Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектларнинг ҳамда Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасида ХДПчиларнинг қатъий позицияси кўпчиликни ҳайрон қолдирди.
Хўш гап ўзи нимада?
Қонун лойиҳасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга берилган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод етиш белгиланяпти.
Партия матбуот хизматининг маълум қилишича, бир кун олдин бўлиб ўтган фракция йиғилишида ҳам қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Қонун лойиҳасининг тушунтириш хати ва концепцияси юзасидан бир қатор депутатлар томонидан билдирилган ҳақли эътирозлар сабабли, қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қайта ишлаш ва маромига етказиш талаби билан, ташаббускорларга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган экан.
ХДПчилар ялпи мажлисда ҳам шу талабда қатъий туриб, ўз позисияларини охиригача ҳимояга қилишди. Мажлисда сўз олган ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Эрматова қонуннинг тушунтириш хатида қонун лойиҳаси гўёки мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи қамраб олинганини қайд этиб, агентликка берилаётган ваколатлар қанчалик тўғри эканлигини савол остига олди.
“Бу қонун лойиҳаси билан аниқ кимни манфаатларини ҳимоясини таъминлаш, жисмоний шахсми ёки юридик шахсми деган масалалар қонунда очиқ қолмаяптими? Кеча фракциямизда вазирлик тизимидаги реестрга киритилган субъектлар билан ишлаймиз деди, бу реестрга ўзгартириш киритиш вазирлик ваколатида ва эртага бу ҳам ноқулайлик туғдирмайдими? Шундан келиб чиқиб, лойиҳани концептуал кўриб чиқиб, аниқ вазифаларни кўрсатиб ўтиш зарур деб биламан”, — деди ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова.
Фракциянинг яна бир аъзоси Анвархон Темиров куни кеча ушбу қонун лойиҳасига фракция билан қарши чиққани, лойиҳани концепциясини асосда келтирилганидек, фармондан келиб чиққан ҳолатда олиб кириш кераклигини таъкидлади.
“Адолат” фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов эса қонун лойиҳасининг асосий моҳиятига эътибор қаратар экан, ташаббускорларга давлат божини тўлашдан озод қилинган субъектлар қаторига яна бир субъектнинг қўшилиши қанчалик муҳимлиги юзасидан савол билан мурожаат қилди.
— Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судлар юкламасининг ортиб кетишига хизмат қилмайдими? Масала ташаббускорлар томонидан муҳокама қилинганми? Статистик маълумотларга кўра 2023-2024 йилларда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан судларга бор йўғи 22 та даъво аризалари киритилиб, шундан 12 таси қаноатлантирилган, қолган қисми кўрмасдан қолдирилган. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида бу рақамлар сони кескин ошиб кетиши мумкин.
Қонун ташаббускорлари кўтарилган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Мажлисда ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов қонун лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирар экан, фракция партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишни ва берилган таклифлар асосида уни иккинчи ўқишга тайёрлаш лозимлигини таъкидлади. Фракция аъзоси Руслан Собиров эса қонун лойиҳаси ушбу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини қайд этиб, уни қўллаб-қуватлашга чақирди.
ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қонун лойиҳасини куни кеча бўлиб ўтган фракция йиғилишида концептуал жиҳатдан муҳокама қилаётганда партия электоратининг ҳуқуқ ва манфаатларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. Лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида қонун ташаббускорларига уни ялпи мажлисга биринчи ўқишга муҳокама қилиш жараёнига қадар қайта кўриб чиқиш бўйича имкон берилгани, лекин мутасаддилар ушбу таклифларни эътиборга олмаганлигини қайд этиб, лойиҳани қайта ишлаш учун ташаббускорларга қайтариш лозимлигини билдирди.
Шундан сўнг, раислик қилувчи томонидан қонун лойиҳасига масъул қўмита раиси Равшан Мамутовнинг фикри сўралди.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов кўтарилган саволлар бўйича тушунтиришлар бериб, ушбу қонун лойиҳаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасида ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфланишида давлат назоратини ўрнатишга қаратилганини қайд этди. Шунингдек, у лойиҳа айрим камчиликлардан ҳоли эмаслигини, яъни агентлик ваколатлари умумийликка тортиб кетгани, шу сабабли уни иккинчи ўқишга тайёрлашда нормаларни аниқ кўрсатиб ўтишни ташаббускорлар билан келишиб олганлигини таъкидлади.
Қўмита раисининг муносабатидан сўнг овозга қўйилган қонун лойиҳаси 32та қарши овоз билан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Очиғини айтганда, яқин ўтмишда парламентда бу каби тортишувлар ва партияларнинг бирор бир масала юзасидан кескин муносабат билдиргани ёки қатъий туриб ҳимоя қилганини ёҳуд қайсидир қонун лойиҳасига бутун бошли фракциянинг (ХДП мисолида) қарши овоз бериш ҳолатларини камдан-кам учратмаганмиз.
Албатта, чинакам баҳс, мунозара, принципиал тортишув аввало парламентда бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позисияси аниқ бўлади...
Ўйлаймизки, сиёсий партияларнинг парламентдаги фракцияларининг фаолияти бундан кейин ҳам шундай жонли ва фаол бўлади.
Шундагина улар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажара олади. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллайди.
Изоҳ (0)