Европа Украинага тинчликпарвар кучлар сифатида 25 минг аскар юбориши қийин бўлади, чунки армия етарли таркиб ва молиялаштиришга эга эмас. Бу ҳақда манбаларга таяниб Тhе Times хабар берди.

Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи Тони Радакин Украинага юбориш учун ҳамкасбларидан 64 минг кишилик контингент тузишни сўраган. Бироқ кейинги учрашувларда Европа давлатлари мудофаа вазирлари бунинг имконияти йўқлигини айтган. Улар ҳатто 25 минг кишилик контингент ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилишини таъкидлаган.
Мудофаа вазирлари 10 апрелда бўлиб ўтган “кўнгиллилар коалицияси” йиғилишида ўз шубҳаларини билдирган. Кейин эса Брюсселда тор доирадаги учрашувда муҳокама қилишган. Улар Британия мудофаа вазири Жон Хилига 2 йил давомида ротацияни ҳисобга олган ҳолда, бундай миқдордаги контингентга жами 256 минг аскар керак бўлишини айтган.
Қайси давлатлар қўшин юборишга тайёр?
Британия Украинага 10 минггача ҳарбий юборишга тайёр. Франция ҳам беш мингдан 10 минггача аскар юбориши мумкинлигини билдирган.
Манбалар айтишича, Эстония ва Финляндия ҳар қандай ҳарбий жойлаштириш уларнинг ўз чегараларини ҳимоя қилиш кучини сусайтиришидан хавотирда. Польша, Испания ва Италия эса очиқчасига ўз қўшинларини юбормаслигини билдирган. Яна бир манбага кўра, Финляндия ва Германия қуруқликдаги қўшин юборишга умуман қарши, бироқ Берлин бу қарорни тўлиқ инкор этмаган.
Европа давлатлари Россия ҳужум қилган тақдирда қандай йўл тутишдан ҳам хавотирда. Эҳтимолий режаларга кўра, Британия ва Франция ҳарбий инструкторлари ғарбий Украинага юборилади, аммо улар фронт чизиғи яқинида бўлмайди, асосий объектларни қўриқламайди ёки Украина қўшинларини ҳимоя қилмайди.
Россиянинг бошқа давлатларга эҳтимолий ҳужуми: мавзуга оид янгиликлар
НАТО доираларидаги манбаларга кўра, Россия Финляндия ва НАТОнинг шарқий қанотидаги бошқа давлатларга ҳужум қилиш режасини ишлаб чиққан. Гап Россия армиясининг бир нечта бўлинмаларининг бир вақтнинг ўзида ҳужуми ҳақида кетмоқда. Унга ўн минглаб аскар жалб қилиниши эҳтимоли борлиги айтилган.
Financial Times нашрига кўра, Россия Япония ва Жанубий Корея билан эҳтимолий уруш учун нишонларнинг батафсил рўйхатини тузган. Рўйхатга 160 та ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмаси объектлари — атом электр станциялари, кўприклар, заводлар ва қўмондонлик пунктлари киритилган. 2008—2014 йиллардаги махфий ҳужжатлар Х-101 ракеталари билан зарбалар беришни ва Япония ҳамда Жанубий Кореянинг ҳаво мудофаасини текширишни тасвирлайди.
Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Россия 2028 йилдаёқ Европа Иттифоқига ҳужум қилиши мумкинлигини айтиб, Европани мудофаа харажатларини оширишга чақирган. НАТО билан уруш 4-6 йилдан кейин бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)