Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутувчи қонун лойиҳаси тўртта фракция аъзоларининг ёппасига берган қарши овози сабабли ташаббускорларга қайтарилди.
Кеча Қонунчилик палатасининг телеграмдаги расмий саҳифасида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан хусусий секторда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва фракциялар муҳокасига киритилгани хабар қилинди. Шундан сўнг, палатанинг ҳамда сиёсий партияларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида бирин-кетин фракцияларнинг қонун лойиҳасини муҳокама қилингани-ю, уни ташаббускорга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилгани билан боғлиқ хабарлар берилган эди.
Ялпи мажлисда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан дастлаб ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси, лойиҳа ташаббускорларидан бири Абдуманноп Буриевнинг маърузаси эшитилгандан сўнг, муҳокамалар қисмига ўтилди.
Биринчилардан бўлиб сўз олган, ХДП фракцияси аъзоси Ф.Шарипов ишчи-ходимларни ҳар томонлама кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ХДП партиясининг ўз олдига қўйилган устувор вазифалардан бири эканлиги, электорати манфаатидан келиб чиқишини таъкидлаб, ташаббускор депутатларга савол билан юзланди.
— Меҳнат кодексининг 164-моддасига таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра эндиликда ходимни ишдан бўшатишда тадбиркорлар томонидан касаба уюшмаси қўмитасини розилигини олиш эмас, балки, уни хабардор қилиш тартиби киритилмоқда. Ушбу ўзгартириш ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эмасми? Эртага тадбиркорлар томонидан исталган ходимини ишдан бўшатишга олиб келмайдими?, - деди у.
Маърузачи депутат Абдуманноп Буриев ҳамкасбининг юқоридаги саволига жавоб берар экан, касаба уюшмаси қўмитаси розилиги ўрнига хабардор қилиш тартибига ўтишда Касаба уюшмасининг роли сақланиб қолинаётганини билдирди. Яъни, касаба уюшмаси 10 кун ичида хабарномага эътироз билдирса, меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Ушбу ўзгартиришдан кўзланаётган мақсад, кичик бизнес субъектлари бўлган иш берувчилар томонидан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, деб тушунтириш берди.
ХДП фракциясининг яна бир аъзоси Шокиржон Ахмедов ҳам фракциядошининг муносабатини қўллаб-қувватлаб, қонун лойиҳасини фракцияга қайтариш, тегишли ташкилотлар билан қайта ишлаган ҳолда киритиш таклифини илгари сурди.
“Адолат” фракцияси аъзоси Бекзод Тўхтамуродов эса, қонун лойиҳасидаги ўзгартиришларда икки томонлама муносабатларда кўпроқ иш берувчиларга, яъни, тадбиркорларга ён босилаётгандек туюлаётганини қайд этиб, фракция томонидан билдирилаётган эътирозларнинг асосли эканини таъкидлади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига юклатилган асосий ижтимоий мажбуриятларнинг бекор қилинишини фракция нотўғри деб ҳисоблашини, бунда ходимнинг ижтимоий ҳимоя масаласи очиқ қолаётгани, бунинг натижасида жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини билдирди. У “Адолат” партияси фракцияси қонун лойиҳасини бу шаклда маъқулламаслигини, лойиҳада ходимларни ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муқобил ечимлар бериш зарурлигини билдирди.
Шундан сўнг, раислик қилувчи томонидан ушбу қонун лойиҳаси ташаббускорларининг фикрлари сўралди.
Қонун ташабускорларидан бири депутат Шухрат Шарафутдинов лойиҳани ишлаб чиқишда энг аввало, тадбиркорлар фаолиятидаги ортиқча юклама, мажбуриятлар ва бюроратик тўсиқларни олиб ташлаш орқали улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинганини билдириб ўтди.
— Агар статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, иқтисодиётда норасмий секторда банд бўлганлар улуши кўп, 2024 йил ҳолатига 38%ни ташкил этмоқда. Қонунчиликда тадбиркорларга бу каби енгилликлар бериш, улар фаолиятини янада ривожлантириш ва ўз навбатида янги иш ўринлари яратилишига, ходимлар ижтимоий ҳимояси таъминланишида муҳим, деди депутат. Ва депутатлардан қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб беришларини сўради.
Яна бир адолатчи депутат Шуҳрат Якубов қонун лойиҳасидаги 168-моддага киритилаётган ўзгартиришлар бўйича эътирозларини билдирди. Унга кўра, меҳнат шартномаси амалдаги Меҳнат кодексига кўра, тиббий хулосага мувофиқ, меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилгандагина бекор қилинади. Ташабускорлар томонидан эса, олти ойдан ортиқ узлуксиз тўлиқ меҳнатга лаёқатсиз ҳолати ҳам ишдан бўшатишга сабаб бўлиши киритилмоқда. Депутатнинг “айни вақтда республикамизда ходимларнинг юрак қон-томир ёки онкологик касаллик билан курашаётган ҳолатлари ҳам бор.
Бу ҳолатлар эртага одамларнинг норозилигига сабаб бўлмайдими?”, — деган саволига яна бир ташаббускор депутат Руслан Собиров жавоб берди.
Унинг фикрича, таклиф этилаётган ўзгаришлар натижасида ходимни узоқ муддат даволаниш вақтидаги тўловларни амалга ошириши, ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилишидаги сансалорликлар, хусусан, унга бошқа иш таклиф қилиш, тиббий хулоса олиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топилади.
Экологик партия фракцияси аъзоси Ж.Абдуллаев лойиҳага киритиш таклиф этилаётган меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилишда ходим ўзи берган аризани иш берувчини розилиги билан қайтариб олиши билан боғлиқ норма юзасидан эътирозларини билдирди. — Сизлар таклиф этаётган норма бўйича иш берувчи норози бўлса ходим ишсиз қоладими”, — деди депутат.
Жавлон Абдуллаевнинг саволига қонун лойиҳасининг яна бир ташаббускори Севара Абдуллаева ушбу моддага киритилаётган таҳрирда ходимнинг ҳуқуқи чекланмаётгани, аксинча, меҳнат муносабатларидаги ҳар икки тарафнинг ҳам манфаатлари инобатга олинмоқда, деб тушунтириш берди.
“Миллий тикланиш” фракцияси аъзоси Ш.Жолдасова амалдаги Меҳнат кодексида 18 ёшгача бўлган ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда, маҳаллий меҳнат органи розилиги талаб этилиши, ташаббускорлар томонидан тақдим этилаётган таҳрирда розилик олиш ўрнига хабардор қилиш тартибига ўтилаётгани, ёшлар ўртасида ишсизликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлади, дея фикр билдирган бўлса, депутат Абдуманноб Бўриев вояга етмаганларни ишдан бўшатиш учун маҳаллий меҳнат органининг мажбурий розилиги тўғрисидаги қоида коррупциявий элементларни ўз ичига олиши ва бюрократик тўсиқ бўлади деб, жавоб берди.
Савол-жавоблар, кескин муносабатлардан сўнг ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қонун лойиҳаси бўйича муносабатини билдириб ўтди.
— Биз муҳокама қилаётган қонун лойиҳаси “ижтимоий адолат”, “ижтимоий тенглик” принципларига зид. Чунки бу қонун лойиҳаси билан хусусий секторни ижтимоий мажбуриятлардан озод қиляпмиз. Ўзбекистон ХДП фракцияси ушбу қонун лойиҳасини бундай тарзда қабул қилинишига қарши. ХДП фракцияси қонун лойиҳасини ташаббускорларга қайтариш таклифини илгари суради ва бошқа депутатларни ҳам бунга чақириб қолади.
Иноятовнинг қатъий позисиясидан сўнг сўз олган “Миллий тикланиш” фракцияси раҳбари Алишер Қодиров қонун лойиҳаси етарлича муҳокама қилингани айтиб, муҳокамаларни тўхтатиш ҳамда овозга қўйиш таклифини билдирди.
Мажлисда сўз олган ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасида қулай бизнес муҳитини шакллантириш, тадбиркорларни меҳнат муносабатларидаги ижтимоий мажбуриятини қисқартириш каби муҳим вазифалар мужассам.
Кўтарилган масалалар иш берувчининг манфаатларига устуворлик бераётгандек туюлсада, аслида бу ишчи-ходимларни, ёшларни қўллаб-қувватлаш, кўпроқ янги иш ўринлари яратиш ва меҳнат бозорида ишчиларни самарали ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, фракция раҳбари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб беришни сўради.
Шундан сўнг, овозга қўйилган қонун лойиҳаси 71 та қарши овоз билан рад этилди.
Нима ҳам деймиз. Либералларнинг тадбиркорлар манфаатларидан келиб чиқиб, илгари сурган ғояси, сосиал демократларнинг электорати манфаатига тўғри келмади. Бу эса, қонун лойиҳасининг рад этилиши билан тугади. Нима бўлган тақдирда ҳам, сиёсий партиялар фракцияларининг парламентда жонланганини, ўз позисияларини дадил билдира бошлаганининг гувоҳи бўляпмиз.
Бу яхши, албатта. Партияларимиз сайлов жараёнларида электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини оқлашга, бажаришга қаттиқ киришгандек, назаримизда.
Парламентдаги жараёнлар қизғин тус олмоқда. Парламентда мутлақ кўпчилик ўрин билан етакчилик қилаётган либералларнинг кейинги қадамлари қандай бўлади. Буни эса вақт кўрсатади.
Изоҳ (0)