Studio Ghibli мультфильмларининг услуби асосан буюк япон аниматори Ҳаяо Миязакининг анимелари билан белгиланган бўлса-да, бошқа режиссёрлар томонидан суратга олинган кўплаб ажойиб асарларга ҳам эга. Ушбу мақолада айнан ана шундай фильмлар ҳақида сўз юритамиз.
“Ерденгизи афсоналари”
- Фантастика, саргузашт.
- Япония, 2006 йил.
- Давомийлиги: 1 соат 55 дақиқа.
- IMDb: 6,3.
Сеҳрли ва мўжизавий дунёдаги Ерденгизда ташвишли кунлар бошланмоқда. Инсонлар ҳам хавф остида: улар қурғоқчилик, ғалати касалликлар ва аждарҳо ҳужумларига дуч келмоқда. Ёш шаҳзода Аррен уйидан қочиб, бу офатларнинг сабабини тушунишга уринаётган буюк сеҳргарга дуч келади. Улар биргаликда жавоблар излайди ва зулмат билан курашишади — нафақат ташқи, балки ҳар бир инсонда мавжуд бўлган ички зулмат билан ҳам. Мазкур мультфильм буюк аниматор Ҳаяо Миязакининг ўғли Горо Миязаки томонидан яратилган.
“Кеча эди”
- Драма, мелодрама.
- Япония, 1991 йил.
- Давомийлиги: 1 соат 59 дақиқа.
- IMDb: 7,6.
Studio Ghibli ҳаммуассиси ва Миязакининг доимий ҳамкори Исао Такаҳата ушбу кутилмаган жиддий драмада кундалик мавзуларда фикр юритади: илк муҳаббат, вояга етиш, беғубор болаликни соғиниш ва бугунги кун саволларига ўтмишдаги хатти-ҳаракатлардан жавоб излаш.
Фильм 1991 йилнинг энг катта даромад келтирган миллий киноасари бўлган. Таэко исмли қизнинг руҳий кечинмалари ҳақидаги бу ҳикоя ҳозирга қадар кундалик ҳаёт тўғрисидаги реалистик анимеларнинг энг аниқ ва ноёб намуналаридан бири сифатида эътироф этилмоқда.
“Помпоко: Ҳейсей даврида танукилар уруши”
- Фантастика, драма, комедия.
- Япония, 1994 йил
Исао Такахатанинг яна бир асарида замонавий долзарб масалалар қадимги япон афсоналари билан уйғунлашиб кетган. Воқеалар 90 йилларнинг ўрталарида Японияда кечади ва тануки (еноцимон ит) сеҳрли мавжудотларининг Токио чеккасида кўп қаватли бинолар қурилишига қарши кураши ҳақида ҳикоя қилади. Қайсар инсонларга қарши туриш учун ҳайвонлар қадимги шакл ўзгартириш санъатини қайта тиклайди ва ўз яшаш муҳитларини сақлаб қолиш учун жанговар ҳаракатларни бошлайди.
“Қўшниларимиз Ямадалар”
- Комедия, оилавий.
- Япония, 1999 йил.
- Давомийлиги: 1 соат 44 дақиқа.
- IMDb: 7,1.
Ямада оиласи ҳақидаги ҳазил-мутойибали ҳикоялар тўплами замонавий японларнинг кундалик турмуш тарзи тўғрисидаги битмас-туганмас ҳазиллар манбаидир. “Қўшниларимиз Ямадалар” студиянинг компьютерда яратилган илк фильмидир. Исао Такаҳата компьютер анимациясига нисбатан ғарб ёндашувига мутлақо тескари йўлни танлайди. “Ямада”нинг атайлаб қўлда чизилгандек кўринадиган акварел услуби студиянинг одатий анимациясидан кескин фарқ қилади.
“Мушук қайтиши”
- Фантастика, саргузашт, оилавий фильм.
- Япония, 2002 йил.
- Давомийлиги: 1 соат 15 дақиқа.
- IMDb баҳоси: 7,1.
Мактаб ўқувчиси Хару мушукни юк машинаси остидан қутқаради. Кўп ўтмай, у Мушуклар қироллигининг шаҳзодаси эканини билиб қолади — бу хизмати учун у шон-шараф ва кўплаб совғаларга сазовор бўлади. Хару бу кутилмаган “бахт”ни англашга уринаётган пайтда, Қирол унга сўнгги марҳаматини кўрсатишга қарор қилади: уни мушукка айлантириб, шаҳзодага турмушга бермоқчи. Қиз эса буни хоҳламайди.
“Мушукнинг қайтиши” фильмини дебютант режиссёр Хироюки Морита суратга олган. Ёш ижодкор Миязаки услубининг таъсиридан қочиб қутула олмаган: кўплаб элементлар унинг дунёларидан фильмга кўчиб ўтгани яққол кўринади.
Изоҳ (0)