Собиқ Иттифоқ даврида улғайганлар орасида Леополд исмли мушук ҳақидаги мультфильмни билмайдиган киши топилмаса керак. Лойиҳа “Сеними, шошмай тур!” ёки “Айиқча Винни Пуҳ” мультфильмидек машҳур бўлмаса-да, ҳар бир қисм охирида янграйдиган “Болалар, келинглар, дўст-иноқ бўлиқ яшайлик!”, сўзлари бир нечта авлоднинг хотирасида муҳрланиб қолган. Аммо мультфильмда муҳим бир жиҳат экран ортида қолиб кетган.

Меҳрибон ва ақлли мушук Леополд бош қаҳрамонлардан бири бўлиб, у арзимас нарсалар учун атрофдагилар билан жанжаллашмасликни афзал кўради, икки шўх сичқонча эса уни турли йўллар билан безовта қилишга ҳаракат қилади. Сичқонларнинг бири оқ ва озғин, иккинчиси кулранг ва дўмбоқ кўринишда. Аммо уларнинг исмлари мультфильм давомида бирор марта айтилмайди.
Кўпчилик томошабинлар ҳатто сичқонларнинг исмлари борлигини ҳам билмаган. Аслида эса оқ сичқонча — Митя, кулранги эса — Мотя эди. Тўлиқ исмлари эса Дмитрий ва Матвей бўлган.

Унда нега биз уларнинг исмларини ҳеч қачон эшитмаганмиз? Сабаби оддий: мультфильм муаллифлари атайлаб уларнинг исмларини овозли тарзда ишлатмасликка қарор қилган. Режиссёр Анатолой Резников сўзларига кўра, мактабларда Дмитрий ёки Матвей исмли болаларни мазах қилинишидан хавотир олишган, чунки сичқончалар салбий қаҳрамонлар сифатида тасвирланган эди. Ҳар бир қисм охирида уларнинг тарбияси яхшиланишига қарамай, кейинги серияларда сичқонлар яна шўхликларига қайтар эди.
Митя ва Мотя қанчалик шўх бўлмасин, улар ҳеч қачон томошабинда нафрат уйғотмаган. Сичқонларнинг тентакларча жасорати ва топқирлиги кўпинча болаларга ёқиб тушган, ҳатто баъзида Леополднинг ҳаддан ортиқ юмшоқ феъл-атворидан ҳам кўра кўпроқ меҳр уйғотган.
Изоҳ (0)