Ҳар биримиз камида бир марта кечқурун уйга фақатгина енгил ва кулгили бирор фильмни томоша қилиш истаги билан келганмиз. Айнан шу мақсадда таъсирсиз комедиялар жуда мос келади. Бу фильмларда нафақат ҳазилни топиш мумкин, уларнинг асосий афзаллиги — бу баланд овозда кулишдир. Қуйида сиз учун вақт синовидан ўтган енгил комедиялар ҳақида маълумотлар келтирилади.

“Ғаройиб полициячилар”

Николас Эйнжел (Саймон Пегг) — Лондоннинг бош полицияси ходими. У ўз ишида шунчалик бенуқсонки, раҳбарият уни пойтахтдан узоқроққа юборишга қарор қилади... Шундай қилиб, у Сендфорд номли ухлаб ётган шаҳарчага боради. Бундан ташқари, унга Дэнни Баттерман (Ник Фрост) исмли шерик тайинланади. Дэнни хулқ-атвор бўйича Николаснинг тўлиқ қарама-қарши варианти бўлиб, у ҳақиқий таъқиблар ва отишмаларни орзу қиладиган мафтункор бекорчи.
Дастлаб, Сендфордда нафақат шерик, балки Эйнжелнинг ўзи ҳам керак эмасдек туюлади. Бу ерда жиноятчилар тозаланмаган майсазор ва оққуш ўғирланиши билан чекланади. Бироқ кўп ўтмай, қишлоқ шаҳарчасида бир қатор шафқатсиз қотилликлар содир бўлади. Бу жиноятларни тергов қилиш янги жамоага топширилади.
“Ғаройиб полициячилар” — қувноқ кулгили қаҳрамонлар Пегг ва Фрост билан полиция жанговар фильмлар пародияси. Суякларигача профессионал ва содда ҳуқуқ-тартибот ходими ўртасидаги қарама-қаршилик кўплаб кулгили вазиятларни келтириб чиқаради. Фильм бемаъни ҳазил ва кулгили диалогларга бой. “Шон исмли зомби”, “Скотт Пилигрим ҳаммага қарши” ва “Ҳайдовчи болакай” фильмларининг режиссёри Эдгар Райт томонидан кулгили кайфиятни кафолатлайдиган фильм.
“Ота-оналар билан танишув”

Баъзида оғир кун бевосита турмуш ўртоғининг оиласи билан учрашув билан боғлиқ бўлади. Бундай ҳолатда “Ота-оналар билан танишув” комедияси яхши даводир.
Бу фильмда Бен Стиллер ҳамшира Грегни, кам учрайдиган Факер фамилиясининг эгаси ролини ўйнайди. Грег ўз қиз дўсти Пемга (Тери Поло) ошиқ ва унга турмуш қуриш таклифини қилишга тайёр. Иш фақатгина унинг қўлини отаси Жек Бёрнсдан (Роберт Де Ниро) сўрашда қолган. Фақат Грегни ҳеч ким , жаноб Бёрнс — нафақадаги хавфсизлик ходими эканлиги ҳақида огоҳлантирмаган. У Грег Факерни махсус хизматларнинг барча кўрсатмаларига мувофиқ текширмай туриб қизи билан турмуш қуришига рухсат бермайди. Грег эса Пемга лойиқ эканлигини исботлаш учун ҳамма нарсани қилади. Фақатгина кўпинча қизнинг отасига ёқишга бўлган уринишлари тескари натижага олиб келади.
Бу ғоят кулгили комедиянинг бир қисмдан иборат эмаслиги катта омад. Давоми — “Факерлар билан танишув” ҳам кулгили чиқди. Бу ерда ниҳоят Грегнинг ота-онаси — жаноб ва хоним Факер (Дастин Ҳоффман ва Барбра Стрейзанд) пайдо бўлади. Уларнинг эркин хулқли қаҳрамонлари Роберт Де Ниро персонажининг консервативлиги билан учрашади ва томошабинлар кулишдан чарчамайди.
“Уолтер Миттининг ақл бовар қилмас ҳаёти”

Уолтер Митти (Бен Стиллер) Life журналининг иллюстрация бўлимида ишлайди. У кўп йиллар давомида машҳур нашриётда ишлайди, лекин ҳеч қачон диққат марказида бўлмаган. Унинг иши оддий ва бу уни қониқтиради. Уолтер ажойиб қобилиятга эга, у ўз хаёлида ҳар кимдан кўра узоқроқ саёҳат қилиши мумкин.
Бир куни унинг иши ҳақиқий тартибсизликка айланади. Фотограф Шон OʻКоннел (Шон Пенн) журнал муқоваси учун битта сурат юбормаган. Бу суратсиз журналнинг охирги чоп этилган сони чиқмайди. Уолтер Шон ва ардоқли негативни қидириш учун саёҳатга чиқади. Ҳаётида биринчи марта у нафақат хаёлида, балки ҳақиқатда ҳам ажойиб саргузаштларни бошдан кечиради.
“Уолтер Миттининг ақл бовар қилмас ҳаёти” — фантастика ва мелодраматик элементларга эга комедия. Айтганча, Бен Стиллер нафақат бош ролни ўйнаган, балки фильмнинг режиссёри ҳам бўлган. Операторлик иши, ҳазил, актёрлик ўйини — бу фильмдаги ҳамма нарса юқори даражада. Энг муҳими, сиз нафақат мазза қилиб кулишингиз ва енгиллик ҳис қилишингиз, балки яна орзу қилишни, хаёл қилишни бошлашингиз мумкин.
“Қонундаги малласоч”

Қайта-қайта томоша қилишдан чарчамайдиган фильм. Эл Вудс (Риз Уизерспун) — барча мумкин бўлган стереотипик тасаввурларни ўзида мужассам этган табиий малласоч. Гўзал, мода ихлосманди, бой ота-онанинг қизи — бу рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин. Унинг оптимизмсиз бўлишини тасаввур қилиш қийин, чунки у орзу қилиш мумкин бўлган ҳамма нарсага эга. Ҳатто келажакдаги куёвига, Уоррен (Метю Дэвис)га ҳам эга. Ҳар ҳолда, у чин дилдан шундай деб ўйларди.
Эл Уоррендан турмуш қуриш таклифини кутган куни, у тўсатдан уни ташлаб кетади ва у унинг учун етарлича ақлли эмаслигини айтади. У Гарварднинг юридик факультетига ўқишга киради ва билимдонроқ қизни қидиради. Уларнинг ҳикоясига нуқта қўйилгандек туюлади. Бироқ Эл Вудс таслим бўлишни ўйламайди.
Севгилисидан кейин у ажойиб тарзда Гарвардга, худди шу факультетга ўқишга киради. Гарчи у бундан олдин ҳеч қачон юридик соҳага қизиқиш билдирмаган бўлса ҳам, дунёнинг энг нуфузли университетларидан бирида бўлиб, пушти либосда чихуа-хуа билан Эл Вудс нафақат Уоррен учун, балки бу нуфузли жойда ўқишга лойиқ эканлигини исботлашга ҳаракат қилади.
Агар ҳеч нарса чиқмаслигидан хавотирда бўлсангиз ёки мақсадга эришиб бўлмайди, деб ўйласангиз, зудлик билан “Қонундаги малласоч”ни кўринг.
Ажойиб Риз Уизерспун сизга исталган нарсага эришиш мумкинлигини ва шу билан бирга ўзлигингизни сақлаб қолиш мумкинлигини эслатади. Ва бузилган фотиҳа учун қайғуришнинг ҳам ҳожати йўқ. Яхшиси, кулган маъқул, чунки муюлишда сизни яхшироқ одам кутиб турган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
“Паддингтоннинг саргузаштлари”

Ва ниҳоят, сўнгги йиллардаги энг кулгили ва илиқ фильмлардан бири — “Паддингтоннинг саргузаштлари. “Фильм сюжетига кўра, туғилган ери Перуда юз берган зилзиладан сўнг ғайриоддий айиқча (Бен Уишоу) Лондонга йўл олади.
“Илтимос, бу айиқчага ғамхўрлик қилинг” ёзуви ва чемоданида бир банка мармелад билан у Паддингтон вокзалига етиб келади ва у ерда Браунлар оиласи уни кўриб қолади. Улар уни ўзларининг уйига олиб кетишади, лекин ҳаммаси осон кечмайди. Унинг ортидан қонхўр таксидермист аёл (Никол Кидман) жуда ёқимсиз қўшниси билан бирга ов қилади.
Одамлар орасидаги ҳаётга кўникиб борар экан, Паддингтон ўзи ҳам доимо тартибсизликлар уюштиради ва воқеаларга аралашади. Аммо шунга қарамай, у нафақат Браунларнинг, балки шаҳар аҳолисининг ҳамда улар билан бирга томошабинларнинг севгисини қозонади. Паддингтон янги дунёга кўникиб бораётган саҳналар тўхтовсиз кулдиришга ва ҳайратга солишга мажбур қилади. Бу ҳикоя нафақат томошабинларни доимо кулдиради, балки деярли терапевтик таъсир кўрсатади. Ушбу фильмни томоша қилгандан сўнг, ҳар бир киши қувонч ва илиқликни ҳис қилади.
Бу ёқимли айиқча ҳақидаги ҳикоя шу билан тугамайди. Иккинчи қисмда Паддингтон ўзининг саргузаштларида шу қадар узоққа бордики, ҳатто қамоққа ҳам тушиб қолди. Унинг панжара ортида бўлиши деярли ҳар сонияда кулдиради. Ҳью Грант ёвуз ролини ўйнаган “Паддингтоннинг саргузаштлари 2” фильми биринчи фильмдан кам кулгилироқ чиққан. Яқинда комедиянинг учинчи қисми ҳам чиқди, лекин барибир биз сизга Паддингтон билан дастлабки қисмдан танишишни тавсия қиламиз.
Изоҳ (0)