“Эффект.уз” сайти директори Акмал Эшонхонов суд қилинмоқда. Бунга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномаси сабаб бўлган. Бу ҳақда суднинг дастлабки инстанциясида қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.

2025 йилнинг 14 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида судья Жаҳонгир Саидов раислигида бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида сайт директори Эшонхонов ёлғон ахборот тарқатишда айбланаётгани айтилди.
Суд аввалида сўз олган судья Саидов мажлис очиқ эканини, аммо ОАВ ходимларига фото, видео ҳамда аудиоматериаллар олиш тақиқланганини маълум қилди. Улар шунчаки кузатувчи мақомида эканини, маълумотларни қўлёзма тарзида олиши мумкинлигини, шунингдек, кейинчалик бундан фойдаланиб материаллар тайёрлашига қарши эмаслигини айтди.
Бу ҳаракат билан келгусида шу масалада киритишимиз керак бўлган барча илтимосномаларимизни ҳам рад этиб бўлдингиз. Бу эса бизда ишни холис кўришингизга шубҳа туғдиряпти, дейди адвокатлардан бири судьянинг ҳаракатига норозилигини билдирар экан.
Мажлисга раислик этувчи эса бу ҳақда хусусий ажрим чиқарганини, мазкур масалани қайта муҳокама қилиш нияти йўқлигини айтди. Шунда ҳимоячилар раислик этувчи ёки ёрдамчиси кўмагида суд мажлисида овоз ёзиш имконияти яратилиши кераклигини, кейинчалик иш якунлангач, томонларга тақдим қилиниши мумкинлигини айтиб, илтимоснома киритди. Судья бу илтимосномани ҳам рад этди. Сўнгра адвокатлар ва жавобгар томон судьянинг холислигига шубҳа қилиб, унга раддия берди. “Отвод” ҳам рад қилинди.
-Fx0n0qrN.avif)
Суд мажлисида сўз олган жавобгар Акмал Эшонхонов Судьялар олий кенгаши ва унинг фаолияти ҳақидаги мақолалар муаллифи эмаслигини, ИИБ ходими ишни судга оширишдан олдин буни текширмаганини маълум қилди.
Агар мақола муаллифи мен бўлиб, жавобгар қилинаётганимда ҳам алам қилмасди, деди у.
Акмал Эшонхонов, шунингдек, Судьялар олий кенгаши таҳририятдан мақола учун раддия эълон қилишни сўрамаганини, агар сўралса, раддия беришга тайёр эканлигини айтди.
Раислик этувчи судья судланувчига савол билан юзланар экан, таҳририятнинг 2025 йил 15 февралда эълон қилган “Холмўмин Ёдгоровга саволлар бор” сарлавҳали мақоласидаги
Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган Б.А. Судьялар олий кенгашининг 2021 йил қарори билан Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси лавозимига, Т.Ш. ЖИБ Яккабоғ туман суди раиси лавозимига, К.Р. ФИБ Қоракўл туманлараро суди судьяси лавозимига, С.Б. ЖИБ Гулистон туман суди раиси лавозимига, А.Ў. ФИБ Янгийўл туманлараро суди судьяси лавозимига, А.С. ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси лавозимига, С.Н. Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимига лойиқ деб топилиб, расман ишга тайинланган. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин: чунки лавозимга тайинланган яна бир қанча судьялар ва суд раислари ҳақида таҳририят ихтиёрида етарлича маълумотлар бор,
дейилган жумлага далил сўради. Шунингдек, судья ундан таҳририят директори сифатида ҳар бир мақола эълон қилинишидан аввал сиздан ўтадими, мақолани эълон қилишга сиз рухсат берасизми, дея сўради.

Дастлаб “Ахборот манбамизни очиқлай олмайман”, деган судланувчи адвокатлари тушунтиришларидан сўнг “Бу ҳақдаги ҳужжат бизда мавжуд, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинган санаси, рақами каби маълумотларни бераман. Фақат ахборот манбамизни очиқламайман”, деди. Судьянинг қўшимча саволига эса “мақола бадиий кенгашдан ўтади ва мақоланинг эълон қилинишига мен рухсат бераман”, дея жавоб қайтарди.
Суд судланувчининг мазкур маълумотларни тақдим этиши учун вақт берди ва суд ишида 16 апрель куни соат 10:00 га қадар қисқа танаффус эълон қилинди.
Таҳририят ва Судьялар олиш кенгаши ўртасидаги зиддиятга сабаб нима?
Аниқланишича, “Эффект.уз” сайти 2025 йилнинг 6 февраль куни “Судьяларнинг нафси ҳакалак отганми ёхуд Ёдгоров ва Исломов тизгинни йўқотдими?” сарлавҳали мақола эълон қилиб, мақолада судьяларда коррупцион ҳолатлар кўп учраётганини ёзиб, қозиларнинг пора олишига катта эҳтимол билан Судьялар олиш кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сабабчи, деган. Бунга муносабат билдирган Судьялар олиш кенгаши ахборот хизмати мукаммалликка даъво қилинмаслигини, бироқ нохолисликка ҳам тоқат қилинмаслигини ёзиб, “ушбу мақола бирёқлама ва етарли асосларга эга бўлмаган ҳиссиётли мулоҳазалардан иборат бўлиб, судьялар ҳамжамияти фаолияти, раҳбарияти ва аъзоларини обрўсизлантириш мақсадида ёзилган, дейишга тўла асослар бор”, дея фикр билдирган. Бу ҳақда иккинчи марта чиқиш қилган “Эффект.уз” сайти журналисти мавзуни давом эттириб, бу сафарги мақолада Холмўмин Ёдгоровга саволларини баён қилган. Журналистлар чиқишини эътиборсиз қолдирган масъуллар “Саволларга жавоб нақд”лигини ёзиб, мақолани “Судьялар олий кенгашига нисбатан навбатдаги ахборот хуружи”, деб баҳолаган.
Буни сўз эркинлигининг амалдаги ифодаси, деб бўлмайди. Чунки сўз эркинлигининг бош мезони — холислик, тарқатилаётган ахборот учун масъулиятни зиммага олиш ва айбсизлик презумсиясига қатъий риоя этиш ҳисобланади. Мақолада ушбу ҳуқуқий ва ахлоқий талабларнинг акси кўринади ва бу электрон нашр фаолиятида ўз шиорига терс ҳолатлар кўзда ташланаётганини ҳам билдиради, дейилади Судьялар олий кенгашининг жавобида.
Кейинчалик таҳририятнинг ёзишича, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров танқидий мақола учун Бош прокуратурага тақдимнома киритган. Бош прокуратура ишни кўриб чиқиш учун Ички ишлар вазирлиги ходимларига юборган. ИИВ ходимлари томонидан кўриб чиқилган иш Мирзо Улуғбек туман ИИБ ихтиёрига юборилган. Шундай қилиб иш айни кунда судга етиб келган.
Изоҳ (0)