Тошкент шаҳридаги кафеларнинг биридан маст ҳолда чиққан ва машина ўғирлашда гумонланган судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Бунга унинг Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани сабаб бўлган.
“Дарё” манбаси судья Рустам Раҳмоновнинг қилмиши юзасидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, у Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун, қолаверса унинг аризасига биноан ваколати муддатидан аввал тугатилганини маълум қилди. Манба шунингдек, ўша куни собиқ судья Раҳмоновнинг ёнида бўлган икки нафар судьяга нисбатан ҳам хизмат текшируви тайинланганини очиқлади.
“Дарё” журналисти бунга аниқлик киритиш учун Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати билан боғланди. Масъул бу хабарни на тасдиқлади ва на инкор этди. Аниқланадиган ҳолатлар борлигини айтиб, кейинчалик батафсил маълумот берилишини қўшимча қилди.
2025 йилнинг 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги кафеларнинг биридан маст ҳолда чиққан Миробод туман суди судьяси машина ўғирлаганликда гумонланаётгани хабар берилган эди. Ушбу хабарга муносабат билдирган Судьялар олий кенгаши гап ким ҳақида кетаётганига қисман аниқлик киритди.
“Судьялар одоби кодекси талабларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьясининг хизматдан ташқари вақтдаги хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги шу мавзуга доир хабарларда тилга олинаётган ҳолатларга хизмат текшируви жараёнида аниқлик киритилади ва якуни бўйича лозим чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилганди кенгаш баёнотида.
“Кун.уз” сайти ўз манбаларига таяниб, ҳуқуқбузарликда гумонланаётган судья Миробод туман суди судьяси лавозимида бўлишининг навбатдаги 10 йиллик муддатига тайинланган Рустам Раҳмонов эканини аниқлаштирди.
Кейинчалик “Дарё”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида ишловчи, Раҳмоновга яқин инсонлардан бири воқеа содир бўлган куни судья Яшнобод туман ИИБ биносига олиб кетилганини ва бир кун ушлаб турилганини маълум қилди.
“Дарё” судья Рустам Раҳмонов билан ҳам боғланишга уринди. Судья телефон қўнғироқларига жавоб бермади. Қолаверса, Telegram орқали йўлланган саволларни ҳам очиқ қолдирди.
Маълумот учун: Жиноят кодексининг 267-моддасига кўра, автомобиль ўғирлаган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)