Полициянинг махсус тергов гуруҳи Жанубий Корея президенти маъмуриятида ҳамда Ханнамдон туманидаги қароргоҳда ҳимояланган алоқа орқали ўтказилган телефон суҳбатлари маълумотлари сақланиши тахмин қилинаётган серверларни мусодара қилиш мақсадида яна тинтув ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Тергов гуруҳи маъмурият ва қароргоҳга етиб келиб, президент қўриқлаш хизматига тинтув ўтказиш учун ордерини кўрсатган. Полиция ҳокимият органларига хизмат вазифаларини бажаришда тўсқинлик қилиш бўйича шубҳаларни текширмоқда. Январь ойида президент қўриқлаш хизмати терговчиларга ҳозирда собиқ давлат раҳбари Юн Сок Ёлни исён иши бўйича қамоққа олишга йўл қўймаган эди. Бироқ 16 апрель куни президент маъмуриятида хавфсизлик хизмати тинтув ўтказишга рухсат бермади.
4 апрель куни Конституциявий суд Юн Сок Ёлга нисбатан импичментни тасдиқлади ва уни президентлик дахлсизлигидан маҳрум этди. Илгари унга қарши дахлсизлик татбиқ этилмайдиган исён моддаси бўйича иш қўзғатилган бўлса, энди ҳокимият органларига тўсқинлик қилишда гумон қилиниб, тергов ўтказиш имкони пайдо бўлди. Бу 4 апрелдан кейин тергов доирасида мажбурий чораларни қўллашга биринчи уринишдир.
Шу билан бирга, кеча президент қўриқлаш хизмати директори ўринбосари Ким Сон Хун истеъфога чиқиш ниятида эканлигини маълум қилган. Унга нисбатан ҳокимият органларига ваколатларини амалга оширишда тўсқинлик қилиш ва ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича иш қўзғатилган. Хусусан, у серверлардаги маълумотларни ўчириш бўйича кўрсатма берган бўлиши мумкинлигидан гумон қилинмоқда. Тахминларга кўра, ҳарбий ҳолат жорий этилгандан сўнг Юн Сок Ёл ҳимояланган алоқа орқали кўрсатмалар берган. Яқинда суд Ким Сон Хунни қамоққа олиш ҳақидаги прокуратура илтимосини рад этган.
Полиция президент қўриқлаш хизмати идорасидан сервер маълумотларини мусодара қилишга беш марта уринган, бироқ ҳар сафар Ким Сон Хундан рад жавобини олган. Бундан ташқари, тергов гуруҳи собиқ ички ишлар вазири Ли Санг Минга қарши исён бўйича тергов доирасида ташқи кузатув камералари ёзувларини олиб қўймоқчи. Ли Санг Мин ҳарбий ҳолат даврида йирик оммавий ахборот воситалари идораларини сув ва энергия таъминотидан узиб қўйишга буйруқ берганликда гумон қилинмоқда.
Президент ҳарбий ҳолат жорий этишга урингани учун ҳокимиятдан четлаштирилганди
Жанубий Корея парламенти 14 декабрь куни Юн Сок Ёлни ҳокимиятдан четлатди. Бунга давлат раҳбари томонидан 3 декабрь куни сиёсий мухолифларга қарши курашиш мақсадида эълон қилинган ҳарбий ҳолат сабаб бўлди. Юннинг қарори жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди, парламент ҳарбий ҳолатни тезда бекор қилишга муваффақ бўлди.
Президент вазифасини бажарувчи дастлаб мамлакат бош вазири Хан Док Су бўлди. Бироқ 27 декабрь куни Жанубий Корея парламенти уни ҳам ҳокимиятдан четлатишга овоз берди. Президент вазифасини бажарувчи лавозимида унинг ўрнини бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чхве Сан Мок эгаллади. У барқарорликни тиклаш унинг сиёсатининг устувор йўналиши эканини билдирди.
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилинишига алоқадор бўлган бир неча амалдорлар, жумладан, собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ва бир неча юқори мартабали ҳарбий разведка ходимлари ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)