Украина НАТОга аъзо бўлмаслиги керак, чунки бу Россиянинг миллий манфаатларига таҳдид туғдиради. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков билдирди.

“Украина НАТО аъзоси ва Шимолий Атлантика иттифоқи билан яқинлашиш истиқболи бўлмаслиги лозим. Бу Россия Федерациясининг миллий манфаатларига хавф солади. Аслида, бу президент Путин бир неча бор таъкидлаган ушбу можаронинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади”, деди Кремль вакили.
Шунингдек, Песков Украинанинг НАТО иттифоқига қўшилиши масаласи ҳозирги можаронинг асосий сабабларидан бири эканлигини қайд этган.
ОАВда АҚШ тинчлик режаси доирасида НАТОга аъзо бўлишдан воз кечишни, шунингдек, Қримни Россияга тегишли деб тан олишни таклиф этгани ҳақида маълумот тарқалган эди. АҚШ Давлат департаментининг номи ошкор этилмаган вакилига кўра, санаб ўтилган талаблар муҳокама учун “потенциал вариантлар рўйхати”нинг бир қисми ҳисобланади.
“Биз Вашингтон турли даражаларда Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида гапирганини эшитдик. Шубҳасиз, бу бизни мамнун этади ва бизнинг нуқтайи назаримизга мос келади”, деди Песков.
Изоҳ (0)