ХХ асрда содир берган урушларда томонлар ғалаба учун ҳар қандай воситалардан фойдаланган. Кимдир қирувчи самолётдан туриб душманлар устига бомба ташлаган бўлса, иккинчи томон оддий шишага қуйилган ёнилғини ёқиб, ёвга улоқтирган. Ўз даврида бу қуролга “Молотов коктейли” деб ном берилган. Хўш, нега қўлбола қуролга ўз даврида СССРда Сталиндан сўнг иккинчи қудратли шахс бўлган Молотов номи берилганди?

Инсоният турли ёнилғилар кашф этилганидан буён ундан қурол сифатида фойдаланиб келади. Масалан, қадимги дунёда мисрликлар, греклар, вавилонликлар ва бошқалар ўзаро урушларда нефтдан қурол сифатида фойдалангани ҳақида тарихий манбаларда ёзилган.
Нефтьни саноат усулида қайта ишлаш ХIX асрда такомиллашган ва ундан кўплаб маҳсулотлар олина бошланган. Шундан сўнг урушлар пайтида нефтдан олинадиган тез ёнувчан ёнилғидан қўлбола қуроллар тайёрлаш оммалашади.
Бундай қуроллар Иккинчи жаҳон уруши даврида жуда оммалашади ва бунда шишага бензин ёки керосин қуйилиб, ундан душман техникаларини ишдан чиқаришда фойдаланилади. Бу қуролга тарихда “Молотов коктейли” номи берилган. Хўш, Молотов ким бўлган ва қўлбола қуролга унинг нима алоқаси бор?
Қўлбола қурол тарихи
Душман техникаларини ишдан чиқарувчи қўлбола қуролга “Молотов коктейли” деб ном берилиши тарихи Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтга тўғри келади. Бироқ бу қуролнинг тарихи Испания қироллигига қарши ҳаракат бошлаган Куба инқилобчиларига бориб тақалади. 1895 йилда улар испанлар горнизонига ҳужум қилишда ёнилғи қуйилган шишалардан фойдаланишади.
Кейинчалик, 1915 йилда Биринчи жаҳон уруши кетаётганида генерал Петр Кондзеровский Россия армияси ҳарбий техника бошқармаси бошлиғига ёнилғи қуйилган шиша идишлардан душман авиациясига қарши фойдаланишни сўраб хат юборади. Ўша йили Россия армиясига 3000 шиша “қурол” етказиб берилади.
Ўшанда ёнилғи тўлдирилган шишаларни ҳавода учиб кетаётган самолётларга улоқтириб етказишнинг имкони йўқлиги учун бу қурол унча оммалашмайди.
1939 йил 1 сентябрда Германия Польшага ҳужум бошлайди ва шу тариқа Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Ўша йили 17 сентябрда Польшага шарқдан совет армияси ҳам бостириб киради. Кўп ўтмай Польша давлати йиқитилади ва унинг ҳудуди Германия ва СССР томонидан бўлиб олинади.

1939 йил 30 ноябрь куни совет армияси энди қўшни Финляндияга бостириб киради. Қиш фаслидаги совуқ, қалин ўрмонлар ва оғир шароитда совет қўшинлари олға интила олмайди. Бунинг устига маҳаллий шароитга яхши мослашган фин партизанлари совет армиясига жиддий талафотлар кўрсатишади.
Шунда советлар уруш бошланганига 100 кун бўлганда финлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Гарчи ўшанда СССР Финляндиянинг бир қисм ҳудудини босиб олган ва ўзида сақлаб қолган бўлса-да кўплаб тарихчилар советлар финлар билан урушда мағлубиятга учраганини таъкидлашган.
Ўшанда финларнинг ғалабасига “Молотов коктейли” деб ном олган қўлбола қурол ҳам катта ҳисса қўшганди. Финлар шу қурол ёрдамида советларнинг жуда кўплаб танклари ва бошқа техникаларини ишдан чиқаришганди.
Қизиғи шундаки, финлар бу қуролни ясашни советлардан ўрганганди ва қуролга айнан “Молотов коктейли” улар ном берганди. Хўш, Молотов ким бўлганди?
Сталиндан кейин иккинчи “шахс”
Асл исм-шарифи Вячеслав Скрябин бўлган бу шахс октябрь тўнтаришидан кейин ўз раҳнамолари Ленин ва Сталин каби жарангдор фамилияга ўтишга қарор қилади ва ўзига Молотов фамилиясини танлайди. (Лениннинг ҳақиқий фамилияси Улянов, Сталинники эса Жугашивили бўлган)

Молотов узоқ йиллар СССРда турли раҳбар лавозимларда ишлайди ва Сталин вафотидан сўнг вазифасидан четлатилиб, имтиёзлардан маҳрум қилинади. У Лаврентий Берия НКВД тепасига яхшилаб ўрнашиб олганча СССРда Сталиндан кейин иккинчи қудратли шахс ҳисобланган.
1939 йил апрель ойи охирларида немислар советларга ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзолашни таклиф этишади. Бироқ кўп ўтмай музокаралар боши берк кўчага кириб қолади. Бунга сабаб ўша пайтда СССР ташқи ишлар вазири ҳақиқий исм-шарифи Меер-Генох Моисеевич Валлах бўлган Максим Литвинов эди. Немислар миллати яҳудий бўлган амалдор билан музокара ўтказишни хоҳламайди.
1939 йил 3 май куни Сталин Молотовни СССР Ташқи ишлар халқ комиссари этиб тайинлашга мажбур бўлади. Шундан сўнг немислар билан музокараларда Молотов қатнашади ва 1939 йил августда СССР ҳамда Германия ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги шартномани айнан у имзолайди. (“Молотов-Риббентроп пакти” деб номланган мазкур келишувнинг махфий тутилган қисмида ҳар икки давлат Шарқий Европани қандай тарзда тақсимлашни келишиб олган эди)
Қўлбола қуролга Молотов номи берилишинг ўз тарихи бор. 1939 йил 30 ноябрда совет армияси Финляндияга бостириб киради. Қуруқликда ҳаракатланаётган қўшинлардан ташқари совет ҳарбий авиацияси пойтахт Хелсинки ва мамлакатдаги яна бир қатор шаҳарларни бомбардимон қила бошлайди. Оқибатда аҳоли турар жойлари ва маъмурий бинолар вайрон бўлади.
Совет армиясининг бу ғайриинсоний хатти-ҳаракати жаҳон ҳамжамияти томонидан кескин танқид қилинади. Ана шунда СССР ташқи ишлар халқ комиссари вазифасини бажараётган Вячеслав Молотов баёнот бериб, Хелсинкига бомбалар эмас, нон солинган қоплар ташланганини маълум қилади.

Ўшанда Молотов бекорга ёлғондан “Хелсинкига нон солинган қопларни ташладик” демаганди. СССР ҳарбий ҳаво кучлари ноодатий, қолипли нон кўринишида ясалган бомбалардан фойдаланади. Бу бомбаларнинг узунлиги 2,25 метр, диаметри 0,9 метр ўлчамда эди.
Советлар бомбанинг ичига портловчи модда эмас, балки ичига ёнилғи тўлдирилган 60 та темир идиш жойлашган эди. Улар шу йўл билан Хелсинкида ёғочдан қурилган биноларни ёқиб юбориб, шаҳарни олов ичида қолдиришни мақсад қилишганди.
Финлар кўринишидан буханка нонга ўхшаб кетадиган бу бомбага “Молотов буханкаси” деб, унинг ичига жойлаштирилган ёнилғи тўла идишларга эса “Молотов коктейли” деб ном беришади.
Шундан сўнг финлар совет бомбачаларига ўхшаш қурол тайёрлай бошлашади. Фақат вақтдан ютиш учун ёнилғи ни темир идишларга эмас, шиша идишларга қуя бошлашади.
Ўшанда ҳаёт-мамот жанги кетар экан, Финляндиядаги алкоголь ичимликлари ишлаб чиқарувчи заводларидан бири ўз фаолиятини тўхтатади ва шиша идишларга ёнилғи қуйиб қўлбола қурол тайёрлай бошлайди. Шу тариқа “Молотов коктейли” финларнинг оммабоп қуролига айланади ва ундан фин партизанлари актив фойдалана бошлайди.

Совет-фин урушида “Молотов коктейли”нинг аҳамияти
1939 йил 30 ноябрь куни совет армияси Финляндияга ҳужум бошлар экан, бу давлатни қисқа вақт ичида босиб олиш ҳақидаги СССРнинг режаси тез орада барбод бўлади.
Қалин ўрмонлар билан қопланган, ҳамма ёқ кўллар, дарёлар ва ботқоқликлардан иборат бўлган Финляндияда жанг қилиш осон эмасди.
Ана шундай вазиятда маҳаллий шароитни яхши билган Финляндия армияси ҳамда фин партизанлари кутилмаган жойдан пайдо бўлар ва совет армиясини саросимага соларди.
Ҳужум пайтида финлар совет танклари ҳамда бронотехникаларига қарши асосан “Молотов коктейли”дан фойдаланади ва улар ёрдамида ҳарбий техникаларни ишдан чиқарарди.
Маълумотларга кўра, совет армияси совет-фин урушида айнан “Молотов коктейли” билан қилинган ҳужум туфайли қарийб 2 мингта танкдан айрилган. Уларнинг қарийб 500 таси батамом ёниб кетган бўлса, қолгани яроқсиз ҳолга келган.
Уруш бошланган дастлабки ҳафтада финлар “Молотов коктейли”дан 40 минг шиша ишлаб чиқариб фронтга жўнатишади. Маълумотларга кўра, 100 кун давом этган совет-фин урушида финлар жами ярим миллион шиша “Молотов коктейли” ишлаб чиқариб, душманга қарши ишлатишган.
Умуман олганда “Молотов коктейли” совет-фин урушида финларга жуда қўл келган ва советларга қарши урушда ғалабага тенг сулҳ тузилишида катта рол ўйнаган.

“Молотов коктейли” фашистларга қарши жангларда
Немис-фашист қўшинлари СССРга бостириб кирганда совет армияси ва партизанлари ҳам “Молотов коктейли”дан актив фойдаланган.
Уруш бошланганидан икки ҳафта ўтиб, 1941 йил 7 июлда СССР давлат мудофаа қўмитаси томонидан “Танкка қарши ёнувчи гранаталар (бутилкалар) тўғрисида” қарор қабул қилинади.
Қарорда, озиқ-овқат саноати халқ комиссарлигига 1941 йил 10 июлдан бошлаб аниқ ресепт бўйича шиша идишларда тез ёнувчан суюқликлар аралашмаси солиниб тайёрланадиган қурол ишлаб чиқариш вазифаси қўйилади.
Шундан сўнг 0,5, 0,75 ва 1 литрлик шиша идишларда “Молотов коктейли”ни саноат усулида тайёрлаш бошланади. Коктейл таркиби бошида бензол, солвент (нефть ёки кўмирдан олинадиган енгил углеводород)дан ташкил топган эди.
Ўша пайтда Одессадаги заводлардан бирида тайёрланган қўлбола қуролга “Молотов коктейли”нинг шишасига “Ўртоқ! Ушбу шиша Одессада тайёрланган. Душманнинг танкини ёқиб, ўзини шаҳримизга киришига йўл қўйма” деб ёзилган эди.
СССР қуролланиш халқ комиссари ўринбосари Владимир Новиков кейинчалик ўз эсдаликларида “Молотов коктейли” аввалига оддий ёнилғи лар солиб тайёрланган бўлса, кейинчалик шишага қуйиладиган моддалар таркиби ўзгариб боравергани ва душманга улоқтириб ёндирилганда самаралироқ натижа кўрсатганини ёзган эди.
Унинг ёзишича уруш охирида шишага олтингугурт углероди ва оқ фосфор керосинга аралаштириб қўйила бошланган. Шиша идишдаги бундай суюқлик ёнганда 800-1000 градус иссиқлик чиққан ва душманга қарши жангларда самаралироқ бўлган.

“Молотов коктейли”га қуйиладиган суюқлик мукаммаллашиб боргани сайин унинг ўт олиш, куйдириш даражаси ошиб бораверади.
Ўша пайтда Германия бронотехникаси ва танк бўлимлари дунёда энг кучли эди. Ана шундай кучли танк бўлинмалари ҳам “Молотов коктейли” олдида чорасиз қолади.
Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг ғалабасига сабаб бўлган омиллар кўп. Айнан кенг миқёсда “Молотов коктейли”нинг ишлатилиши ва унинг ёрдамида немис танклари ва бошқа ҳарбий техникаларининг ишдан чиқарилиши ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшган.
“Молотов коктейли” кейинги урушларда
Гарчи Иккинчи жаҳон урушидан кейин кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли замонавий қуроллар ихтиро қилинган бўлса-да “Молотов коктейли”нинг аҳамияти пасаймади.
Жумладан, 1950-1953 йилда Корея ярим оролида бўлиб ўтган фуқаролар урушида, ундан кейин Ҳиндихитой яриморолидаги урушларда, Вьетнам урушида уришаётган томонлар ва уларнинг партизанлари “Молотов коктейли”дан актив фойдаланишди.
Бундан ташқари, 1979 йилда бошланган ва 10 йил давом этган Афғон урушида совет армиясига қарши жанг қилган афғонлар “Молотов коктейли”дан кенг фойдаланган.
Молотовнинг кейинги тақдири
1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Шундан сўнг СССР раҳбарлиги учун бир нечта гуруҳ ўртасида рақобат кечади. Унда Никита Хрушчёв ғалаба қозонади ва мамлакат раҳбарига айланади. “Тахт” учун кечган рақобатда Молотов Хрушчёв тарафида бўлади. Бироқ у кўп масалаларда Хрушчёв билан ҳамфикр эмасди.
1956 йилда Гуржистон пойтахти Тбилисида халқ намойишга чиқади. Улар “Йўқолсин Хрушчёв, раҳбарлик Молотовга” деб шиорлар кўтариб олганди. Бундан “илҳомланган” Молотов аста-секин атрофига Хрушчёвга қарши инсонларни тўплай бошлайди.
Жумладан, Сталиннинг “эски ҳамтовоқлари” Лазер Каганович, Георгий Маленков, Климент Ворошилов кабилар уни қўллашади. 1957 йилда Молотов КПСС марказий қўмитаси президиумини чақиради ва Хрушчёвни кескин танқид қилади. Сўнг ундан раҳбарликни топширишни талаб қилади.
Бироқ ўша пайтда мамлакатда раҳбарлик Сталиннинг дўстларига” ўтишига қарши бўлган инсонлар жуда кўп эди. Қолаверса, Мудофаа вазири афсонавий маршал Жуков ҳам Хрушчёв тарафида эди. Шу сабабли “Антихрушчёвчилар” мағлубиятга учрашади.

Шундан сўнг Хрушчёв ўзига қарши бўлганларни бирин-кетин Москвадан узоқлаштира бошлайди. Шу жумладан Молотовни ҳам аввалига Мўғулистонга элчи қилиб жўнатади. Сўнг у СССРнинг халқаро атом энергетикаси ташкилотидаги вакилига айланади.
1961 йилда Молотов Венадан Москвага чақириб олинади. Сўнг вазифасидан озод қилинади ва партиядан ҳайдалади. Молотов нафақага чиққач узоқ яшайди ва 1986 йилда СССРни Горбачёв бошқараётган кезда 94 ёшида вафот этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)