Қозоғистон Тожикистон билан фақат электр энергияси танқис бўлган соатларда Роғун ГЭСдан энергия етказиб бериш бўйича 20 йилга шартнома тузди.

Келишувга кўра, томонлар Марказий Осиё энергия тизимлари билан чегарада электр энергиясини соатбай ҳисобга олишни ташкил этиш чораларини кўради.
Тожикистон томони Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон энергетика тизимларини боғловчи давлатлараро электр узатиш линиялари орқали телеметрик маълумотларни Қозоғистоннинг “KEGOC” АЖ тизим операторига узатишни таъминлайди, дейилади ҳужжатда.
Электр энергиясини етказиб бериш фақат тақчил соатларда, шунингдек, Роғун ГЭСнинг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Режалаштирилган электр энергияси ҳажмлари “KEGOC” АЖ томонидан тасдиқланган кунлик ишлаб чиқариш ва истеъмол графикларига киритилади ва бу графиклар ўзгартирилмайди. Ҳисоб даври якунида бу графикларда кўрсатилган ҳажмлар “Энергия” диспетчерлик бошқарув маркази томонидан тасдиқланади ва бу ҳажмлар сотувчи ва харидор учун божхона декларациясини расмийлаштиришда асос бўлади.
Битимнинг амал қилиш муддати 20 йил бўлиб, уни 10 йилга узайтириш имконияти мавжуд. Роғун ГЭСдан электр энергияси нархи ҳар 1 киловатт соат учун 0,034 АҚШ доллари (ҚҚС билан) миқдорида белгиланган.
Изоҳ (0)