Голливуд актёри, кўплаб севимли фильмлар юлдузи Брюс Уиллис шу йилнинг 19 мартида 70 ёшга тўлди. Унинг қаҳрамонлари дангаса, ичкиликбоз ва одамови шахслар бўлса-да, айни пайтда улар доимо ўзларининг инсоний номукаммаллиги, жозибаси ва ўз устидан кулиши билан томошабинларни ўзига ром этарди.
Нью Жерсидан келган янки
Брюс Уиллис ГФРда хизмат қилаётган америкалик ҳарбий оиласида Германиянинг Идар Оберштейн шаҳрида туғилган. 1950 йилларнинг охирида отасининг ҳарбий шартномаси тугагач, оила Нью Жерсига кўчиб ўтади. У ерда Брюснинг яна тўртта укаси ва синглиси дунёга келади. Қизиғи шундаки, Уиллиснинг актёр бўлишига дудуқланиши сабаб бўлган. Нутқидаги бу нуқсон мулоқот қобилиятига унчалик таъсир қилмаса-да, мактабдаги ўзлаштиришига жиддий зарар етказган.
Дудуқланишни енгиш учун у мактаб драма тўгарагига ёзилади ва тез орада “Қирол Артур саройидаги коннектикутлик янки” песасида рол ўйнайди. Брюс саҳнага чиққанида дудуқланиши йўқолар, аммо томошабинлар олдига тушиши биланоқ яна пайдо бўларди. Мактаб театри саҳнасига мунтазам чиқишлар бўлажак актёрга узоқ кутилган ўзига ишончни шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, дудуқланишнинг бутунлай йўқолишига олиб келади.
Ой ёруғидаги изқувар
Брюс Уиллиснинг биринчи эътиборга лойиқ иши “Ой нури детектив агентлиги” (1985-1989) сериали бўлди. Унда у ўша пайтда жуда машҳур актриса бўлган Сибилл Шепард билан бирга рол ижро этади. Эътиборли жиҳати шундаки, дастлаб янги актёрни изқувар Девид Эдисон ролига олишни исташмайди — кастинг директори унинг соч турмаги, қулоғидаги зираги ва хаки рангидаги кийимларидан ҳайрон қолади. Бироқ сериал режиссёри Гленн Гордон Карон ёш актёрда катта салоҳият, “довюраклик ва жозиба”ни кўради ва охир-оқибат унинг номзодини қатъий ҳимоя қилади.
Оддий йигит — жангари фильм қаҳрамони
Ишониш қийин, аммо Брюс Уиллис ҳеч қачон студиянинг биринчи танлови бўлмаган. 20th Century Fox раҳбарлари Жон Макклейн ролини катта-кичик барчага таклиф қилишган — полициячи ролини ўйнаш учун Арнольд Шварценеггер ва Силвестр Сталлонедан тортиб Франк Синатра ва Ал Пачиногача кўриб чиқилган. Бироқ Жон Макклейн образига ўзига хос қараш билан синовларга келган ягона инсон Уиллис бўлган.
Лос Анжелесга хотини билан ярашиш учун келган нью ёрклик нафақадаги полициячи ҳеч қачон Девид Эдисоннинг ёшликдаги соддалигига эга бўлмаган, аксинча — Брюс Уиллис гавдалантирган қаҳрамон ҳаёт томонидан анча эзилган, кинояли ва ўз табиатига нисбатан ортиқча хаёлларга берилмайдиган одам эди.
У намунали эр ёки полициячи унвонига деярли муносиб эмасди, ғазабини назорат қилишда муаммоларга дуч келарди, аммо, ажабланарлиси, ўз ишини яхши билар ва гарчи ажрашган бўлса-да, хотинини чин дилдан севарди. Макклейннинг зиддиятли ички юмшоқлиги, шунингдек, бепарволиги динамик жанг саҳналарида — уни доимо ҳиссиётсиз бўлган Сталлоне ва Шварценеггер каби “келди, кўрди, ғалаба қозонди” формуласи асосида кинода ҳаракат қиладиган қаҳрамонлардан ажратиб турарди.
Жеймс Кемероннинг фильмлари томошабинларни ҳаракатли саҳналар ва инновацион визуал эффектлар билан ўзига ром этган. Оддий ва такрорланувчи ғоялар билан тўлиб-тошган “Ўтда ёнмас” франшизаси Макклейн феъл-атвори туфайли 25 йил давомида ўзини сақлаб қолди. Макклейн ҳеч қачон қаҳрамон бўлишга интилмаган, аммо доимо оддий яхши йигит бўлиб қолаверган.
Фожиа ва комедия устаси
Брюс Уиллис — тижорий жиҳатдан муваффақиятли экшн франшизаларининг саноқли актёрларидан бири бўлиб, у сўзи ва иши билан нафақат қурол кўтарган совуққон эркаклар ролини, балки мураккаб, серқирра қаҳрамонларни ҳам маҳорат билан ижро эта олишини исботлаган. Бундай ўзгаришнинг ёрқин намунаси М. Найт Шямаланнинг “Олтинчи ҳиссиёт” мистик триллери бўлди. Унда Уиллис чиндан ҳам ғайриоддий бемор билан тўқнаш келган болалар руҳшуноси қиёфасига киради. Шубҳасиз, фильмнинг асосий юлдузи ёш Ҳейли Жоэл Осмент эди, бироқ Брюс ҳам унинг соясида қолиб кетмади — тушкун кайфиятли доктор Малколм Кроув Уиллиснинг бошқа ролларидан кескин фарқ қиларди.
“Тўққиз ярд”, “Тўлин ой қироллиги”, “Ўлим унга ярашади” каби фильмлар актёр учун камдан кам учрайдиган, комедик роллар бўлиб қолди.
Брюс Уиллиснинг сўнгги йирик роли Эдвард Нортоннинг “Етим Бруклин” номли режиссёрлик дебюти бўлди. Бу фильмда у қидирув агентлиги бошлиғи Франк Минна ролини ижро этди. Шундай қилиб, у қисман бўлса-да, ўзининг актёрлик илдизларига — машҳур “Ойдин кеча детектив агентлиги” сериалига қайтди.
Деми Мур билан ҳаёти
1987 йилда актёр Голливуддаги зиёфатда Деми Мур билан танишади. Ўша пайтда Деми ҳали таниқли бўлмаган, биринчи никоҳидан ажрашган актриса эди. Улар тезда тил топишади, танишганларидан тўрт ой ўтгач, турмуш қуришади.
1988 йилда Деми ҳомиладорлигини эълон қилганида Брюс бахтдан боши осмонда эди. Уларнинг ҳаёти бутунлай ўзгаради. Брюс намунали отага айланади, кичкинтой Румерни жон-дилидан севарди.
Ўша пайтда Брюс ҳар хил жанрларда ўзини синаб кўрди, комедияларда ярқиради, мусиқа басталади, ўз фильмларини ишлаб чиқарди, дўстлари билан бизнес йўлга қўйди ва оилавий ҳаётдан лаззат олди. Брюс ва Демининг яна икки қизи дунёга келди: 1991 йилда Скаут ва 1994 йилда Талула.
1998 йилда Уиллис ва Мур ажрашаётганларини эълон қилишди. Бу жуфтликнинг бошига нималар тушганини ҳеч ким аниқ билмайди. Хиёнат, ёпиқ эшиклар ортидаги жанжал ва муштлашишлар, Брюснинг хиёнати ҳақидаги миш-мишлар тарқалади.
Ажрашгандан сўнг, Брюс модел Эмма Ҳемминг билан учраша бошлади. Эмма эса унга сўнгги ўн йил давомида орзу қилган хотиржамликни туҳфа этди. 57 ва 59 ёшида Брюс яна оталик бахтига эришди. У Эмма билан Мейбл ва Эвелин исмли қизларни дунёга келтирди.
2022 йилнинг март ойида актёр Брюс Уиллиснинг оила аъзолари унинг ижодий фаолияти якунига етгани, Голливуд юлдузида афазия — бош мия қобиғи шикастланиши натижасида юзага келадиган нутқ бузилиши аниқланганини маълум қилган эди.
Деменция даҳшатли нейродегенератив касаллик бўлиб, ҳеч кимни аямайди. Ҳозирда Брюс собиқ хотинини танимаса ҳам, хайриятки, ҳали ҳам хотини Эмма ва унинг болаларини танийди. Актёрнинг оила аъзолари — рафиқаси Эмма Ҳемминг, қизлари ва ҳатто собиқ рафиқаси Деми Мур ҳамиша унинг ҳолидан хабар олиб туради.
Маълумотларга кўра, актёрнинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Энди у ўқий олмайди ва умуман сўзлаша олмайди ҳам. Оиласи уни қўллаб-қувватлаш учун актёр билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда унинг соғлиғи ҳақида маълумотлар ҳам бериб боришяпти.
Изоҳ (0)