Уруш бошланганига икки ой бўлган бўлса-да, Ғарбнинг санкциялари барибир Россия армиясини тўхтата олмади. Давлат сўнгги йиллар давомида кучайтирган назорат туфайли, жамоатчилик ва элита ҳам тажовузкорлик сиёсатига таъсир ўтказа олмаяпти. Нима учун Россия элиталари ожиз қолди? Агар нефть ва газдан даромадсиз қолдирилса, Россия режими ўзгарадими? Россияда умуман демократлашиш имконияти борми? Meduza бу ҳақда Массачусетс технология институти профессори, «Мамлакатлар таназзули сабаблари»¹ китоби ҳаммуаллифи, сўнгги ўн йил ичидаги дунёда энг кўп иқтибос келтириладиган иқтисодиётчи Дарон Ажемўғли билан суҳбатлашди.
— Кўпчилик сизни Why Nations Fail² («Мамлакатлар таназзули сабаблари») китоби орқали танийди. Россия Украина билан уруш бошлагани у таназзулга юз тутди деганими?
— Менимча, Россия таназзулга юз тутишни, афсуски, урушдан олдинроқ бошлаган, уруш эса шунчаки бу тренднинг давоми бўлди.
Совет Иттифоқининг муаммолари кўп эди: интитуционал, иқтисодий, кейинчалик эса, албатта, маданий муаммолар ҳам. Биз [Жим Робинсон билан бирга «Мамлакатлар таназзули сабаблари» китобида] инклюзив институтлар³ деб атайдиган нарсани Совет Иттифоқи институционал тузилмаси асосига қуриш жуда қийин эди. Бунинг қисқа муддатли истиқболда умуман имкони бўлган-бўлмаганини билмайман, бироқ ҳокимият тепасига келиб, [Владимир] Путин ҳеч бўлмаганда қандайдир инклюзивликни қуриш имкониятларини узил-кесил йўққа чиқарди. Унга эса кўплаб омиллар имкон яратди, улардан бири шуки, Россияда [Совет Иттифоқи қулаганидан кейин] жаҳон иқтисодиётига яхшироқ интеграция қилиш ва айни вақтда ўз хом ашё ресурсларига таяниш имконияти пайдо бўлган эди.
[Путинга] Россияда қарор топган қонунсизлик ҳам туртки берди. Шундай экан унинг ўз атрофида илдизлари КГБ (СССР даврида Давлат хавфсизлик қўмитаси)га, шаклланаётган олигархияга ва ОАВлар устидан назоратга бориб тақаладиган етарлича қудратли коалицияни қуриб олиши жуда осон бўлди. Аммо буларнинг барчаси шунчалик даражага бориб етдики, уни ўша вақтларда унча-мунча одам олдиндан кўра олмасди. Путин шунчалик муваффақиятли тарзда шакллантирган тизимнинг муҳим жиҳати унинг тўлиқ изоляцияланганлигидан иборат эди. У ҳамма нарсада унинг гапини маъқуллайдиган одамлар қуршовида бўлиб, ўзининг пропагандасига ўзи тобора чуқурроқ кўмилмоқда.
Худди шундай вазиятни Туркияда4 [унинг президенти Ражаб Тоййиб] Эрдўғон билан ҳам кузатишингиз мумкин. Клептократик ҳукмдорлар ўз ҳукмини ўрнатган кўплаб Африка мамлакатларида [худди шу жараёнларни] кўрасиз. Бу юз бериши билан, вазият жуда хавфли тус олади, чунки қандайдир институционал чекловлар ва қаршиликлар5 аслида таъсир ўтказишдан тўхтайди. Путин томонидан барпо қилинган тизим айнан шунга асосланади. Унга у қилаётган ишлар ўзи учун ҳам, Россия учун ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келишини айтадиган овозлар энди йўқ.
Ушбу босқичгача етиб келган аксарият мамлакатларда [бошқа мамлакатларга] қанчадир бўлса ҳам аҳамиятли зарар етказиш учун қудрат етарли эмас. Конго Демократик Республикаси [президент] Мобуту даврида6 муайян даражада талафот етказа оларди, лекин бу ўз минтақаси даражасида, маълум бир чегарагача эди. Бироқ Россия [СССРдан] ядро қуролини ҳамда қўл остида нафақат ушбу ядро қуроли, балки жуда замонавий қурол-яроғлар бўлган ўта катта армияни7, шунингдек, киберуруш олиб бориш имкониятини мерос қилиб олди. Ва буларнинг барчаси ҳеч қандай тормозларсиз, қаршиликларсиз.
Ўйлашимча, [биз ҳозир гувоҳи бўлаётган нарса] [Совет давридан кейинги] Россия тақдиридаги иккинчи босқичдир. Уни аллақачон юз бериб бўлган таназзул — институционал таназзул, иқтисодий таназзулнинг тўлиқ давоми деса бўлади. Биласиз, Россияда одамлар қанчалик кам манфаат кўрди, бағоят клептократик олигархия эса қанчалик бойиб кетди, унинг кўпчилик вакиллари Москвада эмас, Лондонда яшайди. Аммо ҳозир Россиянинг ушбу таназзули ёки инқирозининг янги босқичи бошланмоқда, у дунё учун ҳам, Россия халқи учун ҳам бирдек хавфлидир.
— «Янги босқич» деганда айнан нимани назарда тутяпсиз — Украина билан урушними ёки ундан кейин Россияда бўладиган ҳолатними?
— Мен Россия бўйича эксперт эмасман, шунинг учун мамлакат ичкарисида нима юз беришини прогноз қилиш мен учун қийин. Конго Демократик Республикасидаги Мобуту ёки Зимбабведаги [Роберт] Мугабе8 каби [етакчи]лар унинг режими, унинг ўзи учун хавфли бўлган ва айни вақтда, албатта, унинг халқи учун вайронкор бўлган қадамларни босганида, одатда, режим ичида таъсири катта бўлган кучлар «уйғониб», бундай етакчини мамлакатни бошқаришдан четлатишга уриниб кўриши мумкин. Лекин ташқи белгиларга қараганда, Путиннинг ҳокимияти шунчалик мустаҳкамки, бу эҳтимолдан йироқ.
Тушунишимча, у ўз генералларидан, атрофидагилардан ва маслаҳатчиларидан олган маълумот аниқ бўлмаган — [масалан] Ғарб қанча тез эгилиши ёки Украина қанча тез қулаши бўйича ахборот. Шундай экан биз жуда хавфли нуқтага келиб қолдик. [Путин] чекиниши амри маҳол. Бу уруш якунга қараб кетмаяпти, ҳатто у [Украина] шарқи билан чекланса ҳам, ҳозир вазият шунга қараб боряпти чоғи. Шундай экан, эскалация (вазият кескинлашиши) хавфи [биз билан узоқ қолади]. Фикримча, Путиннинг атрофидаги яқинлари ҳамма нарсада Украинани қурол билан таъминлаётган9 Ғарбни янада кўпроқ айблай бошлайди: «Биз эса уларнинг таъзирини бериб қўйишимиз керак». Яна бу ҳақиқий тентаклик, бу ҳақиқатда хавфли эканини айтадиган бирорта ҳам овоз бўлмайди. Шунинг учун бу олдиндан айтиш жуда қийин бўлган босқич.
— Яқинда ёзган колонкангизда Россия сиёсий режимининг муҳим устуни — Путин ва уни қўллаб-қувватлайдиган элиталар ўртасидаги ўзига хос келишув эканини тилга олгандингиз. Улар унинг ўзи истаганча ҳукмронлик қилишига қўйиб беради, у эса ўз навбатида уларнинг ҳар қандай усулда бойишига имконият беради. Бироқ Россия элиталарининг катта қисми ҳозир аввалги бойиш имкониятларидан маҳрум бўлган10. Нима деб ўйлайсиз, ушбу «келишув» шартлари энди ўзгарадими?
— Фикримча, бу келишув шартларини ўзгартириш учун энди кеч. Агар энг бошиданоқ барчаси бошқача бўлганида [бунинг имкони бўларди]. Масалан, йирик нефть компаниялари ёки бошқа хом ашё монополчиларининг эгалари ёки топ-менежерлари [бошидан] Путинни ва унинг энг яқин одамларини шунчалик ўз қобиғига ўраб қўйган ушбу тизимнинг барпо этилишига қаршилик кўрсатишга уринганида эди. Лекин ҳозир уларда ҳеч қандай ўз ҳокимияти йўқ. Уларнинг ҳокимияти манбаси — Путин. Ўйлайманки, бу ерда Роман Абрамович яхши мисол бўла олади. Четдан қараганда у мустақил нуфузли бизнесмен бўлиб кўриниши мумкин. Лекин кўплаб далилларга қараганда, у нуфузига тўлиқ Путиннинг ортидан эришган11. Шундай экан, унда мустақил манёвр учун макон йўқ.
Албатта, Абрамовичнинг ҳаёти ҳозир анча ёмонлашган. У бундан кейин ҳам Лондонда яшай олиши амри маҳол ва «Челси» футбол клубини йўқотиши эҳтимоли бор. Аммо у жуда бой одам бўлиб қолади. Эҳтимол, унинг оиласи ҳам [Путиннинг шарофати билан] қўлга киритилган бойликлардан лаззатланишда давом этади. Шундай экан, [Путин ва унинг элиталари ўртасидаги келишувнинг] тўлиқ йўқ бўлиши ҳақида гапириб бўлмайди, деб ўйлайман.
Шу билан бирга — бу ерда ҳам фақат тахмин қила оламан — Абрамович каби одамлар ҳозир Путинга йўналишни ўзгартиришни маслаҳат беришга уриниб кўриши мумкин. Лекин уларда уни нимагадир кўндириш учун қанчалик катта таъсир бор? Уларда ҳеч қандай вето ҳуқуқи ҳам бўлмаса керак, шунинг учун масала улар нимагадир таъсир ўтказа олиш-олмаслигидан иборат. Ўйлашимча, Абрамович Россия ва Украина музокараларида воситачилик қилишга қарор қилганида айнан шунга эришмоқчи бўлган бўлса керак. [Унинг таъсири] қанчалик аҳамиятга эга бўлиши мумкин, буни билмайман, аммо у аҳамиятли бўлади, деб умид қиламан, чунки Россиянинг ҳозирги стратегияси ўзгарса, Россия халқига ҳам, Украина халқига ҳам, ва умуман бутун дунё учун ҳам фойдали бўлади.
— Бошқа бир китобингиз, «Тор йўлак»12да, сиз демократик ривожланиш учун давлат ва фуқаролик жамияти фаол зиддиятда бўлиши зарурлигини ва фақат шундай зиддиятда эркинликка эришиш мумкинлигини таъкидлагансиз. Қандай шароитларда жамият ушбу қарама-қаршиликда муваффақият қозона оладиган даражада кучли бўлади? Биз ҳозир Россия ва Украина ўртасидаги улкан фарқларни ҳар қачонгидан ҳам кўра яққолроқ кўряпмиз, Украинада жамият давлат билан ушбу қарама-қаршиликка бел боғлаган13 ва 2014 йилда устун келган бўлса, Россия жамияти бу зиддиятни давом эттиришни истамади ва бажара олмади.
— [Бундай қарама-қаршилик] жуда-жуда муҳим. Биз бу узоқ давом этувчи жараён эканини ва уни ҳеч ким охиригача тушунмаслигини англашимиз керак. Сиз мутлақо ҳақсиз, Украинадаги фуқаролик жамияти жуда кучли ривожланган, буни эса нафақат иккита «рангли» инқилоблар орқали, балки умуман, мамлакатдаги фуқаролик жамияти қандай ишлаши — ОАВлар, овозлар ва фикрлар хилма-хиллиги орқали кўриш мумкин, бу Киевга ва Украинанинг бошқа қисмларига бориб кўрганларга бирдан сезилади. Украина борасида мен учта асосий омилни ажратиб кўрсатган бўлардим.
Биринчи омил — тарихий. Украинанинг миллий ўзига хослиги бўлиб, у Совет иттифоқи ва Россияникидан алоҳида эди. Ва айни вақтда унчалик кучли давлат назорати бўлмаган, чунки давлат [географик жиҳатдан] Санкт-Петербургга, кейинчалик эса Москвага жамланган эди. Ушбу омил Голодомор14 даврида мустаҳкамланган — ўшанда очарчиликдан Россиядаги одамлар ҳам жабрланган, аммо биринчи навбатда унинг қурбонлари Украинадаги одамлар бўлди. Ва камида улардан баъзилари бунда коммунистик бошқарувнинг қўли бор, деб ҳисоблаган. Буларнинг барчаси тарихий прецедентни яратган, деб ўйлайман.
Иккинчидан, Украина, менимча, Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан кейин Россия ҳукмронлигига нима биландир қаршилик кўрсатиш учун Ғарбга юзланди. Ҳа, тўлиқ юзланмади — украиналик баъзи олигархларнинг бойишида15 Россия билан ишбилармонлик алоқалари муҳим роль ўйнагани шубҳасиз. Аммо барибир Украина аниқ Ғарбга юзланди ва Ғарб ғоялари, Ғарбда таълим олиш, мамлакатда Ғарб ОАВларининг бўлиши Украина ёшларига фаол бўлиш учун туртки берди.
Учинчидан, [Украинада] давлат ҳеч қачон етарлича қаттиққўл ҳокимиятга эга бўлмаган. Ҳа, олигархия бўлган, Янукович даврида баъзи репрессиялар16 бўлган, бироқ давлат ҳеч қачон, масалан, матбуотни тўлиқ назорат қиладиган даражада кучли бўлмаган. Украинада давлатнинг омилкор эмаслиги фуқаролик жамиятини ҳаракат қилишга ундаган. Устига-устак давлатнинг бу қобилиятсизлиги репрессиялар билан кечмаган. Ўйлашимча, буларнинг барчаси Украинада фаол фуқаролик жамияти шаклланишига имкон яратган.
Россияда эса фуқаролик жамияти куртаклари Горбачёв ҳукмронлиги даврининг охирига келиб пайдо бўлди, кейинроқ ҳатто Ельцин даврида ва 2000 йиллар бошида ҳам цензура билан унчалик қатъий чекланмаган баъзи мустақил матбуотлар бор эди. Аммо давлат томонидан назорат доим жуда-жуда кучли бўлиб келган. Бунинг тасдиғи сифатида Лондонда17 бўладими, Москвада18 бўладими, журналистлар, сиёсатчилар ёки собиқ мухолифатчилар ўлдирилишини келтириш мумкин.
Булар фуқаролик жамиятининг оғзини очирмасликка қаратилган кучли рамзий ишоралар эди. 2000 йиллар ўрталаридан фуқаролик жамияти учун имкониятлар тобора камая бошлади. Бу жараён Қрим қўшиб олинганидан кейин ва Алексей Навальнийни таъқиб қилиш кучайганидан кейин тезлашиб кетди. Ва, албатта, параллель тарзда давлат ҳам кучайди. Россия фуқаролик жамияти аҳамиятсиз бўлиб қолишга абадий маҳкум демаган бўлардим, лекин ҳозир у Путинга қарши куч бўлиш учун етарлича қудратли эмас.
Лекин бунда уни [фуқаролик жамиятини] айблаш мумкинми? Ҳозир Россияда фуқаролар ичида активист бўлиш жуда хавфли деб ўйлайман. Бу бутун дунёда активистлар учун энг хатарли жойлардан биридир.
— Бу боши берк кўчами? Яна нимадир ўзгариши мумкинми? Балки давлат заифлашганида, Россиядаги фуқаролик жамияти ривожлана олар?
— Баъзи жиҳатлардан давлат заифлашиши, фуқаролик жамияти эса ўзгариши керак. Масалан, агар давлат солиқ йиғиш имконияти жиҳатидан кучсизлашса, бу фуқаролик жамиятига унчалик ёрдам бера олмайди. Россия давлатининг кучи унинг давлат хавфсизлик аппаратида энг кўп сезилади, у СССР тарқалганидан кейин ислоҳ қилинмаган ва ўз ҳукмронлигини йўқотмаган.
Бундан ташқари, агар Россия иқтисодиётини олсак, айниқса 2014 йилгача бўлганини, уни «стаканнинг ярми тўла, ярми бўш» деб тавсифлаш мумкин. Фаол ривожланаётган технологик сектор бор, консалтинг бор, юридик бизнес бор. Одамларда мустақил бўлиш учун имкониятлар бор, аммо бу имкониятлар жуда чекланган. Агар давлат секторида ёки хом ашё соҳаларида нималар юз бераётганига разм солсак, [мустақил бўлиш учун] имкониятлар қанчалик камлигини кўриш мумкин.
Хом ашё — даромадларнинг энг муҳим манбаси, Москвада ёки Санкт-Петербургда ўрта синф даромадларининг аҳамиятли қисми — келиб чиқиши ҳар ҳолда нефть ва газ билан боғлиқ. Бунинг оқибатида, фуқаролик жамиятида [иқтисодий ва фуқаролик] мустақиллиги учун имкониятлар анча камроқ. Россияда Путиндан кейин мустақил иқтисодий фаолият учун имкониятлар яратиш жуда муҳим бўлади, деб ўйлайман, бу хусусий бизнеснинг катта сегменти шаклланиб, шу тариқа, фуқаролик жамияти ривожланиши анча мустақил бўлиши учун керак.
— Демак, Путин томонидан шунчалик юқори баҳоланган макроиқтисодий барқарорлик аслида йиллар давомида Россиядаги фуқаролик жамиятининг ачинарли аҳволини фақат чуқурлаштириб келган экан-да?
— Худди шундай.
— Яқиндаги чиқишларингиздан бирида сиз Ғарб мамлакатларини Россиядан нефть ва газ сотиб олишни тўлиқ тўхтатишга ва Россиядаги барча банкларни SWIFT’дан узиб қўйишга чақирган эдингиз. Бу Россия томонидан янада кўпроқ тажовузкорликни чақирмайдими?
— Балким. Аммо бу Ғарб томонидан Украинага ёрдам бериш каби бир риск, унга ҳам Россия қандайдир жавоб беришга қарор қилиши мумкин. Ҳозир Россия халқаро муносабатлар нуқтаи назаридан мутлақо ўзиники бўлмаган оғирлик тоифасида курашишга интилмоқда. Унинг ЯИМ Буюк Британия ёки Германиянинг ЯИМидан анча кам19. Кўпчилик соҳаларда Россия технологиялари анча кам ривожланган. Бироқ Россияда катта армия бор, ядро қуроли бор. Ва асосийси — у бутун дунёни даҳшатга солмоқда. Россиянинг Сурияга бостириб кириши20 қайсидир маънода ўз кучларини кўз-кўз қилиш бўлганди.
Шундай экан, масала [Ғарб янада кучлироқ санкцияларни киритиш ҳақида] келишиб олишидан иборат. Ғарб қанчалик Россияга бўйин эггандек кўринса, Путин атрофидаги ҳукмрон тўданинг ўз кучларига ишончи шунчалик тез ўсаверади. Ўйлашимча, [Путиннинг атрофидагилар] Суриядан кейин чиқарган сабоқ шудир, яъни Россия кўнглига келганини қилиши мумкин, Ғарб эса бунга аралашмайди. Бу ҳозир жуда хавфли давр бошланганини билдиради, бошида айнан шу ҳақида гапиргандим.
Ғарб энди қаршилик кўрсатиш кераклигини билиб олди, деб ўйлайман Лекин бу қаршилик қачон хавфлироқ ва қачон самаралироқ бўлади? Менимча, [АҚШ президенти Жо] Байден маъмуриятининг сезгилари тўғри. Ўйлайманки, [Украина осмонида] учиш тақиқланган ҳудуд21 ўта хавфли бўлган бўларди, энг замонавий Америка қуролини тўғридан-тўғри Украинага юбориш ўта иғвогарлик (провокацион) бўлган бўларди. Бироқ иқтисодий санкциялар, менимча, анча самарали ва [Россияда] кўпроқ Совет Иттифоқи даврида СССРнинг АҚШ ва НАТО билан рақобатдошлиги йўсинида катта бир қаршилик кучининг бир қисми сифатида қабул қилинади. Шунинг учун санкцияларни кучайтириш мантиқли деб ўйлайман.
— Нима учун сизнингча, Ғарб ҳозирча санкцияларни кучайтирмоқчи эмас? Гап сиз айтиб ўтганингиздек, Россия олдидаги қўрқувдами ёки бошқа нарсадами?
— Менимча, кўп нарсаларда бирликка эришилган бўлса-да, Ғарбда яққол ихтилоф мавжуд. Турғунликнинг катта хавфлари бор, сиёсатчилар эса, табиийки, бундай рискларни доим ҳисобга олади.
Жорий инқирознинг энг бошидаёқ Германия канцлери [Олаф Шольц] дарҳол «Шимолий оқим — 2»ни22 бекор қилганида, ҳайратга тушгандим. Аммо агар Германия «Шимолий оқим — 1»дан23 ҳам воз кечишга қарор қилса, муқаррар содир бўладиган энергия нархларининг ўсишига бардош бериши анча қийин бўлади. Лекин, ўйлайманки, [Россиянинг] ҳарбий жиноятлари бўйича далиллар тўпланишда давом этса, улар Германияни бу чора-тадбирга ҳам ундайди.
— Тушунишимча, урушнинг энг бошида иқтисодчиларнинг тасаввури шундай бўлган: ҳарбий жиноятлар далиллари кўпайиши билан, Ғарб янада қатъийроқ санкцияларга қўл уради. Лекин ўшандан буён дунё Бучага ва бошқа даҳшатларга гувоҳ бўлди. Демак муаммо, сиз айтгандек, Ғарб ичкарисидаги ихтилофда шекилли?
— Мутлақо тўғри. Аммо Буча биз олдин кўрган нарсаларга нисбатан бутунлай бошқа даражадаги исбот бўлди. Бунинг ўз оқибатлари бўлади, деб ўйлайман.
— Россия нефти ва газига киритилган жорий санкциялардан қатъи назар, дунёнинг етакчи мамлакатлари декарбонизацияни24 амалга ошириб, яшил технологияларга ўтмоқчи25. Агар Россия, айтайлик, ўн йил ичида бунинг натижасида ўз нефть-газ даромадларининг сезиларли қисмидан маҳрум бўлса, бу институционал ўзгаришларни чақириши мумкинми?
— Бу автоматик равишда юз беради деб ўйламайман. Шу нарса равшанки, Россиядаги кучларнинг жорий мувозанати, жорий сиёсий-иқтисодий тизим нефть ва газсиз шакллана олмасди. Аммо бу автоматик тарзда ишламайди: сиз нефть ва газдан даромадларни йўқотасиз ёки уларни қисқартирасиз — ва ҳаммаси дарҳол ўзгариб қолади, бунақа бўлмайди.
Яшил технологияларга ўтиш — бу узоқ давом этувчи жараён. Бу бир соатда содир бўлмайди. Мен бунга қўшилмайман, лекин кўпчиликнинг фикрича, табиий газ — бу жараённинг муҳим қисми (чунки бу нефт ва кўмирдан кўра тозароқ ёнилғи) ва ўтиш даврида газ муҳим ролни ўйнаши мумкин — яшил технологиялар ҳали ривожланаётган, яшил манбалардан олинган энергияни сақлаш эса муаммо26 бўлиб қолаётган пайтда.
Шундай экан, Россия ва Россия гази Германия учун жуда жозибали бўлиб кўринган — кўп жиҳатдан айнан углерод ажралмаларини камайтиришга интилиш ортидан. Германия ядро энергетикасидан воз кечган, қуёш энергияси, шамол ва бошқа муқобил манбаларга таянишнинг эса ҳозирча иложи йўқ. Шунинг учун яқин ўн йил ичида Россия сиёсий-иқтисодий тизими нефть-газ даромадлари кескин камайиши туфайли тўсатдан ўзгариши ҳақида гапириш мумкин бўлади, деб ўйламайман. Санкциялар билан боғлиқ вазият эса бошқача. Санкциялар, албатта, айнан шундай таъсир қила олиши мумкин, беқарорлаштириш омили бўлиши мумкин.
— «Беқарорлаштириш» деганда Россия давлати заифлашиши, шу жумладан, ҳарбий маънода кучсизланишини назарда тутяпсизми?
— Айнан. [Россиядаги] давлат ўз қудратини йўқота бошламоқда. Путин ва унинг атрофидагилар бунга қандайдир чора кўришга уринмоқда. Эҳтимолий ечимлардан бири — Хитойга кўпроқ [хом ашё] сотиш, шунда бу [Ғарбга хом ашё сотишдан даромадларнинг қисқариши эҳтимоли] унчалик беқарорлаштирувчи бўлмайди. Бироқ ҳарбий қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жавоб реакциясининг бошқа шакллари ҳам бўлиши мумкин, — масалан, яқинда Финляндия ва Швецияга қарата27 айтилган таҳдидлар каби.
— Кўп одамлар ҳозир Россия СССРга қайтаётганини айтмоқда, бу фақат янада ёмонроқ — қандайдир СССР 2.0.
— Бу совет тарихининг қайси даври билан солиштиришга боғлиқ. Агар Сталин пайтларини олсак, унда йўқ (ҳозир Россиядаги ҳолат ундан ёмон эмас). Ўйлашимча, Сталиндан кейин совет диктатураси янада эҳтиёткорроқ бўлди, жуда кўп нарсалар назоратдан чиқиб кетиши мумкин, деган қўрқув кучайди. Масалан, тушунишимча, Хрушчёв танҳо ҳукмдор бўлмаган, унинг қудрати Сталинникидек эмасди. Ва бу чекловлар ва қаршиликлар — ҳатто улар коммунистик элита ичида шаклланган бўлса-да, — кўпроқ барқарорликни таъминлаб берган.
Бу ҳайратланарли, лекин халқаро алоқалар бўйича кўплаб тадқиқотчилар совуқ уруш пайтларини жуда яхши давр деб ҳисоблайди, чунки бир-бирини йўқ қилишнинг кафолатлангани хавфи дунёда барқарорликни таъминлаб турарди. Менга бунга умуман қўшилмайман. У жуда беқарор давр бўлган. Исталган вақтда — хатоликлар, тушунмовчиликлар, хавфли хатти-ҳаракатлар туфайли — ядро уруши бошланиб қолиши мумкин эди. Аммо, менимча, Хрушчёвдан кейингина бу хавф ҳақида тушунча пайдо бўлиб, тийиб туришга қаратилган интилишлар сал кўпайди. Сталин пайтларига қайтиш ҳақида гапириш мумкин, деб ўйламайман, бироқ айни вақтда Путиннинг режимида коммунистик элитада узоқ амал қилган чекловлар ва қаршиликларни кўрмаяпман.
— Россияда шундай тушунча борки, унга кўра, ўзига хос маданият туфайли, «кучли қўл»га муҳаббат туфайли биз доим автократияга оғиб кетаверамиз ва ҳеч қачон тўла-тўкис демократияга ўтмаймиз. Сиз шунга қўшиласизми?
— Йўқ, мен бунга қўшилмайман. Биринчидан, келинг, Россия маданиятига назар соламиз. XIX асрда чор Россияси улкан синфий тенгсизлик ва жуда кучли репрессиялар туфайли, крепостнойлар, деҳқонлар учун жуда ёмон жой бўлган. Айни вақтда у ерда дунёнинг энг яхши бадиий асарлари, мусиқий асарлари яратилган, энг яхши сиёсий фикрлар билдирилган. Маданий жиҳатдан Россия тўлиқ ғарбий дунёга интеграциялашган эди. Қайсидир маънода у сиёсий тафаккурга нисбатан анча илғорроқ ва қатъиятлироқ эди.
Шундай экан, Россия — маданий маънода қолоқ мамлакат дейиш қийин. Лекин шуниси ҳам аниқки, бир неча асрлар давомида шаклланган меъёрлар ва иерархия механизмлари бор, бу давр ичида мамлакат аҳолисининг катта қисми тобе ҳолатда яшаган. Россиядаги крепостной ҳуқуқини олсак, мен бу бўйича эксперт бўлмасам ҳам, у Англия ёки Франциядагидан28 анча ёмонроқ бўлган. Бундай турдаги иерархия тузилмалари, албатта, узоқ муддатли оқибатларга эга бўлади. Аммо менинг фикримча, қандайдир ўзига хос рус маданияти борки, уни ўзгартириб бўлмайди. Бунинг тасдиғи сифатида Украинани айтиш мумкин. Қандайдир маънода Украина — Путиннинг бошидаги дахмаза, худди Тайвань ёки Гонконг — Хитойда коммунистик ҳукумат учун дахмаза бўлгани каби. Улар муқобил йўл қандай бўлиши мумкинлигини кўрсатиб беради.
Агар биз XIX аср охири ёки ХХ аср бошига келиб, қандайдир алоҳида Россия маданияти шаклланиб, мамлакатни диктатурадаги ҳаётга маҳкум қилди, демоқчи бўлсак, Киевдаги вазият Санкт-Петербургдан кўп ҳам фарқ қилмаганини тушунишимиз керак. Шунга қарамай, биз ҳозир улкан фарқни кўряпмиз. Тайвань ва Хитой билан боғлиқ вазият ҳам шундай. Албатта, агар Украинада КГБ Москвада 1980 йиллар охирида бўлгани каби қудратли бўлганида, Украинадаги вазият эҳтимол бутунлай бошқача бўларди. КГБ ва умуман хавфсизлик кучлари, менимча, Россия тарихида Россия маданиятидан кўра анча муҳимроқ ролни ўйнаган.
— Россия из эффектини29 енгиб ўтиб, демократлашиш томонга ҳаракатланиши учун қандай шароитлар юзага келиши керак? Бу, ҳозир кўриб турганимиздек, Россиянинг тобора яккаланиши фонида ҳақиқатга яқинми? Ёки яна 50 йилча кутишга тўғри келадими?
— Билмайман. Бу саволларга жавобим бўлишини жуда хоҳлардим. Аммо ўйлайманки, жорий жараёнлар натижасида Путиннинг атрофидаги ҳозирги олигархия ва куч аппарати ишончни тўлиқ йўқотади. Фикримча, содир бўлаётган воқеалар уларнинг имкониятлари емирилишига шароит яратади.
Жанубий Африкада демократияга30 тезкор ўтишга, кўплар кутганидан анча тезроқ ўтишга айнан тахминан ўн йил мобайнида апартеид режими ўз қонунийлигини тўлиқ йўқотгани, устига-устак, бу кўплаб оқтанлилар кўз олдида юз бергани имконият яратганди. Агар Россиянинг жорий институтлари ўрта синф кўз ўнгида ишончини йўқотса, унда, ўйлайманки, хавф ва [Россия тараққиётида туб ўзгаришлар учун] имконият юзага келади. Ва, менимча, бу жуда яхши ибтидо бўлади.
Аммо бу кафолат эмас: легитимликнинг йўқотилиши ҳокимият тепасига бошқа диктатор ёки популист келиши учун шароитлар яратиши ҳам мумкин, у эса кўп-кўп ваъдалар беради, лекин кейин ҳозирги режимга жуда ўхшаш бўлган бир режимни шакллантиради. Ахир Ельцин ҳокимият тепасига катта умидлар ва ваъдалар билан келган эди, бироқ охир-оқибат, у ҳокимиятга Путинни олиб келганлардан бирига айланди. Шундай экан, бу кафолатланмаган.
Россиянинг яккаланишига келсак, унда, албатта, у фақат мураккаблашиб кетаверади, аммо иккинчи томондан, Россия фуқаролик жамияти, ёшлар ва умуман ўрта синф худди совет давридагидек дунёдан узиб қўйилиши амри маҳол. Интернет бор, минглаб одамлар уруш туфайли Россиядан кетиб қолди, лекин улар бу ерда қолганлар билан алоқада бўлиб турибди. Россия дунё билан билимлар айирбошлаш нуқтаи назаридан интеграцияланган (боғланган) — ҳа, бу ўзгариши мумкин, бироқ барибир у Совет Иттифоқи каби изоляцияга кириб қолиши эҳтимолдан йироқ.
Россия элиталарига ишончнинг йўқолишига иқтисодиётдаги вазиятнинг ёмонлашиши ҳам, урушнинг ўзи ҳам, келажакнинг ишончли тимсоли етишмаслиги ҳам имконият яратади. Албатта, агар матбуот эркинроқ бўлганида, осонроқ бўларди. Аммо ахир ҳамон интернет ва VPN бор-ку.
Изоҳлар
«Мамлакатлар таназзули сабаблари»¹ китобида Дарон Ажемўғли ва унинг ҳаммуаллифи, Чикаго университетидан Жим Робинсон институтлар, яъни, мамлакатда амал қилаётган қонунлар, қоидалар ва норасмий меъёрлар давлатнинг иқтисодий муваффақиятини ёки инқирозини олдиндан белгилаб беришини кўрсатади. Ажемўғли, шунингдек, демократлаштиришни ҳамда сиёсий либерализация ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқликни ўрганади.Why Nations Fail² — Ўзбекистонда «Ниҳол» нашри томонидан чоп этилган ўзбекча таржимасида бу китоб «Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» деб номланади.
Институтлар нима дегани?3 Жамиятда шаклланган меъёрлар ва қоидалар бўлиб, уларга риоя қилдирувчи мажбурлов механизмлари ҳам улар билан бирга юради. Институтлар расмий бўлиши мумкин — масалан, қонунлар ва уларга бўйсунмаганлик учун юридик жавобгарлик, шунингдек, норасмий бўлиши ҳам мумкин — масалан, ахлоқ меъёрлари, бунда уларга риоя қилдирувчи механизм жамоатчилик танбеҳи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ажемўғли ва Робинсон институтларнинг иккита турини ажратиб кўрсатади. Экстрактив институтлар элиталар қолган барча ижтимоий гуруҳлар ҳисобидан даромад олишига қаратилган, инклюзив институтлар эса, аксинча, барча ижтимоий гуруҳлар иқтисодий фаолиятда қатнашишига ундайди.
Туркияда нима бўляпти?4 Ажемўғли — асли истанбуллик. У Туркияни 1989 йилда тарк этган, аммо она юртида содир бўлаётган воқеаларни таҳлил қилишда давом этмоқда. 2010 йиллар бошидаёқ Ажемўғли ва ҳаммуаллифлари Туркия тобора авторитар бўлиб бориши ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳокимият ичкарисида муқобил нуқтаи назарлар йўқлиги муваффақиятсиз иқтисодий сиёсат сабабларидан бирига айланди. Масалан, Эрдўғон инфляцияга қарши курашиш учун мамлакат Марказий банки (дунёдаги барча марказий банклар каби) фоиз ставкасини оширмаслиги, балки пасайтириши кераклигига ишончи комил. У бир неча марта Марказий банк раҳбарларини алмаштирди, турк лираси эса қулаб тушди.
Чекловлар ва қаршиликлар5 расмий ва норасмий бўлиши мумкин. Расмийлари — масалан, мустақил суд тизими. Норасмийлари — ҳукмдорга таъсир ўтказиши мумкин бўлган нуфузли манфаатлар гуруҳларининг борлиги.
Мобуту Сесе Секо6 — Конго Демократик Республикасини 1965—1997 йилларда бошқарган (1971 йилдан у Заир деб қайта номланган эди). У авторитар режим ўрнатган, ўз шахсига сиғинишни қўллаб-қувватлаб, ўзини миллат отаси деб атаган ва бунга қўшилмаганларни жазолаган. Мобуту қўшни Анголадаги фуқаролар урушига аралашган, 1996 йилда эса Руандада тутсиларга нисбатан геноцидни амалга оширган ва фуқаролар урушида мағлуб бўлган хутуларга ҳокимиятни қайтаришга уринишда ёрдам берган. Бу кўмак муваффақиятсиз бўлган, Заирдаги ҳокимият исёнчилар томонидан эгаллаб олинган ва Мобуту ағдарилган, у мамлакатдан қочиб кетиб, кўп ўтмай онкологик касалликдан вафот этган.
Россия армияси7. 2017 йил ноябрида Владимир Путин ўз фармони билан Россия армиясининг умумий сонини тасдиқлади — 1,9 миллион киши, шуларнинг бир миллиондан сал кўпроғи — ҳарбий хизматчилар, қолганлари — ноҳарбий ходимлар. Британиянинг Institue for Strategic Studies (IISS) ташкилоти маълумотларига кўра, аслида Россия армияси 900 минг ҳарбий хизматчи ва яна икки миллионга яқин заҳирадаги аскарлардан иборат. Худди шу IISS ахбороти бўйича, Украина армиясида 290 минг ҳарбий хизматчи ва 900 минг захирадаги аскар мавжуд. Таққослаш учун: АҚШ армиясида 1,4 миллион ҳарбий хизматчи ва қарийб 800 минг захирадаги аскар бор.
Роберт Мугабе8 Зимбабвега 1987 йилдан 2017 йилгача раҳбарлик қилган. 2015 йилда 91 ёшга киргач, дунёдаги энг кекса президентга айланди ва кейин яна икки йил бу рекордни ўзида сақлаб қолди. 2017 йилда мамлакатда ҳарбий тўнтариш юз берди: ҳарбийлар вице-президент Эмерсон Мнангагвуни қўллаб-қувватлади, у энг эҳтимолий давомчи ҳисобланарди, Мугабе эса уни истеъфога чиқаришга уринди. Охир-оқибат мамлакат парламенти Мугабега импичмент эълон қилди, 150 минг доллар миқдорида умрининг охиригача пенсия тайинлади ва таъқиблардан ҳимояни кафолатлади. Мугабе 2019 йилда 95 ёшида Сингапурдаги касалхонада вафот этди.
Уруш чоғида Украинага ёрдам9. Уруш бошидан буён АҚШ Украинага жами 3,7 миллиард долларга тенг қурол-яроғлар ва ҳарбий кўмак тақдим этди, бу ҳақда давлат котиби Энтони Блинкен Киевга ташрифи чоғида маълум қилди. Евроиттифоқнинг ҳарбий ёрдами 1,6 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Санкция рўйхатлари10. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин АҚШ, Евроиттифоқ ва бошқа бир қатор мамлакатлар санкция рўйхатларини кенгайтириб, уларга шу пайтгача чеклов чораларига учрамаган кўплаб россиялик бизнесменларни киритди. Санкция рўйхатларига тушганларнинг активлари музлатиб қўйилади.
Роман Абрамович Путиннинг ортидан нимага эришган?11 Борис Березовскийнинг Абрамовичга нисбатан даъвоси бўйича Лондон Олий судининг қарори орқали дунё Абрамович таржимаи ҳолининг кўплаб тафсилотларидан хабар топди. Березовский ундан фойда келтирмайдиган келишувлардан кўрган талафотларини қоплаб беришни талаб қилган, бундай битимларни Абрамович, гўёки, Путиннинг розилиги билан унга зўрлаб ўтказган. Гап Березовский Россиядан кетганидан кейин активларнинг мажбурий сотилиши ҳақида борган. Суд Абрамович Путин билан «яхши алоқалар»ни йўлга қўйгани, улар эса унга Ельцин кетганидан кейин ҳам (Ельцин давридаги бошқа олигархлардан фарқли ўлароқ) гуллаб-яшнаш имконини берганини алоҳида таъкидлади.
«Тор йўлак»12 — The Narrow Corridor: States, Societies, and the Fate of Liberty китоби 2019 йилда чоп этилган. Унда Ажемўғли ва Жеймс Робинсон мамлакатлар демократлашиши ёки, аксинча, авторитаризмга оғиб кетиши сабабларини тадқиқ қилади. «Тор йўлак» — бу деспотия (истибдод) ва анархия (ҳокимиятсизлик) ўртасидаги кичик бўшлиқ бўлиб, унга демократик мамлакатлар катта қийинчиликлар билан ҳамда давлат ва фуқаролик жамиятининг доимий қарама-қаршилиги натижасида тушади.
Евромайдон13. 2013 йил ноябрида Украинада давомли оммавий норозилик акцияси бошланди. Норозиликлар ўша вақтдаги президент Виктор Янукович томонидан Украина Евроиттифоқ билан уюшишга тайёрланишни тўхтатиши ҳақида эълон қилинишига жавоб бўлди. Намойишлар уч ой давом этиб, 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлгач, Янукович Россияга қочиб кетди.
Голодомор14 — Украина ССР ҳудудида 1932—1933 йиллардаги оммавий очарчилик. Унинг оқибатида бир неча миллион киши қурбон бўлди. Унинг асосий сабаблари коллективлаштириш ва қурғоқчилик натижасидаги ҳосилсизлик бўлди. 1985 йилда АҚШ конгресси қошида Украинадаги очарчилик бўйича комиссия тузилди. 1988 йилда комиссия тақдим этган ҳисоботда Голодомор украин халқига нисбатан геноцид деб аталди.
Масалан?15 Масалан, Украинанинг энг бой одамларидан бири, Украина иккинчи президенти Леонид Кучманинг куёви Виктор Пинчук 1990 йиллар бошиданоқ Россияга қувур етказиб бериш билан шуғулланган.
Виктор Янукович даврида Украинадаги репрессиялар16. Янукович даврида унинг сиёсий рақиблари, шу жумладан, Украина собиқ бош вазири, сиёсатчи Юлия Тимошенко ва унинг маслакдошлари, алоҳида журналистлар ва ёзувчилар таъқибга учраган. Энг шов-шувлиларидан бири «… президент учун Донбасс аҳолисига раҳмат» ёзуви туширилган футболкалар учун таъқиб қилиш билан боғлиқ воқеа бўлган — бу футбол мухлислари баралла бақириб айтадиган шиор эди. ProstoPrint компанияси иборанинг биринчи қисмини футболкаларга босиб чиқариб, уларни Киев марказида тарқатиб чиққан — унинг офиси хавфсизлик кучлари томонидан ағдар-тўнтар қилинган, унинг хўжайини Денис Олейников эса ўлдириб кетиш хавфлари ҳақида гапириб берди ва мамлакатни тарк этди.
Александр Литвиненконинг ўлдирилиши17. 2006 йилда Лондонда полоний-210 радиоактив моддаси билан заҳарланиш оқибатида ФХХ собиқ ходими Александр Литвиненко вафот этганди. У эски танишлари — Андрей Луговий (ҳозир Давлат думаси депутати) ва тадбиркор Дмитрий Ковтун билан учрашганидан кейин мазаси қочган. 1998 йилда Литвиненко унга ва ҳамкасбларига бир нечта нуфузли одамларни, шу жумладан, бизнесмен Борис Березовскийни ўлдириш ва ўғирлаб кетиш буюрилганини оммага очиқча эълон қилганди, шундан кейин Литвиненкога нисбатан бир нечта жиноят ишлари қўзғатилган ва у Россиядан кетиб қолган. Борис Березовскийнинг ўзи Англияда 2013 йилда вафот этган.
Борис Немцовнинг ўлдирилиши18. Борис Немцов 2015 йил 28 февралга ўтар кечаси Москва марказида ўлдирилган. 2017 йилда қотиллик учун беш нафар чеченистонлик судланган. Улардан ҳеч бири судда айбига иқрор бўлгани йўқ. Жиноят буюртмачиси ва ташкилотчиси сифатида тергов чеченистонлик хавфсизлик кучлари ходими Руслан Геремеевнинг ҳайдовчиси Руслан Мухудиновни тан олган. Ҳозир Геремеев Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмоқда, деганди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Геремеевни госпиталга бориб кўриб келганидан кейин — Қодировнинг сўзларига кўра, у Мариуполда яраланган.
Ростан ҳам шундайми?19 Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, Россия Ялпи ички маҳсулоти 1,8 триллион долларга, Буюк Британияники — 3,4 триллион долларга, Германияники эса 4,3 триллион долларга тенг.
Суриядаги ҳарбий операция20. 2015 йил сентябрида Россия Сурияда ҳарбий операция бошлаб, мамлакат ҳукуматини фуқаролар урушида ва террорчилик гуруҳлари билан курашда қўллаб-қувватлади. Операцияларнинг фаол босқичи 2017 йил охиригача давом этди — 2017 йил 11 декабрда Владимир Путин Суриядаги Хмеймим ҳарбий базасига келиб, Россия қўшинлари олиб чиқиб кетилишини ва жанговар ҳаракатлар тўхтатилишини эълон қилди. Amnesty International ташкилоти Россияни Суриядаги операциялар чоғида ҳарбий жиноятларга қўл урганликда айблади, Россия бунга алоқадорлигини рад этмоқда.
Бу нима дегани?21 Украина осмонидаги ҳарбий ҳудуднинг НАТО кучлари томонидан ёпилиши Россия ҳаводан қиладиган ҳужумлардан ҳимояланиш учун альянснинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучларидан фойдаланишни билдиради. Украина ҳукумати НАТОдан учиш тақиқланган ҳудуд жорий қилишни бир неча марта сўраган.
«Шимолий оқим — 2»22. 22 февраль куни, Россия томонидан Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикаси тан олингач, ГФР канцлери Олаф Шольц қуриб бўлинган қувурни сертификатлаш жараёнини тўхтатиб қўйишни буюрди. У сертификатлашдан ўтмасдан туриб ишга туширила олмайди.
«Шимолий оқим»23 — бу Болтиқ денгизи тубига ётқизилган газ қувури бўлиб, у орқали Германия Россиядан газ олади. Газ қувури йилига тахминан 60 миллиард кубометр газ ўтказади, Германияга газ импортининг бутун ҳажми — 142 миллиард кубометрга тенг.
Углеродли бетарафлик24. АҚШ ва Евроиттифоқ 2050 йилга келиб, углеродли бетарафликка эришмоқчи, Евроиттифоқ 2030 йилга келибоқ, иссиқхона газлари ажралмаларини 55 фоизга қисқартириши керак (1990 йилдаги кўрсаткичга нисбатан).
Декарбонизация25 — қазиб олинувчи ёнилғилар истеъмолидан воз кечиш ва углеродли бетарафликка эришишни назарда тутади — бунда углерод ажралмалари табиатда сингиб кетиш орқали ва махсус қурилмалар ёрдамида тўлиқ компенсация қилинади.
Нима учун?26 Кўплаб муқобил энергия манбалари — масалан, қуёш ва шамол — беқарор бўлиб, шу сабабли улар ишлаб чиқарган энергияни талаб кўп бўлиб, ишлаб чиқариш кам бўладиган ҳолатлар учун тўплаб қўйиш муҳимдир. Бунинг учун махсус батареялар ишлатилиши мумкин, аммо ҳозирча уларни ишлаб чиқариш ва ўрнатиш ўта қимматга тушади.
Бу нима дегани?27 14 апрель куни Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев агар Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлса, Россия ушбу мамлакатлар билан чегараларга ядро қуроли жойлаштиришини маълум қилди, ахир «расман рўйхатдан ўтган душманлар» кўпаяди.
Европадаги «крепостной ҳуқуқи»28. Деҳқонларнинг ерга бириктирилиб, унинг хўжайинига бепул ишлаб бериш мажбуриятининг юкланиши барча Европа давлатларига хос эди. Ғарбий Европада феодал тобе аҳоли вилланлар деб аталган. Англияда улар расман қул бўлмаган ва баъзи ҳуқуқларга эга бўлган. Францияда вилланлар билан бир қаторда сервлар ҳам бўлиб, улар ўз ҳуқуқлари ҳажми бўйича Россиядаги крепостнойларга қиёсланади. Ажемўғли ва Робинсоннинг талқинига кўра, Ғарбий Европада крепостнойликнинг турли шаклларига XIV асрдаги ўлат эпидемияси нуқта қўйган, ўшанда даромадларнинг ялпи тушиб кетиши умумий либерилизацияга туртки берган эди.
Из эффекти29 — институционал назарияда мамлакатнинг ўз тарихий ривожланиши траекториясига боғлиқлигини билдиради.
Жанубий Африкадаги апартеид30. 1948 йилда Жанубий Африкада қора танли аҳоли ҳуқуқларини қатъий чеклашни кўзда тутувчи апартеид (ирқий айирмачилик) режими ўрнатилди. 1990 йиллар бошида элиталарнинг бир қисми, сегрегация (ирқий дискриминация шаклларидан бири) сиёсати учун янги Ғарб санкцияларидан хавфсираб, ўзгаришлар қилишга чақира бошлади. 27 йиллик ҳибсдан кейин 1990 йилда Нельсон Мандела, сўнг эса яна юзлаб диссидентлар (муртадлар) озод этилди. 1994 йилда мамлакатда демократик президент сайловлари бўлиб ўтди, уларда Мандела ғолиб бўлди.
Изоҳ (0)