Давомийликдан ташқари, сериаллар рекордчи бўлиши мумкин бўлган кўплаб бошқа мезонлар ҳам мавжуд. Баъзи лойиҳаларнинг ютуқлари ҳатто Гиннес рекордлар китобига киритилган.
“Тахтлар ўйини”
Сериал Гиннеснинг рекордлар китобига “энг кўп мамлакатларда бир вақтнинг ўзида намойиш этилган теледастур” сифатида киритилди— 5-мавсумнинг 2-қисми бир пайтнинг ўзида 173 мамлакатда эфирга узатилган. Бундан уч йил олдин “Тахтлар ўйини”ни китобга киритишга “қароқчи” сайтлар ёрдам берди. Сериал турли сайтлардан юклаб олиш бўйича етакчига айланди — “тарқатилган” эпизодлардан бири 1 кунда 13 миллион мартадан ортиқ юклаб олинди.
Айтишларича, ижодкорлар яна бир рекорд учун ариза топширган — телевидение тарихидаги бир серияда энг кўп ёнаётган каскадёрлар сони бўйича. Ўшанда 73 нафар профессионал иштирок этган. Гиннес китоби қўмитаси “рекорд миқдордаги ёндирилиб юборилган одамлар учун” номинациясини жорий этишни режалаштирмаётганини айтиб, бу аризани рад этган.
Қайд этилмаган бўлса-да, барибир рекорд: тилшунос Девид Ж. Петерсон томонидан яратилган хаёлий дотракий ва валирий тилларида 3000 дан ортиқ мавжуд бўлмаган сўзлар бор эди. Кҳала тилини ўрганишни истовчилар учун эса лойиҳа ижодкорлари дарслик ва ушбу тил бўйича онлайн ўқув курсини ишлаб чиқишган.
“Йўл кўрсатувчи нур”
Сериал телевидение тарихидаги энг узоқ давом этган кўрсатув бўлди. Дастлаб хаёлий Спрингфилд черковида хизмат қилган руҳонийнинг ҳикоялари асосида яратилган мелодрама вақт ўтиши билан 1952 йилдан 2009 йилгача бир-бирини алмаштирган қаҳрамонлар ва кўплаб оилалар билан бойиб борди. Икки минг қисмдан иборат “Санта Барбара” 40 дақиқалик 18 262 та эпизодни ўз ичига олган “Йўл кўрсатувчи нур” билан солиштирганда ҳеч нарса эмас.
Аммо бу фақат телевидениеда эди. 1937 йилдан бошлаб лойиҳа радиошоу сифатида эфирга чиқа бошлади ва 15 йил давомида узатилди.
“Доктор Ким”
Бу илмий-фантастик сериал рекордчилар рўйхатига киритилмаса ҳам бўлмасди. У икки марта рекорд ўрнатган: энг узоқ давом этган илмий-фантастик лойиҳа сифатида — 1963 йилдан бери 900 дан ортиқ қисм суратга олинган ҳамда энг муваффақиятли лойиҳа сифатида — юклаб олишлар сони, дисклар сотилиши ва телевидениеда кўрсатиш рейтинглари таҳлили асосида.
“Доктор Ким” битта бош қаҳрамонни ижро этган актёрлар сони бўйича ҳам рекорд қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Бугунги кунгача уларнинг сони 14 тага етган.
“Доктор Ҳаус”
Тиббиёт ҳақидаги машҳур сериал ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Тўққиз йил давомида “Доктор Ҳаус” сериалини дунёнинг 70 мамлакатида 80 миллиондан ортиқ киши томоша қилган.
Сериалнинг энг юқори чўққиси тўртинчи мавсумга тўғри келди, шундан сўнг томошабинлар сони аста-секин камая бошлади. Хю Лори сарказм билан тўла шифокор роли учун ўзининг биринчи (ва иккинчи) “Олтин глобус” мукофотини қўлга киритди.
“Машаққатлар сари”
Саратон касаллигига чалинган кимё ўқитувчиси ҳақидаги жиноий драма ҳам тарихдаги энг муваффақиятли лойиҳалардан бирига айланди. Бунда Метаcритиc агрегатори асос қилиб олинди. Машҳурликда ундан қолишмайдиган Роттен Томатоэс сайтида эса сериал 96 фоиз олди.
Томошабинлар танқидчилар билан ҳамфикр бўлиб, лойиҳани юқори баҳолади ва 10 баллдан деярли 9 балл бердилар. Бундан ташқари, сериал тўртта “Эмми”, битта “Олтин глобус”, учта “Спутник” ва бошқа кўплаб мукофотларга сазовор бўлди.
“Мени алда”
Доктор Лайтман ролини моҳирона акс эттирган Тим Рот Гиннеснинг рекордлар китобига энг ҳаққоний сериал сифатида киритилган асар қаҳрамонига айланди. Лойиҳага асос бўлган китоб муаллифи, психолог Пол Экман экранда кўрсатилганларнинг 80 фоизи ҳақиқат эканини таъкидлади. Бу фикрни эксперт хулосаси деб ҳисоблаш мумкин: профессор, дарҳақиқат, кўп йиллар давомида ёлғон назарияси бўйича энг етук мутахассислардан бири саналади.
Тўғри, у “Мени алдама” сериалининг қолган 20 фоизини тўқима деб атади, бироқ бошқа сериалларга нисбатан унда ҳақиқат бир неча баробар кўпроқ акс этган.
“Декстер”
Ёмон одамларни ўлдирувчи, бўш вақтида эса қон сачраши бўйича эксперт сифатида ишлайдиган серияли қотил ҳақидаги сериал энг қонли PR кампанияси учун Гиннес рекордлар китобидан муносиб ўрин эгаллади. Рекламачилар ўзларининг нозик дидларини кўрсатишди: АҚШнинг 14 та йирик шаҳрида фаввораларга сунъий қон қўшиб, аҳоли орасида ваҳима уйғотдилар.
“Декстер” сериали ва унинг спин-оффлари мунтазам равишда кўрилиш бўйича ички рекордларни янгилаб келмоқда. Масалан, “Декстер. Янги қон” сериали Showtime телеканали рейтингида энг юқори ўринни эгаллаб, ҳар бир қисми саккиз миллионгача томошабинни ўзига жалб қилди. Сериалнинг сўнгги қисмини бир вақтнинг ўзида уч миллион қурилмадан томоша қилишди.
“Шерлок Холмс”
Артур Конан Дойлнинг адабий асарларидаги қаҳрамон Гиннес рекордлар китобига энг кўп экранлаштирилган персонаж сифатида киритилган. Ҳозирда машҳур изқувар ҳақида 210 дан ортиқ фильм, сериал ва ҳатто анимацион лойиҳалар мавжуд. Турли хил талқинлар эса ҳамон яратилмоқда.
2025 йил январь ойида шу оламга оид “Уотсон” сериали эфирга узатилди, 2025 йил апрель ойида эса “Шерлок ва қизи” сериалининг премераси бўлиб ўтади.
“Симпсонлар”
Машҳур “Симпсонлар” мультфильми бир неча бор рекордлар ўрнатган. У анимацион кўрсатувлар орасида энг кўп “Эмми” мукофотини (34 та) қўлга киритган, энг узоқ давом этган анимацион ситком (рекорд ўрнатилган пайтда 662 та қисм, ҳозирда 780 дан ортиқ) бўлган ҳамда телевидениедаги анимацион кўрсатувлар орасида энг кўп таниқли меҳмонларни (810 та машҳур шахсни) таклиф этган.
Мультсериалнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган Барт Симпсон Time журнали томонидан тузилган “ХХ асрнинг энг таъсирли 100 кишиси” рўйхатига киритилган ягона мультфильм қаҳрамони эди.
Изоҳ (0)