Пекин Россия армияси сафида жанг қилиб, Донецк вилоятида асир тушган икки нафар хитойлик ҳақида илк бор расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда Sky News нашри ёзмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Цян 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Пекин тафсилотларни аниқлаштириш учун Украина билан алоқада эканини маълум қилди.
Биз ҳар доим ўз фуқароларимизни қуролли можаролар ҳудудига кирмасликка ва бундай урушларга аралашмасликка чақириб келганмиз, дейилади вазирлик баёнотида.
Зеленский 8 апрель куни Донецк вилоятидаги жанглар чоғида икки нафар хитойлик ҳарбий асирга олинганини билдирган эди. Украина президенти айтишича, уларнинг шахси ҳужжатлар орқали аниқланган.
Хитой фуқаролари Украина қуролли кучларининг 81 алоҳида Слобожан аэромобил бригадаси томонидан Тарасовка ва Белогоровка аҳоли масканлари яқинида қўлга олинган. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳудудда жами олти нафар хитойлик ҳарбий Россия армияси сафида жанг қилган, уларнинг икки нафари тирик ҳолда асирга тушган. Воқеадан кўп ўтмай Украина Ташқи ишлар вазирлиги асирга олинганларнинг урушдаги иштирокини қоралаб, Хитойнинг муваққат ишлар бўйича вакилини чақиртирган эди.
Изоҳ (0)