Хитой АҚШ Конгресси аъзолари, шунингдек, мамлакат ички ишларига аралашганликда айбланаётган америкалик амалдорлар ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларига қарши санкциялар жорий этмоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига асосланиб, South China Morning Post (SCMP) газетаси хабар берди.

“Хитой ҳукумати Гонконг билан боғлиқ масалаларда нотўғри йўл тутган АҚШ Конгресси аъзолари, амалдорлар ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларига қарши санкциялар киритишга қарор қилди. Америка томонининг ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлари Хитойнинг қатъий жавоби ва тегишли қарши чоралари билан дуч келади”, дейилади баёнотда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Го Сзякун, шунингдек, бу қарор Қўшма Штатлар томонидан Хитой марказий ҳукуматининг Гонконгдаги идоралари ва маъмурий ҳудуднинг олти нафар мансабдор шахсига нисбатан киритилган санкцияларга жавобан қабул қилинганини таъкидлади. Унинг айтишича, АҚШнинг бундай ҳаракатлари “Гонконг ва Хитойнинг ички ишларига жиддий аралашув ҳисобланади”.
Хитой Мудофаа вазирлиги АҚШни хакерлик империяси деб атаганди.
АҚШ ва Хитой савдо уруши
2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп барча давлатлар учун 10 фоизлик асосий тарифларни жорий қилди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Аммо божлар ҳар бир давлатнинг савдо балансига қараб ўзгарди. Хитой билан савдода йирик дефицит мавжудлиги боис АҚШ бу мамлакат учун тарифларни анча юқори даражага кўтариб, 34 фоизга етказди.
Бунга жавобан Пекин ҳам шунча миқдорда Америка товарларига божлар солди. Шундан сўнг Трамп агар Пекин жавоб чораларидан воз кечмаса, божларни 50 фоизгача ошириш билан таҳдид қилди. Шу сабабли божлар 104 фоизга ошди.
Натижада Хитой Америка маҳсулотлари учун божларни 84 фоизга оширишини эълон қилди. Мазкур эълон ортидан Трамп Пекин учун тарифлар 125 фоизга чиқишини айтди, кейинчалик буни 145 фоизга оширди. Хитой мазкур тарифларга жавобан ставкани 125 фоизга кўтарди. Оқ уй мазкур ҳаракатни “қасоскорона чоралар” деб атаб, Хитойдан олиб келинадиган маҳсулотларга бож тарифлари 245 фоизгача кўтарилишини билдирди.
Хитой АҚШни “ўзаро божлар”ни бекор қилишга ва ўзининг нотўғри амалиётини тузатишга чақирди. ХХР раиси Си Цзиньпин ҳеч бир давлат “бож уруши”дан ютмаслигини қайд этди.
Изоҳ (0)