Жорий йилнинг 15 апрель куни Хитой ҳарбий ҳаво кучларига тегишли камида олтита Xiʼan Y-20 ҳарбий транспорт самолёти расман эълон қилинмаган парвоз билан Мисрга келди. Бу ҳақда Flightradar24 каби мониторинг платформалар ва очиқ манбалардаги бошқа маълумотларга таяниб хабар берилди.

Маълумотларга кўра, самолётлар Миср жанубидаги Вади Абу Риш ҳаво кучлари базасига қўнган. Орадан бир кун ўтиб, уларнинг бир қисми Хитойга қайтиб кетган.
Ҳозирча самолётлар ўзи билан қандай юк олиб келгани мавҳумлигича қолмоқда. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, бир нечта ҳаво кемаларининг бир вақтда юборилиши бу оддий логистик операция эмаслигидан дарак беради. Махфийлик даражаси ва парвоз кўлами кузатувчиларда жиддий саволлар уйғотган.
Сўнгги йилларда Хитой ва Миср ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик алоқалари анча мустаҳкамланди. Бу қурол-яроғ савдоси, қўшма машғулотлар ва терроризмга қарши кураш каби соҳаларни ўз ичига олади. Аммо бу сафарги амалиётнинг махфийлик даражасидан келиб чиқиб, самолётлар бортида юқори қийматга эга техник воситалар бўлгани тахмин қилинмоқда.

Xiʼan Y-20 Хитойнинг энг йирик ҳарбий юк самолёти бўлиб, Xiʼan Aircraft Industrial Corporation томонидан ишлаб чиқарилган. У Хитой Халқ Озодлик Армияси ҳаво кучлари (PLAAF) сафида хизмат қилади. Самолёт 60 тоннадан ортиқ юк ташиш қувватига эга бўлиб, аскар, ҳарбий техника ёки стратегик юкларни узоқ масофаларга етказишга мўлжалланган.
Аввалроқ Хитой Y-20 самолётларидан инқироз нуқталарига гуманитар юкларни етказиб бериш ҳамда Сербияга ҳарбий жўнатмаларни амалга оширишда фойдаланган эди. Мазкур амалиёт юзасидан Пекин ҳам, Қоҳира ҳам расмий баёнот бергани йўқ.
Изоҳ (0)