2025 йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати чорак финалида “Реал Мадрид” ва “Боруссия Дортмунд” жамоалари тўқнаш келишди. АҚШнинг Рутерфорд шаҳрида жойлашган “MetLife” стадионида бўлиб ўтган беллашувда мадридликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

“Реал Мадрид” ўйинни фаол бошлаб, 10-дақиқада ҳисобни очди. Арда Гюлернинг аниқ узатмасидан сўнг Гонсало Гарсия рақиб дарвозасини ишғол этди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Фран Гарсия испан клубининг ўйиндаги иккинчи голи муаллифига айланди — 2:0.
Иккинчи бўлимда “Боруссия” ҳужумга ўтди. Улар бир неча хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, кўп уринишлар самарасиз якунланди. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда голга бой саҳналар кузатилди. Хусусан, 90+3-дақиқада Максимилиан Байер ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Бироқ орадан бир дақиқа ўтмай, Килиан Мбаппе жавоб голини киритди — 3:1.
Учрашув якунида яна бир драматик лаҳза юз берди. 90+5-дақиқада Дин Хейсен ўз жарима майдончасида қоида бузиб, тўғридан-тўғри қизил карточка олди. Натижада “Боруссия” пенальти ишлади ва Сержу Гирасси 90+8-дақиқада 11 метрлик зарбани голга айлантирди — 3:2.
Шу тариқа “Реал Мадрид” ярим финалга йўл олди, “Боруссия Дортмунд” эса турнирни чорак финалда тарк этди.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати
1/8 финал босқичи
6 июль, якшанба
“Реал Мадрид” — “Боруссия Дортмунд” 3:2
Голлар: 1:0 — Гонсало Гарсия (10), 2:0 — Фермин Гарсия (20), 2:1 — Байер (90+3), 3:1 — Мбаппе (90+4), 3:2 — Гирасси (90+8, пен).
Изоҳ (0)