Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар савдосида узоқ йиллар етакчилик қилиб келган Tesla’ни аллақачон ортда қолдирди. Эндиликда эса у ҳашаматли спорт автомобиллари бозорига қадам қўймоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

BYD’нинг юқори тоифадаги Denza бренди яқинда ўзининг “Z” деб номланган, ёрқин кўк рангдаги янги моделини тақдим этди. Бу автомобиль компаниянинг Porsche ва Mercedes-Benz каби йирик брендлар билан рақобатлаша олишга тайёр эканини кўрсатади.
Мазкур тақдимот Хитойнинг энг йирик автомобиль кўргазмаси – Auto Shanghai доирасида бўлиб ўтди. Бу кўргазмага ўнлаб маҳаллий ва хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчилар тасшриф буюради. Denza Z спорт автомобили тақдимотгача қора ёпинчиқ остида кўргазма майдонида турди. Унинг ёнида эса BYD асосчиси ва мамлакатнинг энг машҳур тадбиркорларидан бири Ванг Чуанфу ҳам бор эди.
Бугунги кунда BYD Хитойда электромобиль сегментининг етакчисига айланган. У 2024 йилда глобал савдо ҳажми бўйича Tesla’дан ўзиб кетди. Компания айниқса Хитой ички бозорида кучли позицияга эга бўлиб, автомобилларининг асосий қисмини шу ерда сотмоқда.
Компания расмийси янги модел “технология ва ҳашаматда максимал даражага эга” бўлишини таъкидлади. Denza дастлаб Mercedes-Benz билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлса-да, ҳозирда у тўлиқ BYD’га тегишли. Бренд апрель ойнинг бошида Европа бозорида ҳам савдога чиқарилди.
BYD’нинг асосий бренди кўпроқ бюджет тоифасидаги транспорт билан машҳур бўлса, Denza линияси компаниянинг бозорни кенгайтириш, премиум сегментга кириш истагини билдиради.
Масалан, Denza N9 йўлтанламас автомобили март ойида 389 800 юан (тахминан 53 453 доллар) бошланғич нарх билан сотувга чиқарилган. Таққослаш учун, BYD’нинг оммабоп Song Plus йўлтанламаси атиги 18 500 доллардан бошланади.

Бундан ташқари, BYD Yangwang деб номланган, 1 миллион юандан (137 000 доллар) юқори нарх тоифасидаги премиум электромобиль бренди остида ҳам автомобиллар ишлаб чиқармоқда. Бу бренд апрелда ўзининг 10 000-чи автомобилини сотганини нишонлади. Янгwанғнинг сўнгги модели – U8L йўлтанламаси ҳам Auto Shanghai кўргазмасида намойиш этилди.
Tesla билан рақобат
BYD 2024 йилда 107 миллиард долларлик даромадга эришди, бу ўтган йилга нисбатан 29 фоиз кўп. Компания йил давомида 4,27 миллион автомобиль, жумладан гибрид автомобилларни етказиб берди. Таққослаш учун, Tesla 97,7 миллиард доллар даромад олди ва 1,79 миллион аккумуляторли электромобиль сотди. Tesla учун бу биринчи йиллик пасайиш бўлиб, етказиб бериш ҳажми 1,1 фоизга камайди.
2025 йилнинг биринчи чорагида BYD сотуви 60 фоизга ошди. Бу даврда компания 1 миллиондан ортиқ янги энергия манбаларига эга автомобиль сотди. Бу машиналарга тўлиқ электр автомобиллар, бензин ва электрда ҳаракатланувчи гибрид автомобиллар ҳамда тижорат транспорт воситалари киради.
BYD иккала турдаги – аккумуляторли ва гибрид – автомобилларни ишлаб чиқаради, Tesla эса фақат тўлиқ электр энергияси билан ишлайдиган автомобилларга мослашган. BYDънинг аккумуляторли электромобиллар бўйича етказиб бериш ҳажми 1,76 миллион донани ташкил этди, бу эса Tesla’никидан бир оз камроқдир.
Изоҳ (0)