадий рақобат ва туганмас “дўстлик”. Аммо агар сен “Фенербаҳче” мухлиси бўлсанг, “Галатасарай”га оид ҳар бир нарсага қарши бўласан. Бу — қонун.

    Ўша даврда мен фақат хотиржам бўлишим керак эди. Дўстларимнинг барчаси “эҳтиёт бўл”, дейишарди. Чунки бу ўйинда шамол жуда тез ўзгаради. Биргина хато ва ҳаммаси тугайди. Дадам эса ҳар куни газеталардан мен ҳақимда салбий нарса ёзилмаганми, деб мақолаларни кузатарди.

    Онам уй ўйинларимизда трибуналарда одамлардан: “Раҳмат, яхши бола тарбиялабсиз”, деган гапларни эшитганида ҳар доим йиғларди. Албатта, мен гол урганда ҳам қувонарди. Аммо кимдир: “Сиз жуда яхши фарзанд тарбиялабсиз”, деса — бу онам учун “Фенербаҳче” сафида урилган 100 та голдан-да муҳимроқ эди.

    Ёдда тутинг, болалар. Футболдан ҳам муҳим бўлган нарсалар бор. Айниқса, она.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    2022 йил августида бўлган қўнғироқни ҳеч қачон унутмайман. “Арда, онанг. Юраги билан муаммо. Фавқулодда операция қилинмоқда”. Шу сўзларни эшитган заҳоти футбол хаёлимдан чиқиб кетди. Дунё айлана бошлади. Ичимда оғир бир тугун пайдо бўлди. Шифокорлар онамнинг юрак клапанини алмаштиришди. Операцияга тайёргарлик кўраётган пайтда у касалхона тўшагида ётган ҳолда менинг “Қосимпошо”га икки гол урганимни томоша қилди. Оиламиздан кимдир у видеони менга юборди — мен гол нишонлаяпман, онам эса йиғлаяпти.

    Видеони кийим алмаштириш хонасида очдим. Жуда қўрқиб кетдим. Мен ҳам йиғладим. Онамни йўқотиб қўяман деб ўйладим. Эртаси куни кейинги ўйинда ўйнамаслигим ҳақида клубга айтдим. Ҳаётимда биринчи марта тўп тепишни хоҳламадим.

    Яхшиямки, “Фенербаҳче” мени қўллаб-қувватлади. Менга танаффус беришди. Клуб президенти Али Кўч энг яхши шифокорларни топди. Операция муваффақиятли ўтди. Онам тузалди. Нима иш қилишингдан қатъи назар, оиладан муҳим нарса йўқ.

    Операциядан атиги икки ой ўтиб, мен “Динамо Киев” дарвозасига ажойиб гол урдим. Футболкани кўтариб, ичимдаги ёзувни кўрсатдим: “Онажон, сизни жуда яхши кўраман”.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Ўша пайтга келиб, мен дафтарчамдаги учинчи орзуйимни ҳам рўёбга чиқаргандим — “Фенербаҳче”нинг 10-рақами бўлиш.

    Бундай бўлади, деб ўйламагандим, чунки бу рақам Месут Ўзилга тегишли эди. Мен энг кўп нарсани айнан ундан ўрганганман. Лекин биринчи уч ой ичида унга гапиришга журъат қилолмаганман. Жуда тортинчоқ эдим. У йўлакда ёнимдан ўтиб: “Ҳей, машғулотинг омадли ўцин”, деб айтар эди.

    Ўзилни шахсан билмайдиган одамлар уни совуққон, деб ўйлашади. Аслида дўстлигимизни бошлаган одам у бўлган. Мен бунга журъат қилолмагандим. Бир куни у мени машғулот базасидаги хонасига таклиф қилди. Ичкарида PlayStation турарди, у фойдаланмасди. Кўзларимга қараб, нимани ўйлаётганимни сезган бўлса керак. “Арда, олавер”, деди. У жуда меҳрибон инсон эди.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    2022 йилда Ўзил “Фенербаҳче”дан кетганида, ўйлагандимки, 10-рақам янги трансферлардан бирига берилади. Мен атиги 17 ёшда эдим, бу ёшда 10-рақамни сўраш мумкин эмас. Худди шоҳ тожни сўрамаганидек.

    Лекин раҳбариятдагилар менга шундай дейишди: “Арда, бу рақам — сеники. Фақат уни кийишга журъатинг бўлса, кифоя”. Бир сония ўйладим холос. “Оламан”, дедим.

    У рақамни биринчи марта кийганимда… уни тасвирлаб бўлмайди. Бу шунчаки Алекснинг (FIFA қаҳрамони) изидан юриш эмасди. Бу — бутун жамоа ва миллионлаб мухлислар учун ижодий жавобгарликни ўз зиммамга олиш эди. Бу — шараф. Бу — орзу. Арда Гюлер — Фенербаҳченинг 10-рақами. Худди соврин ютгандек бўлгандим. Ўша футболкани кийганимда ўзимни енгилмасдек ҳис қилганман.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    10-рақамдаги масъулият ҳар бир голни янада муҳим қилди. “Динамо Киев”га қарши ўйиндан икки ҳафта ўтиб, Instagram’да янгиликка кўзим тушди: “Арда Гюлер Туркия терма жамоасида”.

    Менга ҳатто айтишмаган эди! Биринчи ўйинда Диярбакирда Шотландияга қарши саф тортдик. Захира ўриндиғида ўтирганимда, мухлислар майдонга тушишимни хоҳлаб бақиришарди. Бу менга жуда катта куч берди. Ҳатто “Фенербаҳче”нинг сафар ўйинларида ҳам баъзида рақиб мухлислари мени кўришни хоҳлаб мураббийга бақиришарди. Буни бошқа ҳеч қаерда кўрмаганман. Нима дейишим мумкин? Фақат ташаккур.

    Шундан кейин ҳаммаси жуда тез ўзгариб кетди. Март ойида яна Туркия терма жамоасига чақирув олдим. Кейинги ойларда эса трансфер таклифлари ёмғирдек ёғила бошлади.

    Аммо мен фақатгина юрагимни жунбушга келтирадиган таклифларни эшитишни хоҳлардим, холос. Июнда отам телефон қилиб: “Арда, янги таклиф бор, гаплашишимиз керак. Реал Мадрид”, деди. Бу менинг тўртинчи орзум эди.

    Орзумга бу қадар тез эришишим мумкинлигига ишонолмадим. Ўша ёзда отам билан узоқ суҳбатларимиз бўлди — ҳали жуда эрта эмасми, деб ўйладик. Жуда мураккаб қарор эди, чунки бошқа катта клублардан ҳам таклифлар келаётганди. Қайси бирини танлашни билмасдим.

    Лекин кейин мен Карло Анчелотти билан видеоқўнғироқ орқали гаплашдим. Экранда унинг рақами чиқди, видео юклана бошлади.

    У ҳам дам олаётган экан. Тафсилотларини яхши эслай олмайман, чунки ўша лаҳза жуда ғалати эди. У гавайи кўйлакда, кўзойнак таққан ҳолда эди — ҳатто, менимча, сигарет ҳам чекаётган бўлиши мумкин.

    У мени Мадридда катта келажак кутаётганини, биринчи мавсумда кўп имкон бўлмаслиги мумкинлигини, лекин кейинги мавсумларда, албатта, ўйнашимни айтди. Модрич ва Кроосдан кейин марказий ярим ҳимояни менга ишониб топширишларини айтди.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Модрич ва Кроос билан ёнма-ён исмимнинг тилга олинаётгани… бу — ғайриоддий. Гапира олмадим.
    Кейин Анчелотти Мадридга келишимга ваъда беришимни сўради. Мен эса “Албатта, мистер”, дедим.
    Телефонни қўйгач, отамга қарадим. Икковимиз бир овозда айтдик:
    — Агар чўкадиган бўлсанг, улкан денгизда чўк!

    “Реал Мадрид” футболчиси сифатида тақдимот маросими — худди тўйга ўхшайди. Шартнома 6 йилга имзоланди. Лекин ниятим — бутун умрга қолиш.
    Мен ота-онам ёнида ўтирардим. Онам йиғлаб юборди. Мен эса кўз ёшларини артдим ва юзидан ўпдим.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Бу ерга етиб келиш учун оиламиз жуда кўп нарсани қурбон қилган эди. Энди эса орзуларимиз ушалди.

    Менда PlayStation’да Алекс Хантер бўлиб ўйнашга пул бўлмаган. Шунинг учун ўзим ҳаётда у бўлишимга тўғри келди.

    Дастлабки кундаёқ Анчелотти мен учун отадек бўлиб қолди. Лекин у ҳар бир нарсани ҳазилга айлантирар, мен эса ҳали ҳаммаси янги бўлган, дунёнинг энг катта клубини тушунишга уринаётган оддий болакай эдим. У ҳақиқатан жиддий гапиряптими ёки яна кулмоқчими — ажратиб бўлмасди.

    Бир куни Анчелотти айтди:

    — “Кастиля” мураббийи Раулни кўрсанг, салом айт. Биласан-ку, Раулни, тўғрими?

    — Албатта биламан. У — собиқ сардор, энг яхши тўпурар. Тирик афсона!

    Эртаси куни машғулотдан кейин бир киши ёнимизга келди. Анчелотти таништирди:

    — Арда, бу — Рауль.

    Лекин… илк марта бундай афсонани кўрсанг, ҳаммаси ҳақиқат эмасдек туюлади. Гўёки ёлғон. Мен Раулни “Реал Мадрид”да тўп сурганида кўрмаганман, фақат YouTube’даги видеолар орқали танийман.

    Анчелотти жилмайди. Ичимда ўйлаяпман: “Йўқ, яна ҳазил қиляпти”.

    — Қўйинг, Мистер. Кечирасиз, лекин бу Рауль эмас.

    Анчелотти жиддий қараб:

    — Нима деганинг бу? Бу Рауль эмасми?!

    — Мен Рауль Гонсалесман. Танишганимдан хурсандман, деди Рауль.

    Мен ишонмадим. Улар эса нима деяётганимга ишонишмаяпти. Шу ҳол бир неча дақиқа давом этди. Сўнг Анчелотти Тони Кроосни чақирди. У ҳам буни тасдиқлади. Ҳали ҳам ишонмасдим. “Бу ҳазил, мен бундай оддий фокусга учмайман”, деб ўйладим. Кейин Лука Модрич ҳам Рауль шу инсон эканини айтди.

    Қўрқиб кетдим. Ҳамма телефонидан Раулнинг суратини очиб кўрсата бошлади. Охири таслим бўлдим. Ҳамма кулиб юборди. Бу “Реал Мадрид”даги биринчи ҳафтам эди.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Мен Мадридга келганимда билиб олдимки, аслида Давид Алаба ва Тони Рюдигер бир оз туркча гаплаша оларкан. Улар Берлин ва Вена шаҳарларида турк муҳожирлари билан улғайган. Алаба ҳатто ашаддий “Галатасарай” мухлиси. Куртуа эса Арда Туран билан бирга ўйнаган. У ҳам бир нечта сўзларни билади, лекин ёмонларини.

    Бу ерда ҳаммаси бир оз ғалати туюлди. Биласиз-ку, бизда катталарга ҳурмат билан гапириш одати бор. “Аби”, яъни “ака” деб мурожаат қиламиз. Бу бизнинг маданиятимизга сингиб кетган. Мен Модричга шунчаки “Лука” деб айтолмасдим, чунки у менга оталик қиладиган ёшда! Шунинг учун унга “Лука аби” деб мурожаат қилдим.

    Кейин нима бўлди денг? Алаба билан Рюдигер бу сўз ҳаммага нисбатан ишлатилади деб ўйлаб қолишди. Ҳатто менга ҳам. Энди улар менга: “Хайрли тонг, аби”, деб салом бера бошлашди. Энди мен шу ном билан қолдим. Расман “Арда аби” бўлдим — жамоадаги энг ёш “ака”.

    Кўпчилик футболчилар катта гол урганида ёки ҳал қилувчи узатма берганида ўзини жамоанинг тўлиқ аъзоси сифатида ҳис қилади. Менда бу туйғу бошқа пайтда пайдо бўлди:

    Жарима зарбаси учун имконият бўлди, лекин мен захирада эдим. Модрич менга қараб:

    — Арда, бу зарба айнан сен учун, деди.

    Мана шундай кичик ҳолатлар жуда катта аҳамиятга эга.

    Яна бир ўйинда биринчи бўлимда ютқазаётган эдик. Модрич менга:

    — Тайёрлан, сен майдонга тушишинг керак, деди.

    Бу инсон — тарихдаги энг зўр ярим ҳимоячилардан бири. Энди эса менга ишонч билдираётган эди. Бу мени жуда тўлқинлантирди.

    Мен биламан, Туркиядаги мухлислар мени “Реал Мадрид”да ҳар ўйинда майдонда кўришни хоҳлашади. Мен ҳам хоҳлайман. Лекин сабр қилиш кераклигини тушунаман. Анчелотти: “Сенда дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бирига айланиш салоҳияти бор”, деди. Бу клубда мен билан боғлиқ режа бор дегани.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Лекин захирада ўтириш осон эмас. Чемпионлар лигасини ютганимизда, тўғриси, мен кубокни кўтаришни ҳам хоҳламадим — ўзимни бу ғалабага етарлича ҳисса қўшмагандек ҳис қилардим. Шунинг учун ҳам байрам вақтида Анчелотти менга микрофон узатганида, ўзимни ноқулай ҳис қилдим.

    Аслида мен автобуснинг юқорисига чиқишни ҳам режалаштирмагандим — жуда чарчаган эдим. Шу пайт икки дўстим: “Қаердасан? Сени кўрмаяпмиз!” деб ёзди.

    Мен эса Кроос ва Модрич билан суҳбатлашаётган эдим. Модрич мендан Моуриньонинг “Фенербаҳче”га бориши ростми ёки йўқлигини сўраётган эди.

    Дўстларим эса қайта-қайта Чемпионлар лигасини ютганим ва уни нишонлашим кераклиги ҳақида ёзишди. Мен шунақа одамман. Оддий ғалаба менга етмайди. Мен бу нарса учун меҳнат қилганимни ҳис қилишим керак.

    Шу сабабли Евро–2024 учун бошқача тайёргарлик кўрдим. Грузияга қарши ўйинда гол ургач, телефоним портлаб кетди. Лайклар, обуначилар, хабарлар, табриклар — ҳаммаси бир пайтда ёғилди.

    Португалияга қарши ўйин олдидан эса бир оз асабий эдим. Ич-ичимда Роналду ўйиндан кейин менга нимадир дейишини кутардим — уни жуда ҳурмат қиламан.

    Кейин ўйин куни эрталаб Marca газетаси “Гюлер Криштиануга қарши” деган сарлавҳа билан мақола чоп этди. Йўқ, бу ортиқча эди.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Ҳақиқат шуки, мен Роналду билан бир майдонда ўйнаганимдан фахрландим.

    Сиз “Сўнгги рақс” ҳужжатли фильмини кўрганмисиз? Роналду — футболнинг Майкл Жордани. Шунақа сарлавҳалар эса унга фақат туртки беради. Натижада Португалия 3:0 ҳисобида ютди. Ўйиндан кейин у ҳеч ким билан гаплашмади.

    Орадан бир неча кун ўтиб, мен ўзим ҳам унинг аҳволини тушундим. Стадионга кетаётган автобусда Австрия мухлисларининг бир видеосини кўрдим. Унда улар: “Арда Гюлер ким ўзи?” дейишарди. Бу ҳақоратдек туюлди.

    Нега мени бунчалик пастга уришди?

    Аммо кейин “Фенербаҳче”даги даврим эсимга тушди.

    Жорже Жезуш мени ҳафталаб таркибга киритмаганди. Бир куни стандарт вазиятлар устида машғулот ўтаётганда икки жамоа ажратилди — мен эса ҳеч бирига кирмадим.

    Ёлғиз ўзим бурчак тўпларини узатардим. Ёмғир ёғаётган эди. Уйга қайтгач роса йиғлагандим. Ўшанда ўзимга сўз бергандим: бошқа ҳеч қачон бу ҳиссиётга тушмайман.

    Одамлар мени ижодкор футболчи деб билишади.

    Аммо мен — жангчиман ҳам. Захира? Яна кўпроқ меҳнат қиламан. Гап-сўз? Жавобини майдонда бераман.

    Австриялик мухлислар видеосидан кейин менда ҳам “Майкл Жордан режими” ишга тушди.

    Ўйинда улар мени тинимсиз тилга олишди. Мен томонга пиво стаканлари улоқтиришди.

    Иккинчи голимизга ассист берганимда, ортга бурилдим. Тўғри Австрия фанатларига қараб: “Раҳмат!” дедим. Чунки бу гап-сўзларни юрагимга яқин олгандим. Ҳақиқий маънода.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Чорак финалда мағлуб бўлганимиздан сўнг, юртдошларимиз биздан юз ўгиради, деб ўйладим.

    Аммо улар бизнинг қанчалик курашганимизни кўришди. Туркияда характер — ҳаммасидан устун.

    Рюдигер менга шундай деди:

    — Сенда эҳтирос ва ғазаб бор.

    У “ғазаб” деганда ёмон маънода эмас, яхши маънода айтди.

    Мен “Фенербаҳче”даёқ жамоадошларимга кўрсатмалар беришни бошлагандим. Бундан ўзимни тўхтатолмайман. Тўхтасам — ёмон ўйнайман.

    Мен етакчи бўлишни хоҳлайман. Жарима зарбаларини, бурчак тўпларини ўзим тепишни хоҳлайман. Бу борада Хосе Соузадан сўрашингиз мумкин.

    Мадрид либосида ўйнашнинг ўзи унчалик қийин эмас. Модрич сенинг югуришингни кўриб туради.

    Винисиус эса ёмон пасни ҳам чиройли голга айлантира олади.

    Асл қийин нарса — испан тилини ўрганиш, маданиятга мослашиш ва ерда қолиш. Яъни кибрга берилмаслик.

    Шунинг учун оиламнинг ойда бир марта ташриф буюриб туриши мен учун катта таянч. Онам эса ҳанузгача менга:
    — Хонангни йиғиштир! дейди.

    Шунингдек, “Агар сен футболчи бўлмаганингда, биз катта муаммоларга дуч келган бўлардик”, деб айтади. Яхшиямки, ҳозир музлаткичимиз тўла.

    Foto: The Players Tribune
    Фото: Тhе Players Tribune

    Анқарани тарк этганимдан бери менга ёрдам берган одамларнинг исмларини дафтаримга ёзиб боряпман. Энди бу рўйхатда 20 нафар эмас, ундан ҳам кўпроқ инсонлар бор: онам, отам, синглим, дўстларим, мураббийларим, клуб президентлари, жисмоний тарбия ўқитувчим Маҳмуд, онамнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлар…

    Ким бўлишингдан қатъи назар, ёлғиз ҳеч нарсага эриша олмайсан.

    Мен бу йил 20 ёшга кирдим. Дафтаримда ҳали ёзилмаган орзуларим кўп: Мадрид учун муҳим футболчига айланишни хоҳлайман.

    Яна Чемпионлар лигасини ютишим керак.

    Яна бир орзу — “Реал Мадрид”да 10-рақам остида тўп суриш.

    Энг муҳими, мен янги авлод турк футболчилари учун йўл очмоқчиман.

    Мен ҳозир турк футболининг катта умиди эканимни биламан. Аммо мен ягона бўлишни хоҳламайман.

    Мен бошқалар учун эшик очмоқчиман.

    Бу сизни англатади — ҳозир бу мактубни ўқиётган сизларни.

    Уйга қайтганимда, менга қараб қанчалик қувонаётганингизни кўриб, жуда ҳаяжонланаман.

    Ўша қўшиқлар ҳали ҳам қулоғимда жаранглайди.

    Мадриддан туриб ҳам муҳаббатингизни ҳис қиламан.

    2023 йилги зилзила даврида олинган бир видео бор. Уни кўрганимда ҳали ҳам баданларим жимирлаб кетади.

    Ўшанда “Фенербаҳче”да кўп ўйин амалиёти олмаётгандим.

    Балки кўргандирсиз.

    Икки нафар қутқарувчи билан бирга бетон остидан чиқарилган кичкина бола ётарди, фақат боши ташқарида.

    Атрофда сиреналар.

    Бола беш кунга яқин харобалар остида ётиб, ўлишини кутган эди.

    Аммо унинг менга, айнан менга айтадиган гапи бор эди:

    — Арда Гюлер аби, мен сизни жуда яхши кўраман. “Фенербаҳче”ни сақлаб қолишда давом этинг.

    Илтимос, мураббийга айтинг, сизни ўйнацин.

    Шунда ўша икки қутқарувчидан бири шундай деди:

    — У таслим бўлмади. Сен ҳам таслим бўлма.

    Мен буни эшитиб қандай қилиб таслим бўлишим мумкин?

    Шу боис ҳар бир PlayStation ва ҳар бир юрагида орзу бор бола учун мурожаатим:

    Тўпни олиб, кўчага чиқинг. Ўзингизни дунё эгасидек ҳис қиласиз.

    Ҳурмат билан,
    Арда.

    13 июл, 22:15   Изоҳ (0)   1048
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email
    #Реал Мадрид#Арда Гюлер#Чемпионлар Лигаси

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Ла Лига. “Реал” “Вильярреал” билан жанговар дуранг қайд этди, “Барселона” Мадрид клуби устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди 

    19.05.2024, 23:59

    “Реал Мадрид”нинг “Боруссия”га қарши ўйин учун қайдномаси маълум бўлди

    30.05.2024, 20:04

    Евро—2024. Туркия Грузия устидан ишончли ҳисобда ғалаба қозонди

    18.06.2024, 22:56

    Евро—2024. Биринчи тур якунланди: Рекордлар, жароҳатлар, кутилмаган натижалар

    19.06.2024, 15:26

    “Реал Мадрид” раҳбарияти вакиллари Анчелотти жамоани тарк этиши керак деб ҳисобламоқда — Relevo

    28.10.2024, 14:46

    Родри — 2024 йилги “Олтин тўп” соҳиби 

    29.10.2024, 02:44

    Globe Soccer Awards-2024: Винисиус — энг яхши футболчи, Анчелотти — энг яхши мураббий

    28.12.2024, 08:56

    Сабр қилиш ёки кетиш — Арда Гюлер “Реал”даги келажагидан хавотирда

    28 феврал, 15:23

    “Реал” сафида энг кўп маош оладиган футболчи ким?

    5 март, 17:38

    Арда Гюлер ва Доминик Собослаи ўртасидаги можаро: майдондан ижтимоий тармоқларгача  

    28 март, 09:52

    Хайр, 66. Александр-Арнольд “Реал”да севимли рақамидан воз кечишга мажбур

    2 июн, 09:46

    Golden Boy 2025: Бу йилги мукофот учун асосий даъвогарлар кимлар?

    2 июн, 14:41

    Хаби Алонсо: “‘ПСЖ’ билан ўйин биз учун ҳақиқий синов бўлади”

    9 июл, 20:00

    Карло Анчелотти Испанияда 1 йилга озодликдан маҳрум этилди

    9 июл, 21:10

    Клублар ўртасидаги ЖЧ. “ПСЖ” “Реал”ни тор-мор этиб, мусобақа финалига йўл олди (видео)

    10 июл, 08:01

    “Реал” Клублар ўртасидаги ЖЧда қанча даромад қилгани маълум бўлди

    10 июл, 10:30

    Яна бир юлдуз футболчи Туркия чемпионатига йўл олиши мумкин

    10 июл, 18:02

    “Реал” испаниялик футболчи бўйича “Бенфика” билан келишувга эришди — Романо

    11 июл, 11:10

    2030 йилги Жаҳон чемпионати финали “Реал Мадрид” стадионида бўлиб ўтади

    11 июл, 20:25

    “Реал Мадрид” ёзда тўрт футболчи билан хайрлашиши мумкин

    12 июл, 08:10

    “Реал Мадрид” 100 млн еврога футболчи харид қилмоқчи

    12 июл, 11:25

    Give me Sport. “Олтин тўп” учун асосий даъвогарлар номи маълум бўлди

    12 июл, 13:16

    “Манчестер Юнайтед” “Реал” футболчиси учун 90 млн евро таклиф қилди 

    12 июл, 17:35

    “Реал” Винисиус билан музокараларни тўхтатди

    12 июл, 20:00
    ×Lightbox Image
     

    Тавсия этамиз

    Оиласини қашшоқлик ва очликдан қутқарган жангчи йигит: Арда Гюлернинг курашга тўла ҳаёт мактуби

    13 июл, 22:15

    Кремль соясидаги жумбоқлар: сирли равишда вафот этган россиялик тадбиркор ва амалдорлар

    10 июл, 20:40

    Исроилнинг Ғазодаги қирғини ягона эмас: Инсоният тарихидаги энг йирик геноцидлар қандай содир бўлганди?

    10 июл, 19:12

    Patriot: Исроил воз кечган, Украина эса кўпроғига эга чиқишни истаётган ярим асpлик тизим ҳақида нималар маълум?

    8 июл, 20:45
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Клублар ўртасидаги ЖЧ. “Челси” финалда “ПСЖ” дарвозасига жавобсиз 3 та гол уриб, бош совринга эга чиқди (видео)

    Спорт | 14 июл, 02:39

    12 млн тонналик айсберг Гренландиядаги қишлоққа яқинлашди

    Дунё | 13 июл, 23:55

    Эрон Исроилни “экологик жиноят”да айблади

    Дунё | 13 июл, 23:40

    АҚШда 7 балли зилзила кузатилиши мумкин

    Дунё | 13 июл, 23:20

    Лондонда самолёт қулаб тушди (видео)

    Дунё | 13 июл, 23:10

    Францияда маҳбус сумка ичига яшириниб, қамоқдан қочди

    Дунё | 13 июл, 22:58

    “Эрон ядро бомбаси билан Исроилни йўқ қилишга тайёр” — Нетаньяху

    Дунё | 13 июл, 22:30

    Оиласини қашшоқлик ва очликдан қутқарган жангчи йигит: Арда Гюлернинг курашга тўла ҳаёт мактуби

    Футбол | 13 июл, 22:15

    Украина Озарбайжондан газ сотиб олмоқчи

    Дунё | 13 июл, 21:55
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.