«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
Фаластин масаласи АҚШ ва Россия тўқнашувига сабаб бўладими?
The Haarez нашрининг ёзишича, ҳозирги ўта қалтис бир вазиятда расмий Москва АҚШ билан муносабатлари ёмонлашган Фаластин миллий ҳукуматининг қадамларини жиддий кузатиб бормоқда. Яқинда матбуотда Россия гўёки АҚШ ва Фаластин муносабатларининг илиқлашувида воситачи сифатида қатнашиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов журналистларга турли фантасмагор фикрларга ишонмаслик, Россия ҳукумати бу ҳақида ҳеч қандай ташаббус билан чиқмагани-ю, Исроил ва Фаластин муносабатларини тартибга солишда БМТ Хавфсизлик кенгашининг махсус резолюцияси борлигини рўкач қилди.
Аслида 22 май санасида яқин шарқдаги вазиятни тартибга солиш учун АҚШ, Россия, Европа Иттифоқи ва БМТ вакиллари ўртасида виртуал анжуман бўлиб ўтди, бироқ бу анжуманда президент Дональд Трамп томонидан илгари сурилган минтақадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида йиғин ўтказилиши ҳақида лом-мим дейилмаган.
Россия тарафи АҚШ илгари сураётган лойиҳага қарши бўлган ва Фаластин маъмурияти ҳам лойиҳага қарши чиққан ҳолда Исроил билан хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилишни тўхтатиб қўйишини эълон қилди. Шунингдек, Фаластин ҳукумати АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси билан ҳам ҳамкорлик қилишни тўхтатиб қўйди. Қизиқ жиҳат шундаки, Россия ташқи ишлар вазири вакили Мария Захарова ўз баёнотида Богданов 19 май санасида Трампнинг вакили Ави Берковиц билан телефонда мулоқот қилганини тасдиқлади, бироқ мулоқот чоғида Россия Исроил ва фаластинликлар ўртасида диалогни қайта тиклаш борасида фикр ташлангани ҳақида ҳам маълум қилди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 20 май санасида ҳамкасби Исроилнинг янги ташқи ишлар вазири Габи Ашкенази билан телефондаги мулоқоти чоғида Россия ҳукумати халқаро ҳуқуқ нормаларига таянган ҳолда Фаластин—Исроил муносабатларини тартибга солишда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида сўз очади.
Фаластинликларда эса минтақадаги вазиятга оид бошқа фикр ҳам мавжуд. Фаластинликлар Трамп куёви Жаред Кушнернинг лойиҳаси ортидан АҚШнинг Фаластин—Исроил муносабатларидаги ҳалол воситачи бўлишига ишончи йўқолган. Шу боисдан фаластинликлар учун минтақадаги вазиятни ижобий ҳал қилиш учун Москвада саммит ўтказилиши мақбул чора.
Россия эса Фаластин—Исроил муносабатларини тартибга солувчи квартетнинг аъзоси бўлса-да, кўп йиллардан бери Яқин Шарқдаги низоларни ҳал қилишда сусткашлик қилиб келади. Натижада Яқин Шарқ буткул АҚШнинг сиёсий фаолият майдонига айланиб улгурди. Март ойида юқори мартабали рус амалдорлари ХАМАС ташкилотининг раҳбари Исмоил Хония билан учрашди ва учрашувда фаластинликлар расмий Кремлдан Ғазо ҳудудини назорат қилаётган ХАМАС ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини бошқараётган Фаластин Миллий ҳукумати муросага келтириш борасида ёрдам кўрсатишни сўради. Бироқ Россия тарафи бу борада бирор-бир қадам қўйишга шошмаган бўлса-да, фаластинлик ва исроиллик маҳбуслар алмашинуви жараёнини тезлатиш кераклиги билан чекланди. Ҳозирча бу самара бермай келмоқда.
Исроилда миллий бирлик ҳукумати ҳокимият тепасига келиб, бош вазир Биньямин Нетаньяху Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини босиб олиш билан ўз сиёсий обрўсини ошириб олишни кўзлаб турган пайтда Москва олдида минтақадаги вазиятга аралашиш борасида янги имкон туғилди. Агар ҳозирга қадар Исроил ҳукуматидагилар бир овоздан Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини босиб олиш ҳақида маъқуллаб турганда Россия ҳукуматида Ашкенази ва унинг «Кохол Лаван» партиясидаги ҳамкасби Бенни Ганц тимсолида вазиятга аралашуви учун муқобил йўл топилди.
Ашкенази ва Ганц Трампнинг минтақадаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаб, масалани бир ёқлама ҳал қилиш шундоқ ҳам Исроил—Фаластин муносабатларини янада мураккаблашиб кетишига, шунингдек, Исроил ва Иордания ҳамда бошқа араб мамлакатлари билан муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келади, деган фикрда. Россия ҳукумати эса Исроил ҳукуматини бир томонлама сиёсат юргизишдан тийилишга чақирди ва муносабатларни халқаро ҳуқуқ нормаларига таянган ҳолда тартибга солиш кераклигини таъкидлади.
Европа Иттифоқидан фарқли равишда расмий Кремль Исроил ҳукуматини мамлакатга қарши санкциялар билан қўрқитмади, аммо Фаластин борасида Исроил ҳукуматининг босиб олиш сиёсати Москва ва Тель-Авив ўртасида кескин муносабатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Исроил ҳукуматининг Сурияда жанговар амалиётларни олиб Москвага боғлиқ экани инобатга олинадиган бўлса, Исроил ҳукумати қандай танлов олдида қолганини тушуниш мумкин. Исроил ҳукуматидагиларнинг назарида Россия Суриядаги ҳарбий амалиётларни Фаластиндаги урушга боғламоқчи эмас, чунки Исроилнинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари Кремлнинг манфаатларига ва Сурияда Эрон таъсирини заифлаштиришга ҳамда президент Башар Асаднинг режими хавфсизлигини таъминлашни кафолатлашига мос.
Россия Яқин Шарқ минтақасида бир томонлама ҳаракатлардан ўзини тийиб, сўнгги пайтларда коалиция бўлиб ҳаракат қилишини инобатга олсак, Исроил ҳукуматининг сиёсий тахминлари тўғридек. Ливиядаги ҳарбий амалиётларда Россия Миср ва БАА билан Суриядаги ҳарбий амалиётларда Туркия ва Эрон билан биргаликда ҳаракат қиляпти. Икки ҳудуддаги амалиётларда руслар АҚШнинг йўқлигидан унумли фойдаланмоқда ва ҳаттоки Вашингтоннинг ҳамкорлари бўлган араб давлатлари билан ҳам келишишни қойилмақом уддалаяпти.
Москванинг Яқин Шарқдаги таъсири сезилиб бораётганини яқинда Миср ҳукуматига 20 дона СУ-35 қирувчи учоқларини етказиб бериш борасидаги шартномани имзолагани, нефть урушларига қарамасдан Саудия Арабистонининг сармоявий ҳамкори экани каби фактлар ҳам мавжуд.
АҚШнинг Яқин Шарқдаги йўқлиги руслар учун имкониятлар эшиги. Фаластин ҳам айни шу сабабли янги, сиёсий таъсирга эга бўлган шерик излашни истаб қолган. Руслар эса Исроил ва Фаластин муносабатларини ижобий ҳал бўлишидан кўра, таъсир кучига эга бўлишда кўпроқ манфаатдор.
Агарда Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини босиб олишни мўлжаллаган кучлар ўз ғояларини дастаклар экан, уларнинг бу қадами Россия ва Европанинг бир тарафдан, АҚШ—Исроилнинг иккинчи тарафдан низолашувига сабаб бўлиши мумкин. Исроил эса ҳеч ҳам буни истамайди.
Гонгконг ва Хитой: пишангларни тортиш Гонгконг учун қандай якунланади?
Расмий Пекин Гонгконг ҳукуматининг ҳуқуқларини чеклашга қаратилган янги қонун лойиҳасини қабул қилиши «осмон ости» империясининг кучли демократик ўзгаришларга мойил бўлган Гонгконгдаги норозилик уюштиришга доимо тайёр мухолифатчиларни танобини тортиб қўйиш учун имкон яратди, деб ёзади The New York Times нашри.
Мазкур қонун қабул қилиниши ортидан Хитой ҳукумати Гонгконгдаги ҳар қандай норозилик намойишини, айирмачиликни, Хитой ҳукуматининг барқарорлигига қарши қаратилган тажовуз деб топади ва кескин чоралар кўрилиши эса Гонгконгнинг келажакдаги тақдирини белгилаб беради. Бу эса Хитой ҳукумати бўшаб қолган гайкаларни Гонгконг мисолида маҳкамлаб қўйиш билан бутун дунёга ўзига хос ишора юбориш.
Хитой хавфсизлик хизмати ходимлари Гонгконгда бамайлихотир юриш имконига эга бўлади, айирмачиликда айбланган гонгконглик судсиз расмий Пекин ихтиёрига топширилади, шундай экан, Хитой Гонгконгда бемалол қадам ташлай бошлайди.
Гонгконг ҳукумати раҳбари Керри Лем шу ҳафтада Хитойдаги қонунга изоҳ берар экан, «гонгконгликларда эркин фикр билдириш анча илдиз отгани, чунки улар ўзларини эркин жамиятда яшаяпмиз деб билишларида, ҳуқуқ ва эркинликлар эса мутлақ эмас», дея изоҳ берди. Расмий Пекиннинг Гонгконг борасидаги қарори туфайли яна ҳурлик тарафдорлари Гонгконг кўчаларини норозилик намойиши билан тўлдириб юборди.
Трамп маъмурияти эса Хитойнинг қарори сабаб Гонгконг билан савдо-сотиқ муносабатларини батамом ёки қисман тўхтатиб туришга мажбур экани билан изоҳлади. АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг назарида Гонгконг сезиларли мухторликка эга бўлиши унинг АҚШ наздида савдо борасида махсус имтиёзга эга бўлишини англатади.
Бундан бир неча йил аввал хитойликлар Макао ва Гонгконгда ҳам тартибсизликларга сабаб бўлган, янги қонун Янги Зеландия фуқароларига бош прокурор ордерисиз уйларда тинтув ўтказиш имконини беради. Натижада бу гонгконгликлар янада кўп оммавий равишда кўчаларда норозилик намойишлари ўтказиши учун сабаб бўлади.
Охирги 11 йил давомида собиқ Португалия колонияси бўлган Макаода бундай қонун деярли қўлланилмай келди. Маҳаллий ҳукумат вақти-вақти билан юз берадиган намойишларни бостиришда халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилди, бироқ Макао ҳукумати Гонгконгдаги вазиятдан фарқли равишда бутун дунё ҳамдардлигига сабабчи бўладиган демократик ҳаракатларга дуч келмади.
Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қонун ҳозирча Гонгконг аҳолисини ҳимоя қилиб келаётган бўлса-да, Пекин тайёрлаб қўйган қонунда анча заиф нуқталар мавжуд ва бу инсон ҳуқуқлари борасидаги қонунни четлаб ўтиш имконини беради.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, агар шахс Гонгконг манфаатлари учун айирмачилик, қўпорувчилик, хорижликлар билан Гонгконг манфаатлари йўлида ҳаракат қиладиган бўлса, улар қонуний жавобгарликка тортилишдан қўрқмаса ҳам бўлади. Янги қонунда эса бундай бандларнинг йўқлиги хавотирга асос.
Пекин тайёрлаган қонун 2003 йилда қабул қилинган қонун назарда тутган бандларни чеклайди ва намойишларни террорчи хуружи сифатида баҳолайди. Эски ва янги қонун ўртасидаги тафовутлар Гонгконг мустақиллигини чеклашга қаратилар экан, Хитой ҳукумати яқин келажакда Гонгконг учун янада оғирроқ бўлган қонун лойиҳасини тақдим қилиши мумкинлигидан дарак.
Пандемия сабабли Хитой ҳукуматини айбдор қилишга уринаётган АҚШ ҳукумати «осмон ости» салтанати билан иқтисодий ва сиёсий масалаларда янада кўпроқ тортишишлар майдонини яратади.
АҚШ таҳдидлари Хитойга ҳеч нарса қилолмайдими?
Пекиннинг Гонгконг хавфсизлиги борасида тайёрлаган қарори ортидан Трамп маъмурияти Хитойга қарши иқтисодий жазолар киритиши билан таҳдид қилди, аммо Гонгконг Хитойга қарашли экани ва Вашингтоннинг ҳар қандай чораси бу навбатдаги қоғоз ахлат уюми бўлишдан бошқа нарсага ярамайди, деб ёзади The Global Times нашри.
Сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп ўз баёнотида ҳафта охиригача Хитойга қарши қаратилган жазо чораларини эълон қилишини айтди. АҚШ матбуотида киритиладиган жазо чоралари сирасига хитойлик давлат хизматчиларининг, компанияларининг АҚШдаги активлари музлатиб қўйилиши, хитойлик давлат амалдорларига визалар берилишини тақиқлаш каби чоралар мавжудлиги ҳақида ёзилмоқда. Журналистлар Оқ уй матбуот котибидан Вашингтон Гонгконгни алоҳида божхона ҳудуди мақомидан маҳрум қиладими деб сўрашганда, матбуот котиби бу ҳақида ҳеч нарса айта олмаслигини билдирди.
Хитой Гонгконг хавфсизлиги борасидаги қонунни қабул қилиш учун тайёр турар экан, бу Хитой ҳукуматининг АҚШ тарафидан бўладиган босимларга ҳам тайёр эканидан далолат. Хитойликлар назарида эса жисмоний шахсларга қарши қаратилган жазо чоралари бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Шунга қарамасдан, Гонгконг учун миллий хавфсизлик ҳақидаги қонун тарафдорлар йиғишда давом этмоқда.
Шунингдек, хитойликлар АҚШ Хитойни бўғишга уринаётганини, икки мамлакат ўртасидаги рақобат узоқ давом этиши, АҚШ агрессияси арафасида Хитой раҳбарияти хотиржамликни сақлаб қолиши муҳим эканини билади. Хитой ўз ҳарбий қудратини кучайтириб, ядро қуролига эга бўлган экан, АҚШ Хитой билан ҳарбий низога йўл қўйишни истамайди. Мамлакат учун энг мақбул йўл бу Хитой билан алоқаларни узиш. Хитой эса импулсив ҳаракатларни четга суриб, ўз алоқаларини АҚШ билан узмайди, аксинча, Хитой бозорларини ташқи дунё учун даромадли эканини кучайтиришда давом этади.
АҚШнинг энг асосий устун жиҳати бу ҳозирча юқори технологиялар бўлиб турибди. Хитой эса буни яхши англайди ва юқори технологиялар соҳасида ортда қолишга чек қўйиш учун интилиши лозим. Бир неча ўн йил аввал Хитой атом бомбасини ярата олди, баллистик ракеталарни ишлаб чиқди, Ернинг сунъий йўлдошини учирди ва қудратли давлатлар қаторига қўшилди.
АҚШнинг яна бир қудрати унинг молиявий гегемонлигида. Агар АҚШ молиявий қудратидан фойдаланишга журъат этадиган бўлса, бу ҳолда у ўзи бошқараётган молиявий тизимга ҳам путур етказади. Башарти молиявий уруш назоратдан чиқиб кетадиган бўлса, бундан АҚШнинг ўзи ҳам зарар кўради. АҚШ иқтисодиёти қисқаришларни бошидан кечирар экан, мамлакат молия секторига қарамлик юзага келади. Демак, молиявий уруш АҚШ учун ўзини яксон қилиш билан баробар.
Хитой эса кўп миллионли аҳолига, ривожланиб бораётган улкан бозорларга эга экан бундай имкониятли мамлакатни ажратиб қўйиш мушкул ва бемаъниликдир. Гонгконг учун АҚШ—Хитой можароси давом этар экан, Гонгконг Хитой суверенитети ҳимоясида бўлади. АҚШ қандай қарталар билан ўйнамасин, Вашингтоннинг ҳар қандай қонуни бюрократ канцелярия ахлати бўлиб қолаверади.
Хитой ва АҚШ рақобати узоқ давом этадиган жараёнлиги ҳисобга олинса, Хитой учун ҳозирги вақтда энг тўғри йўл мамлакат ичидаги захираларни тўлдириб олиш ва ташқи ҳужумларга керагича қарши туришдир.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)