Россияда ўзбек мигрантлари ҳуқуқларига риоя этилиши назорати кучайтирилади. Бунга меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон—Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида келишилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилиш 28—29 апрель кунлари Москвада бўлиб ўтди. Унда Россия бош прокурори Игор Красновнинг таклифига биноан, Ўзбекистон бош прокурор ўринбосари Шохруҳ Аминов раҳбарлигидаги вазирлик ва идоралар делегацияси иштирок этди.
Россия делегацияси таркибига Россия бош прокурори ўринбосари Пётр Городов раҳбарлигида Бош прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Тадбир давомида томонлар миграция соҳасидаги амалдаги ҳолат, муаммоли жиҳатлар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилдилар. Йиғилиш иштирокчилари икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда миграция соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
-D8Mjncv9.avif)

Икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларга риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олди.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон—Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи мажлисида қабул қилинган қарорлар акс этган баённомани имзолади. Имзоланган баённома ижроси Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари томонидан алоҳида назоратга олинади.
Россияда чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши (легализация) лозим бўлган муддат 2025 йилнинг 10 сентябргача узайтирилди. Пора эвазига ҳужжат олган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш таклиф этилди. Миграция агентлиги Россияда ишлаб юрган, аммо, ҳужжатларида камчилиги мавжуд бўлган барча ўзбекистонликларга ҳуқуқий, амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)