Хитойни қоралаш АҚШга “хакерлик империяси” ёрлиғидан қутулишга ёрдам бермайди. Бу ҳақда ХХР Мудофаа вазирлиги расмий вакили Чжан Сяоган маълум қилди.

“АҚШ бошқаларни ўзи илгари қилган ёки ҳозир қилаётган ишларида айблаяпти. Қўшма Штатлар Хитойга қарши киберҳужумларнинг асосий манбаи ва кибермакон учун барчага маълум таҳдид ҳисобланади”, деди Чжан Сяоган.
Унинг таъкидлашича, АҚШ кибермаконда ўз хоҳишига кўра ҳаракат қилиб, кузатув олиб бориш, махфий маълумотларни ўғирлаш ва ҳужумлар уюштириш учун барча воситалардан фойдаланган. Улар ўзларининг ёвуз қилмишлари билан танилган.
“Хитойни қоралаш АҚШга “хакерлик империяси” ёрлиғидан қутулишга ёрдам бермайди. Биз АҚШдан ўғрилик қилиб, сўнг “ўғрини ушланг” деб бақиришни тўхтатишни, шунингдек, бутун дунё мамлакатларига, жумладан Хитойга қарши киберҳужумларни тўхтатишни талаб қиламиз”, дея қўшимча қилди у.
The Wall Street Journal АҚШ ҳукумати 2025 йилда Хитойдан ишлаб чиқарилган ТP-Link роутерларидан фойдаланишни тақиқлаш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. Уларнинг сўзларига кўра, роутерлар Хитой киберҳужумларига алоқадор бўлиши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, ТP-Link АҚШда хусусий фойдаланиш ва кичик бизнес учун мўлжалланган маршрутизаторлар бозорининг тахминан 65 фоизини эгаллайди. Ушбу маршрутизаторлар Мудофаа вазирлиги ва бошқа федерал ҳукумат агентликлари учун интернет алоқаларини таъминлайди. Савдо, мудофаа ва адлия вазирликлари Хитой компаниясини текширишни бошлади.
Изоҳ (0)