УЕФА Мадриднинг “Реал” клуби уч нафар футболчисини 2025 йил 13 март куни бўлиб ўтган Европа Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичи жавоб ўйинида юзага келган воқеа сабабли жазолади. Бу ҳақда АС нашри хабар бермоқда.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат УЕФА томонидан қайта кўриб чиқилиб, ҳужумчи Килиан Мбаппе 30 минг евро, ҳимоячи Антонио Рюдигер 40 минг евро, ярим ҳимоячи Дани Себальос эса 20 минг евро миқдорида жаримага тортилган. Ушбу футболчилар рақиб жамоа мухлисларини провокация қилишда айбланмоқда.
Шунингдек, УЕФА уларни бир ўйинлик шартли дисквалификация билан жазолаган. Агар бу каби ҳолат яна такрорланса, футболчилар автоматик тарзда бир ўйинни ўтказиб юборади.
“Реал Мадрид” клуби раҳбариятининг таъкидлашича, футболчиларнинг ҳаракати мухлислар томонидан стадионга турли буюмлар улоқтирилганига жавобан содир бўлган. Бироқ УЕФА бу борадаги апелляцияни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, УЕФА Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичининг икки учрашуви натижаларига кўра умумий 1:1 ҳисоби қайд этилган. Якунда ўтказилган пенальтилар сериясида “Реал Мадрид” ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олган.
Изоҳ (0)