Баъзи фильмларда ишоралар шунчалик яхши яшириладики, уларни топиш учун мухлисларга бир неча йил керак бўлади. Булар бошқа кинога ҳаволалар ёки сюжетни тўлдирувчи яширин деталлар бўлиши мумкин.
“Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши”
Франшизанинг биринчи қисмида актриса Эмма Уотсон тиш протезларини тақиб олганини кўриш мумкин. Чунки китобда Гермиона Гренжер олд тишлари катта қизча қилиб тасвирланган. Бироқ фильм режиссёри Крис Коламбус актрисага протез тишда ўйнаш ноқулай эканлигини тезда тушуниб, бу ғоядан воз кечади. Эмма Уотсон чиндан ҳам узоқ вақт давомида протез тақиб юриши керак эди, чунки фақат тўртинчи китобдагина Гермионадан тавқи лаънат олиб ташланганидан ва Гарри касалхонага ётқизилганидан кейин чиройли табассумга эга бўлади.
Дарвоқе, мовий кўзли Дениел Редклиф ҳам яшил контакт линза тақиши керак эди, лекин бу линзалар унинг кўзини шу қадар оғритадики, Жоан Роулинг билан маслаҳатлашиб, кўзининг табиий ранги билан қолдиришга қарор қилишади.
“Аддамслар оиласи”
Аддамслар оиласи ҳақидаги фильмда Мортишанинг кўзлари, нафақат мукаммал пардоз билан, балки саҳна ёритилишидан қатъи назар, қўшимча ёруғлик нури билан ҳам ёритиларди. Бу унинг образини — классик Голливуд фильмларидан чиққандек кўринадиган машъум аёл тасвирини таъкидлаш мақсадида қилинган эди. Қадимдан бундай усул актёрнинг кўзларига эътиборни жалб қилиб, нигоҳга драматик теранлик бахш этган.
“Трумен томошаси”
“Трумен томошаси” фильмида реалити-шоу яратувчилари доимий равишда кадрда қандайдир товарларнинг номларини реклама қилишади, аммо бу фақат фильмни қайта кўриб чиққанда, асосий сюжет маълум бўлганидагина аён бўлади. Аммо кейинчалик жуда кўп қизиқарли нарсаларни пайқаш мумкин.
Масалан, Труменнинг экрандаги рафиқаси гулли оқ шойи халатда пайдо бўлади, кейинроқ эса худди шу халатни телекўрсатув томошабинларидан бирида кўриш мумкин. Бу Труменнинг сохта реаллиги қанчалик тижоратлаштирилганини яна бир бор таъкидлайди.
“Собиқ севгилимнинг арвоҳлари”
2009 йилда суратга олинган фильмда актриса Криста Бриттани Аллен Женнифер Гарнернинг ёшлигини ўйнайди. Аммо бу шунчаки тасодиф эмас. 5 йил олдин улар “13 дан 30 гача” фильмининг суратга олиш майдончасида танишган, ўша фильмда Криста бош қаҳрамоннинг ёшлигини ўйнаган.
“Тўлин ой қироллиги”
Уэс Андерсон фильмларида ҳар бир майда деталга эътибор бериши билан машҳур ва энг эътиборли мухлисларига ишоралар қолдиришни яхши кўради. Улардан бири яқинда мухлислар томонидан топилди. “Тўлин ой қироллиги”да қаҳрамонни кўпинча илмий-фантастик романларни ўқиётган ҳолда кўриш мумкин. Бу китобларнинг ҳеч бири ҳақиқий эмас, лекин улардан бирининг орқа томонида Фрэнк Гербертнинг “Дюна”сидаги харита тасвирланган.
Бу ишорани ўн йил давомида ҳеч ким сезмаган — уни Дени Вилнёвнинг “Дюна” блокбастерининг иккинчи қисми экранларда муваффақиятли намойиш этилганидан кейингина пайқашган.
“Дедпул ва Росомаха”
“Дедпул ва Росомаха” блокбастерида Жон Хюзнинг машҳур “Самолёт, поезд, машина” комедиясидаги ёниб кетган автомобиль кадрга киритилган. Бу бежиз эмас: Дедпул ролини ижро этган актёр Райан Рейнолдс бу фильмнинг, айниқса Жон Кенди персонажининг катта мухлиси. Шу сабабли Дедпул ва Росомаханинг дўстлиги Жон Кенди ва Стив Мартин қаҳрамонлари ўртасидаги муносабатга ўхшаб ривожланади: жиддий ва жаҳлдор Росомаха сергап Дедпулга зўрға тоқат қилади.
Райан Рейнолдснинг асли канадалик эканлигини ҳисобга олсак, унинг комедия услуби яна бир канадалик актёр Жон Кенди таъсирида шаклланганлигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Жон Кендига ҳурмат кўрсатиш мақсадида Райан Рейнолдс ҳатто у ҳақда ҳужжатли фильм суратга олишни режалаштирмоқда.
“Сумерки”
Франшизанинг биринчи фильмида Белла мактаб ошхонасида қўлидаги олмасини тушириб юборади. Эдвард уни ушлаб қолганида, фильмга асос бўлган худди шу номдаги роман муқовасидаги тасвирни такрорлаб, мевани кафтларида ушлаб туради.
“Титаник”
Фильм бошида Роузнинг соч турмаги ва либослари анча расмий ҳамда жиддий. Қаҳрамон биринчи марта кўрсатилганда унинг оқ ва қора чизиқли костюми маҳбуслар кийимини эслатади. Бироқ у Жекни севгани сайин, соч турмаги ва кийиниши шунчалик эркинлашади.
Роуз фильмнинг бошида зинапоя соати олдида Жек билан учрашганда кийган кўйлаги финалда ҳам такрорланади. У айнан ўша кўйлак, бироқ кийимнинг ранги оқ. Шундан тахмин қилиш мумкинки, Роуз вафотидан сўнг севгилиси билан қайта топишади ва шу тариқа соат олдида учрашиш ваъдасини бажаради. Бундай ечим фильм саҳналарини нозик тарзда бир-бирига боғлайди ва қаҳрамонларга уларнинг ҳикоясига бахтли якун ҳадя этади.
“Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси”
Франшизанинг учинчи қисмида Дўмбоқ хоним портрети ёнида аёл ва бола тасвирланган жонли картинани кўриш мумкин. Бу ролда фильм режиссёри Алфонсо Куароннинг рафиқаси ва қизи кўриниш беради.
Изоҳ (0)