Жорий йил биринчи чорагида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2024 йил мос давридагидан 6,8 фоизга кўп бўлди. Бу ҳақда Статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларида келтирилган.

2025 йил январь—март ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми 333,6 трлн сўмни (25,8 млрд доллар) ташкил этди.
Илк чоракда саноат тармоғи 6,5 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 3,8 фоиз ўсган. Қурилиш ишлари ҳажми 10,7 фоиз кўпайган.
Уч ой мобайнида хизматлар кўрсатиш соҳасида ўсиш суръати 7 фоизни ташкил этган. Шундан савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар ҳажми 8,8 фоизга, ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа улуши 14,3 фоизга ортган.
Биринчи чоракда республика корхоналари томонидан жами 211,3 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Дастлабки чоракда 2024 йил мос даврига нисбатан хом нефть ва табиий газ ишлаб чиқариш 9,8 фоиз, машина ва ускуналардан ташқари тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш 20,9 фоиз камайган.
“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қимматлашиши тухум нархи 7,2 фоиз, сабзавотлар 5 фоиз, гўшт 3,6 фоиз ва сут нархи 3,6 фоиз ошиши билан изоҳланади”, дейилади қўмита шарҳида.
Январь—март ойларида республика истеъмол секторидаги инфляция даражаси 2,1 фоизни ташкил этди. Биринчи чоракда озиқ-овқат маҳсулотлари 2,9 фоизга қимматлашиб, инфляциянинг 1,3 фоиз кўтарилишига таъсир қилган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,8 фоиз ўсиб, инфляцияни 0,2 фоизга оширган. Хизматлар эса 2,6 фоизга қимматлашиб, истеъмол нархлари 0,6 фоиз ўсишига олиб келган.
Уч ой давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестициялар ҳажми 120,4 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 7,9 фоиз кўп.
Маълумот учун, 2022 йилнинг январь—март ойларида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 162,8 трлн сўм, 2023 йил мос даврида 198,5 трлн сўм, 2024 йил дастлабки уч ойида 242,7 трлн сўм бўлган.
Изоҳ (0)