Сенатнинг 30 апрелдаги ялпи мажлисида ёшга доир пенсияни проактив шаклда тайинлаш тартиби кўзда тутилган қонун маъқулланди.

Қонун билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур тартиб амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Бундан ташқари, пенсия ёшига етган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида уларнинг телефон рақамларига пенсия тайинлангани ва унинг миқдори тўғрисида SMS-хабар юборилади.
Қонунда, шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириб, кейинроқ ёшга доир пенсия олиш истаги бўлганида, проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонунга асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, белгиланаётган нормалар фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган қонун лойиҳаси 2025 йилнинг февралида депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинганди. Пенсия жамғармасига кўра, фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Ўзбекистонда охирги марта 2024 йил сентябрда пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилган эди. Хусусан, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланди.
Изоҳ (0)