Тошкент ва Фарғонада университетлар кафедра ўқитувчилари пора билан ушланганди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов муносабат билдириб, бу мутлақо кечирилмас ва кескин қораловга лойиқ ҳаракат эканлигини айтди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кафедра ўқитувчиси фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 000 доллар, Фарғона давлат университети кафедра ўқитувчиси эса 3 800 доллар олган вақтида қўлга тушганди.
“Мазкур ҳолатлар мутлақо кечирилмас ва кескин қораловга лойиқ ҳаракатлар бўлиб, бундай ноқонуний уринишлар бутун олий таълим тизимига доғ туширади”, деди вазир.
Унинг таъкидлашича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги коррупцияга қарши муросасиз кураш тарафдори бўлиб, таълим соҳасида бундай жирканч ҳолатларга мутлақо тоқат қилмайди. Айниқса, бундай ҳолатлар давлат раҳбари томонидан устувор йўналиш сифатида белгиланган ҳалоллик ва адолат тамойилларига зид бўлиб, жамиятда ишончсизликни юзага келтириш хавфини туғдиради.
“Ҳурматли ўқитувчилар ва соҳа вакиллари. Биз сизлардан билим ва тарбия бериш орқали жамиятга хизмат қилишни кутамиз, жиноят содир этишни эмас. Ҳар бир педагог бу муқаддас касб ортида юрт келажаги, инсон тақдири турганини чуқур ҳис қилиши керак”, дейилади вазир муносабатида.
У олий таълим тизимидаги ҳар бир раҳбар ва ходим коррупцияга қарши шахсий масъулият билан ёндашиши, бу борада фақат қонун доирасида фаолият юритиши шартлигини айтди. Абитуриентларга эса ҳеч кимнинг пора эвазига олийгоҳга киритишга ҳаққи йўқлигини қатъий билдирди.
“Сиз фақат ўз билимингиз орқали адолатли танлов асосида талаба бўлишингиз мумкин”, деди Қўнғиротбой Шарипов.
Унинг қайд этишича, ҳуқуқбузарликка қўл урган шахслар қонун олдида жавоб беради ва уларга муқаррар жазо қўлланади.
Ўзбекистонда 2025/26-ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари 14 июлдан бошланиб 23 июлгача давом этади. Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда профессионал таълим муассасаларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 25 июнь куни якунланганди. 2025/26-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 732 411 нафарни ташкил этди. Бу сўнгги 7 йилдаги энг кам кўрсаткич.
Изоҳ (0)