Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда иссиқхоналар учун ҳароратни мўтадиллаштирувчи “ақлли” плёнка ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан дунёда илк бор иссиқхоналар учун мўлжалланган плёнкалар таркибига қўшилувчи, ҳароратни мўтадиллаштириш вазифасини бажарадиган нано-композит заррачалар синтез қилинди.
Бу нано-заррачалар қуёш нурининг ултрабинафша нурланишини яқин инфрақизил диапазонга айлантиради. Шу билан бирга, бундай фотонларнинг иссиқлик энергияси 17-22 даражага тенг бўлади. Натижада ташқи ҳарорат 3-7 даража совуқ бўлган ҳолатда ҳам, иссиқхона ичидаги ҳарорат қўшимча қиздиришсиз 5-7 даража илиқ ҳароратгача сақланади (одатий плёнкаларда бу кўрсаткич 0-2 даража бўлади). Иссиқ кунларда эса иссиқхона ичидаги ҳарорат 5–8 даражага пасаяди.
Инфрақизил диапазондаги фотонлар сони кўпайиши туфайли фотосинтез тезлашади ва ўсимликлар 1,5–2 баравар тез ўсади. Шу билан бирга энергия сарфи 60 фоиздан ортиқ камаяди, ҳосилдорлик 35–50 фоизга ортади, суғориш учун сув тежалиши 30 фоизни ташкил этади, агар гидрогеллар қўлланилса, бу кўрсаткич 90 фоизгача етади. Плёнканинг мустаҳкамлиги 3 баравар ошади.
Синовлар Тошкент, Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилган. Ҳозирги кунда Шанхай Қишлоқ хўжалиги академияси томонидан Хитой Халқ Республикасининг турли тупроқ-иқлим шароитида кенг кўламли синовлар олиб борилмоқда.
Хитойнинг Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан Ўзбекистонда Материалшунослик институти базасида нано-порошокларни қўшма тажриба-саноат ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Тажриба-саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш режасига кўра, 2025 йилда 1 тонна, 2026 йилда эса 10 тонна нано-заррачалар ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2 000 тоннага етказиш учун нано-порошоклар ишлаб чиқариш заводи қурилади.
-Apo075cL.avif)
Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.
Изоҳ (0)