Effect.uz сайти директори, журналист Акмал Эшонхонов судда жавобгар қилинди. Унга 11 миллион 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди. Бу ҳақда “Дарё” журналисти хабар берди.
2025 йилнинг 14 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бошланган суд қисқа танаффусдан сўнг, 16 апрель куни ишини давом эттирди.
Дастлабки суд мажлисида сўз олган судья Жаҳонгир Саидов сайт директори ёлғон ахборот тарқатишда айбланаётганини маълум қилганди. Шунингдек, у таҳририятнинг 2025 йил 15 февралда эълон қилган “Холмўмин Ёдгоровга саволлар бор” сарлавҳали мақоласидаги:
Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган Б.А. Судьялар олий кенгашининг 2021 йил қарори билан Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси лавозимига, Т.Ш. ЖИБ Яккабоғ туман суди раиси лавозимига, К.Р. ФИБ Қоракўл туманлараро суди судьяси лавозимига, С.Б. ЖИБ Гулистон туман суди раиси лавозимига, А.Ў. ФИБ Янгийўл туманлараро суди судьяси лавозимига, А.С. ФИБ Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси лавозимига, С.Н. Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимига лойиқ деб топилиб, расман ишга тайинланган. Рўйхатни яна давом эттириш мумкин: чунки лавозимга тайинланган яна бир қанча судьялар ва суд раислари ҳақида таҳририят ихтиёрида етарлича маълумотлар бор,
дейилган жумлага далил сўраганди. 16 апрель куни давом этган судда Акмал Эшонхонов гарчи ҳужжатнинг ўзини тақдим этмаса-да, ҳужжат санаси ҳақида маълумот бериб, Судьялар Олий малака ҳайъатидан қўшимча маълумот олиб, мақоладаги фактни текшириб кўриш имкони борлигини айтиб, шуни сўраб олиш ҳақида илтимоснома киритди. Мазкур илтимоснома раислик этувчи томонидан рад этилиб, келтирилган далиллар етарли эмас деган хулосага келинди.
Судда шунингдек, адвокатлар Мирзо Улуғбек туман ИИБ ходими томонидан 2025 йилнинг 7 апрель куни тузилган электрон кўринишдаги маъмурий баённома сохта эканини, ундаги маълумотлар ИИБ ходими томонидан киритилиб тасдиқланганини, судланувчи ҳуқуқбузарлигини тан олиб, ҳужжатга имзо қўймаганини маълум қилди. Судга гувоҳ сифатида чақирилган ИИБ ходими ҳам маъмурий баённома судланувчи иштирокисиз тузилганини тан олди. Бироқ судланувчи ва унинг адвокатига ҳужжатлар билан таништириш ҳақида баённома тузган пайтда Акмал Эшонхоновни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан таништирганини айтди.
Судланувчининг адвокати ИИБ ходими тузган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс сохта эканини, у ҳуқуқбузарликда айбланаётган фуқаро иштирокида тузилмаганини баён қилиб, ҳужжатни сохта деб топишни ва шундан келиб чиққан ҳолда ишни суриштирув органига қайтаришни илтимос қилди. Судья мазкур илтимосномани ҳам рад этди. Адвокатлар такрорий тарзда судьяга “отвот” берди. Бу ҳам рад қилинди.
Судья журналист Акмал Эшонхоновни ёлғон ахборот тарқатишда айбдор деб топди ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари — 11 миллион 250 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Таҳририят ва Судьялар олиш кенгаши ўртасидаги зиддиятга сабаб нима?
Аниқланишича, Effekt.uz сайти 2025 йилнинг 6 февраль куни “Судьяларнинг нафси ҳакалак отганми ёхуд Ёдгоров ва Исломов тизгинни йўқотдими?” сарлавҳали мақола эълон қилиб, мақолада судьяларда коррупцион ҳолатлар кўп учраётганини ёзиб, қозиларнинг пора олишига катта эҳтимол билан Судьялар олиш кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сабабчи, деган. Бунга муносабат билдирган Судьялар олиш кенгаши ахборот хизмати мукаммалликка даъво қилинмаслигини, бироқ нохолисликка ҳам тоқат қилинмаслигини ёзиб, “ушбу мақола бирёқлама ва етарли асосларга эга бўлмаган ҳиссиётли мулоҳазалардан иборат бўлиб, судьялар ҳамжамияти фаолияти, раҳбарияти ва аъзоларини обрўсизлантириш мақсадида ёзилган, дейишга тўла асослар бор”, дея фикр билдирган. Бу ҳақда иккинчи марта чиқиш қилган Effekt.uz сайти журналисти мавзуни давом эттириб, бу сафарги мақолада Холмўмин Ёдгоровга саволларини баён қилган. Журналистлар чиқишини эътиборсиз қолдирган масъуллар “саволларга жавоб нақд”лигини ёзиб, мақолани “Судьялар олий кенгашига нисбатан навбатдаги ахборот хуружи”, деб баҳолаган.
Буни сўз эркинлигининг амалдаги ифодаси, деб бўлмайди. Чунки сўз эркинлигининг бош мезони — холислик, тарқатилаётган ахборот учун масъулиятни зиммага олиш ва айбсизлик презумпсиясига қатъий риоя этиш ҳисобланади. Мақолада ушбу ҳуқуқий ва ахлоқий талабларнинг акси кўринади ва бу электрон нашр фаолиятида ўз шиорига терс ҳолатлар кўзга ташланаётганини ҳам билдиради, дейилади Судьялар олий кенгашининг жавобида.
Кейинчалик таҳририятнинг ёзишича, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров танқидий мақола учун Бош прокуратурага тақдимнома киритган. Бош прокуратура ишни кўриб чиқиш учун Ички ишлар вазирлиги ходимларига юборган. ИИВ ходимлари томонидан кўриб чиқилган иш Мирзо Улуғбек туман ИИБ ихтиёрига юборилган. Шундай қилиб иш айни кунда судга етиб келган.
Изоҳ (0)